ADOLAT 24

Таҳририятдан: “НЕГА ХОТИНИНГГА КАЛИШ ОЛИБ БЕРМАДИНГ…” КИМ КИМНИ АЛДАЯПТИ? Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимж…

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров нуфузли мукофотга тавсия қилинган ёш номзодларнинг ижодий ишларини баҳолаш ҳайъатида иштирок этиш жараёнида ўзи дуч келган қинғирликлар, кўзбўямачиликлар, сохтагарчиликлар ҳақида куйиниб гапирганида, аслида кўпчилигимизнинг дилимиздаги оғриқли мулоҳазаларни тилга олгани рост. Зеро, кейинги беш-ўн йил ичида қайси катта-кичик танловга борманг, албатта, таниш чеҳраларга дуч келасиз. Бундай номзодлар у танловдан чиқиб, бунисига ошиқишини, йўл-йўлакай кейингисига ҳам чангал ташлаб қўйишини билиб турасиз. Умуман олганда, сўнгги пайтлари мана шундай совринпараст, дип­ломпараст, нишонпараст ёшларнинг ўзига хос қатлами пайдо бўлганлиги ҳам кўпчилигимизга аён-ку.

Аммо Олимжон Ўсаровнинг чиқишидан кейин бу борада энди жиддий ўзгаришлар юз беради, ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади деб бекорга хомтама бўлган эканмиз. Ҳалиям ҳаммаси бояги-бояги, бой отамнинг таёғи. Юқорида эътиборингизга ҳавола этилган “очиқ хат” эса бу фикримизнинг исботидай гўё. 

Хатни ўқигандирсиз. Нима эмиш, “Ёшлар эса қўлида муҳри бор, фалон-фалон номлар билан чоп этилган сертификатлар, гувоҳномалар, тўпламларга талпинаверади. Бу ҳолатда уларни муттаҳам эмас, жабрланувчига ўхшатаман”! Ёпирай, қилар ишни қилиб қўйган устомонларни энди “жабрланувчи”, аслида мусичадай беозор, бузоқнинг ҳақи бор деб сигир сутини ичмайдиганлардан булар, деймизми? Балки уларнинг олдида узр ҳам сўрашимиз керакдир ҳали… Нима, худо кўрсатмасин-у, бир ёш бировни пичоқлаб қўйса, “Бу асло айбдор эмас, ахир, нима қилсин бечора, дўкон тўла пичоқ бўлса…” деймизми… 

Ахир Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ўз чиқишида мукофот учун талашиб-тортишаётган ёшларга боғлиқ бўлган муаммолар айсбергининг сувдан юзага чиқиб турган қисмини айтиб ўтди, холос. Нима, бу “номзод”лар ўз-ўзидан, осмондан “тап” этиб тушгандай пайдо бўлиб қолибдими танловда? Кимлардир уларни тайёрлаган, кимлардир керакли қоғозлар билан таъминлаган, кимлардир… Балки “очиқ хат” муаллифи “Бундан кимлар фойда кўради? Албатта, халқимиз эмас, ўртадаги воситачиларнинг чўнтаги пулга тўлади”, дея иддао қилаётганида аслида кимларни назарда тутаётганлигини очиқроқ айтса яхши бўлармиди? Ахир номзодлардан бири ўз тавсияномасида ҳеч уялмасдан “Фалон йили “Олтин қалам” миллий мукофотини олганман”, деб ёзаркан, Агентлик мутасаддилари учун бу фактни текшириб кўриш унчалик қийинчилик туғдирмас…

Албатта, эътироф керак. Аммо бу муҳим жараён “отўйин”га айланиб кетмаслиги, ҳаммаси адолатли, шаффоф амалга оширилиши – ҳеч бўлмаса тилга олинган ҳолатда – айнан Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тўла-тўкис назоратга олиниши шарт эмасми? Акс ҳолда, ишонаверинг, бундай тақдирланиш­ларга мазахўрак ёшлар қатлами – ўзимизга таниш “Мен сендан камми?!” қабилида – ортса ортадики, асло камаймайди. Энг ёмони, бундай йўллар билан эътирофга эришган ёшлардан эрта-индин улуғвор ишларни кутиш қисир сигирдан эгиз бузоқ кутиш билан баробар бўлиб қолади.

Чунки бундай ёшларнинг бор-йўқ қўлидан келадиган иши – унвон-сертификатини кўз-кўзлаб имтиёз талаб қилишу, “кўтарилиш”га уриниш бўлиб қолади. Бундай ёшлар ўзларининг ҳаётларини ёлғон, алдов, майда манфаатларга қурбон қиладилар.

Шу ўринда беихтиёр Чеховнинг “Анна на шее” ҳикоясидаги давлат берадиган бир тунука нишон учун имонини ҳам сотишга тайёр манфур кимса ёдга тушади… 

Муаллиф “очиқ хат” ниҳоясида “Бу ҳолат қачонгача давом этади? Аслида масаланинг моҳияти шу нуқтада эмасмикан?” деган хулосага келади. Албатта, ҳамма кўриб-билиб турган воқеликни салкам “Эврика!” шаклида тақдим этиш муаллифга ҳавола. Аммо бизни ниҳоят бу муаммодан хабар топган, жумладан

“олий таълим тизимида қисқа муддатда мақола чиқартириш каби нотўғри талаблар борлигини” билган Ёшлар ишлари агентлиги қандай йўл тутаётгани қизиқтиради. (Бироқ бу борада муаллиф кўпам қайғурмаса бўларди, чунки баъзи танловларда тақдим этилаётган сертификатлар интернетдан сканер қилиб олинган бўлиб, исм-фамилиялар уқувсизлик билан бўлса ҳам ўзгартирилган, холос).

Агентлик ўз таклифи, лозим бўлса ҳақли талаби билан тегишли ташкилотларга чиқдими? Ёшларни сохтакорликка, алдовга даъват этаётган тизим ниҳоят барҳам топадими? Энди нишонпарастлар эмас, ҳақиқий истеъдодлар рағбатлантирилишига ишонсак бўладими?.. Афсуски, бу саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда…

Юқорида эътиборингизга ҳавола этилган “Очиқ хат” эса бизга машҳур латифани эслатди: ўғирлик устида қўлга тушиб қолган Афанди ўзини ушлаган одамга: “Нега хотинингга қалиш олиб бермадинг?” деб дўқ уришга тушган экан…  

Ҳа, мен не дейман-у, қўбизим не дейди… 

  Таҳририят

Tegishli xabarlar

АҚЛ-ИДРОК БИЛАН ИШ ЮРИТАЙЛИК

admin

Инсон қадри улуғланаётган юрт

admin

Туркий дунё Самарқанд бағрида бирлашди

admin