Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда дастлаб депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 473-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан асосий мақсад бугунги кунда бозор иқтисодиётини ривожлантириш, юртимизга инвестицияларни кенг жалб қилиш, аҳоли турмуш тарзини юксалтиришдан иборат.
Қонун лойиҳасида Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига берилаётган имтиёзлар депутатлар томонидан кенг муҳокама қилиниб, бир қатор таклифлар билдирилди. Мазкур имтиёзлар асосида Махсус иқтисодий зона иштирокчилари тасарруфида йилига ўртача 47,9 миллиард сўм иқтисод қилинган маблағлар ўз қўлида сақлаб қолинади. Тадбиркорларда мазкур маблағларни янги корхоналарни ташкил этиш, модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, мавжуд ишлаб чиқаришларни кенгайтиришга йўналтириш имкони яратилиши таъкидланди.

Шунингдек, қонун лойиҳасининг асосий мақсади Махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига киритилган инвестициялар ҳажмига қараб, мол-мулк солиғидан, ер солиғидан ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланган муддатга озод қилиш тарзида солиқ имтиёзлари берилиши кўзда тутилган.
Йиғилишда фракция томонидан “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Қонун ташаббускор вакиллари томонидан қонун лойиҳаси юзасидан тушунтириш берилиб, бунда электрон тижоратнинг ахборот тизимларига интеграциялашган электрон тижорат платформалари орқали товарлар ва хизматларни сотишда битим нархи кўрсатилган ҳолда сотиш тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилиши шартлиги кўрсатиляпти.

Шунингдек, маърузачи 2022 йил 1 январдан 2031 йил 1 январга қадар бўлган даврда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ижтимоий солиқ, ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкалари бўйича, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини мазкур солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган суммадан 1 фоиз миқдорида солиқ тўлашига алоҳида эътибор қаратди.
Қонун лойиҳаси бўйича депутатлар томонидан аниқлаштирувчи саволлар берилди. Қонун ташаббускорлари фракция аъзолари томонидан берилган саволларга жавоблар беришди. Бундан ташқари, ушбу қонуннинг ижроси ҳамда қонун моҳияти ва аҳамияти ҳақида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш тартиби бўйича тўлиқ маълумот берилди.

Йиғилиш кун тартибидаги навбатдаги қонун лойиҳаси “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш бўлди. Бу қонун лойиҳасида фуқароларнинг жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан уйлари бузилиши натижасида, агар уларга бузилган уйлари эвазига пул товони тўланмаган бўлса, давлат уй-жой фонди уйларидан олган турар жойлари, шунингдек, табиий офатлар оқибатида уйлари бузилиши муносабати билан олган квартиралари, бу квартиралар қачон ажратилганидан қатъи назар, уларга ёки уларнинг ворисларига текинга берилиши белгилаб қўйилмоқда.

Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Миршод ҚЎЛДОШЕВ,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ижтимоий тармоқлар билан ишлаш бўлими бошлиғи