ADOLAT 24

АҚЛ-ИДРОК БИЛАН ИШ ЮРИТАЙЛИК

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон, Қорақалпоғис­тон халқ шоири, улуғ инсон Ибройим Юсупов ва бош­­қа кўпгина қорақалпоқ ижодкорлари билан қадрдон бўлганлигимдан жуда фахрланаман.

Ҳали собиқ шўро мафкурасининг кучли исканжасида юрган замонларда биз устоз шоир билан гоҳ Нукусда, Ақчакўл бўйларида, гоҳ Тошкентда, Дўрмон боғларида кўп марта учрашардик, адабиётимиз, халқимиз келажаги ҳақида ёруғ хаёлларга берилардик.

Суҳбатларимизда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳам иштирок этарди.

Шоирларнинг, ижод аҳлининг ўз Ватани, адабиёти, халқи ва унинг келажаги борасида кўп ёруғ орзулари бўлади. Бизлар суҳбатларимизда ҳали келажакда Ўзбекистон, албатта, мустақилликка эришади ва ўзининг бахтини топади, деб ишонардик.

Мен Ибройим оғанинг Зулфия опа, Шуҳрат ака, Асқад ака билан, айниқса, Миртемир домла билан қадр­дон эканлигини яхши билардим.

Ибройим Юсупов ҳақиқий дўстликнинг куйчиси, ўз юртини, ўз халқини ўзбек халқидан айро кўрмайдиган, Ўзбекистонни она Ватан деб билган, оғир-енгил кунларда ҳам бирга бўлишни орзу қилган буюк ижодкор эди.

Мен шахсан унинг таклифи ва ёрдами билан “Шаҳриёр” ва “Маспошшо” қорақалпоқ эпосларини ўзбек тилига ўгирдим. Ва улар халқимиз орасида машҳур бўлиб кетди. Мен Бердақ мукофоти билан тақдирландим.

Ибройим оғанинг халқларимиз дўстлиги, унинг келажаги ҳақидаги орзулари, тилаклари ҳали-ҳамон эсимда. У бир шеърини “Кўнгил – кўнгилдан сув ичар” деб номлаган эди. Ибройим Юсупов нафақат у, балки Тўлапберген Қайипбергенов, Кенесбой Каримов, Муратбой Низанов, Абулқосим Ўтепбергенов, Ўразбой Абдураҳмонов, Бахтиёр Генжамурод ва бошқа қорақалпоқ ёзувчи ва шоирларининг асарлари ўзбек адабиёти хазинасига қўшилгани ва уни бойитгани бутун оламга маълумдир.

Кутилмаганда Нукусда бўлган ноҳуш воқеалар мени ҳайратга солди, даставвал ишонмадим. Ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг азалий дўстлигига, қадр-қимматига шубҳа билан қарагувчилар кимлар экан, деган савол туғилди. Тўғри, одамлар бир хил эмас, ҳамманинг нияти хам тўғри эмас. Энди узр сўрайман, буз­ғунчи кишилар ҳам бўлади. Улар вазиятнинг нозиклигидан фойдаланиб, одамларнинг кўнглига ғулув солиш, улар тўғрисида нотўғри маълумотлар тарқатиш, йўлдан чалғитиш сингари ножўя ишлар билан шуғулланадилар. Биз бундай низо солгувчи одамларга асло ишонмаслигимиз керак.

Қорақалпоғистон ҳамиша давлатимиз раҳбари эъти­борида. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Орол денгизи масаласи ва бошқа экологик муаммолар, Қорақалпоғистон қишлоқларидаги ҳаёт тарзини янада яхшилаш ҳақидаги ғамхўрликларини эл-халқ кўриб турибди, бундан дунё ҳам бохабар. Биз бунинг қадрига етишимиз керак, албатта. 

Бир неча кун аввал Тошкентда Қорақалпоғистон адабиёти кунлари бўлиб ўтди. Мен бу байрамда иштирок этдим, чунки қорақалпоқлар менга жуда яқин. Уларнинг ичида дўстларим кўп. Уларни мен ҳамиша қадрлайман. Уларнинг ҳисобини санасам, анча саҳифани тўлдиради.

Мен қорақалпоқ дўстларимга, жонажон ва меҳнаткаш қорақалпоқ халқига мурожаат қилмоқчиман:

Дўстлар, айрим ғаразли кучлар конституциявий ислоҳотларимизга норозилик баҳонасида тажовузкорлик ва зўравонлик қилиб, жонажон Ватанимизда вазиятни беқорор қилишга уринаётган ҳозирги мураккаб паллада ақл-идрок билан иш юритайлик. Кейинги пушаймон – ўзингга душман, деганлар. Мен қорақалпоқ халқига худди ўзбек халқига ишонганимдай ишонаман. Олдимизда бизларни нурафшон кунлар кутиб турибди, азиз дўстлар!

Ҳозирги тарихий ўзгариш палласида юртимизда бундай нохуш воқеаларнинг юз бериши, албатта, бизларга ярашмайди.

Tegishli xabarlar

Мамлакатимиз ташқи сиёсати ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш вазифалари

admin

ТИЛ — МИЛЛАТ ҒУРУРИ

admin

“Жимжитлик”да мевали дарахтга тош отилдими?

admin