ADOLAT 24

ИЛМЛИ ҒОФИЛ БЎЛМАС (2-мақола)

Обрўсини йўқотганнинг бошқа йўқотадигани қолмайди

Коррупцион жиноятларнинг оқибатлари йиллар ўтганидан кейин ўнглаб бўлмас вазиятларни келтириб чиқаради. Бугун ҳам коррупция таълим, қурилиш, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари, спорт, хуллас, барча соҳаларда учраб турибди. “Фалон пул” ёки “таниш-билиш” орқали тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирган талаба эртага ўзимизни ёки яқинларимизни даволашини кўз олдимизга келтирайлик. Ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиб олиб, машина бошқараётган шахс бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлишида ўша гувоҳномани пора эвазига тайёрлаб берган шахс ҳам айбдор эканини ўйламаймиз. Булар кичкина мисоллар. Энди катта-катта қурилишлар, муҳандислик ёки ишлаб чиқариш лойиҳаларига коррупция аралашган тақдирда келиб чиқиши мумкин бўлган фалокатларни тасаввур қилиб кўраверинг. 

Умуман, таълим масаласига эътиборсизлик, унинг фаолиятига ҳаром-харишни, фирибгарликни аралаштириш мудҳиш оқибатларни юзага келтиради. Буни мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти кўрсатди. Шу ўринда Жанубий Африка Республикаси Стелленбосс университети пештоқига ёзиб қўйилган қуйидаги иборани иқтибос сифатида келтиришни ўринли, деб топдик: “Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ масофали ракета шарт эмас. Бунинг учун таълим сифатини тушириб, имтиҳонларга алдов аралаштиришнинг ўзи кифоядир. Бу тарзда таълим олган шифокорлар қўлидан беморлар ўлим топади, қурувчилар қурган уй ва бинолар вайрон бўлади, иқтисодчи ва ҳисобчилар қўлида молиявий ресурслар совурилади, адолат ҳам шундай ҳуқуқшунос ва судьялар қўлида завол топади. Таълимнинг инқирози – бу миллат инқирозидир”. 

Ҳақиқатан ҳам, таълимдаги коррупция бош­­қа соҳаларда ҳам коррупция пайдо бўлишига замин яратади. Хавфлилиги шундаки, таълим тизими ҳар йили бошқарув ва халқ хўжалигининг турли соҳаларини “билим, кўникма ва малакага эга мутахассислар” билан тўлдиради. Педагог ходимлари коррупциялашган ташкилотда билим олган мутахассис коррупцион битимга киришишга тайёр ёш кадр бўлиб шаклланишини унутмаслик керак.

Афсуски, маълум йиллар давомида бошқа соҳалар каби таълим тизимида маиший коррупция баравж ривожланди. Бу ушбу иллатнинг одат тусига айланиб, оммавий тус олишига олиб келдики, эндиликда жамиятни коррупциядан тозалаш қийин кечмоқда. Такроран ҳосил бўлган коррупция аксилкоррупциявий иммунитетни заифлаштирди, яъни одамлар орасида коррупцияга нисбатан лоқайдлик, бефарқлик, муросасозлик, кузатувчанлик, томошабинлик каби жамиятни ичдан емурувчи вазиятга олиб келди. Бу эса коррупциявий жиноятларга шароит яратади. Шу боис жамиятнинг ҳар бир вакили коррупцияга қарши муросасиз ижтимоий муҳитни яратишда маънавий қувватларини бирлаштириши керак. 

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар давлат органларига кадрларни танлаш, тайёрлаш ва жой-жойига қўйиш билан боғлиқ камчиликлар, суиистеъмолчиликлар, шунингдек, ходимлардаги иродавий хислатларнинг шаклланмаганлиги, улар эътиқодидаги беқарорлик ҳамда кучли фуқаровий позициясининг йўқлиги билан ифодаланади. Бу эса, халқнинг оғирини енгил қила оладиган, уларни рози қилиш борасида тиниб-тинчимайдиган давлат органларида ҳалол, ватанпарвар кадрларни селекция қилишни тақозо этади. 

Коррупцияга қарши курашишнинг муҳим шарти — дунёқарашни ўзгартириш

Коррупцияга қарши курашишнинг муҳим шарти — илм орқали инсон дунёқарашини ўзгартиришдир. Аҳоли дунёқарашининг асосини иймон, эътиқод, виждон, ҳалоллик, эзгулик, яратувчанлик, меҳр-оқибат каби маънавий-ахлоқий фазилатлар ташкил этмас экан, коррупция енгилмайди. Бугун илмга асосланмаган соҳа бўлмаслиги керак. 

Абу Райҳон Беруний “Илмларнинг фойдаси очкўзлик билан олтин-кумуш тўп­лаш учун бўлмай, балки у орқали инсон зарур нарсаларга эга бўлишидир”, деган. Ҳар ким ўз насибасини ҳалол йўл билан топиб, истеъмол қилиши керак. Буюк мутафаккир Алишер Навоий “…сенинг насибанг­­ни яна биров емас, анинг ҳам насибин сен емак мумкин эмас”лигига ишора этади. Зеро, нафс йўлига кирган киши жамиятда ҳар қадамда оёғи тойувчи кишига айланади. 

Давлатимиз раҳбари томонидан Учинчи Ренессанс масаласи стратегик вазифа сифатида белгиланди: “Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий халқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз. Мен ишонаман – ҳурматли ота-оналар бу ташаббусни албатта қўллаб-қувватлаб, янги Ренессанснинг бешинчи халқаси, бешинчи устуни бўладилар. Ва бу маънавий-маърифий ҳаётимиздаги энг мус­таҳкам устун бўлади, десам, ўйлайманки, сизлар тўла қўллаб-қувватлайсизлар”.

Миллат етакчисининг юксак ишончини оқлаш учун мамлакатимиз аҳлининг маънавий қиёфаси, жамиятимиздаги обрў-эътиборини юксалтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда халқ манфаатларига хизмат қиладиган, миллий қадриятларга содиқ, умуминсоний қадриятларга таянадиган, ёт ва бузғунчи ғояларга муросасиз курашувчи, иймон-эътиқоди ва иродаси мус­таҳкам, маънавиятли ва фидойи, аждодларимиз ва мардлик кўрсатиб ҳалок бўлган ватандошларимизнинг бебаҳо меросига таяниб яшайдиган баркамол шахс сифатида тарбия­лаш, улар қалбида давлат ва халқимизнинг хавфсизлигини таъминлашда шахсий дахлдорлик ва юқори масъулият ҳиссини шакллантириш муқаддас бурчимиз эканлигини унутмайлик.

Адолат ва қонун устувор бўлса, жиноятга жазо муқаррар бўлади

Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни 2022 йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари адолат, қонун устуворлиги ислоҳотларимизнинг энг асосий шарти экани ҳақида аниқ йўналиш ва вазифаларни белгилаб берди. 

Қадимдан минтақамизда порахўрликка қарши кураш нафақат қонунлар ва муайян жазолар орқали, балки маънавий-ахлоқий чоралар кўриш, жамиятда порахўрлик ва коррупцияга қарши ўзига хос маънавий иммунитетни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинган. Аҳмад Яссавий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Ғаззолий, Абу Наср Форобий, Баҳоуддин Нақшбанд, Жалолиддин Румий, Абдураҳмон Жомий каби алломаларнинг нафс тарбияси, ахлоқ комиллиги ҳақидаги фикрлари асрлар мобайнида миллий шуур ва онгни шакллантиришда яқиндан ёрдам берган.

 “Темур тузуклари”да Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар давридаги мулкни, хусусан, давлат мулкини ўзлаштирганлик учун жавобгарликни белгилашда ўзига хос ёндашув таъкидлаб ўтилган. Ўша даврда амалдорлар ишини тартибга солиш мақсадида вақти-вақти билан сўроқ, текшириш, тафтиш, тергов ўтказиб турилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш оғир гуноҳ ҳисобланган ва қаттиқ жазоланган. Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ, неваралари Пирмуҳаммад ва Халил Султон ушбу меъёрларни бузганликлари учун халқ олдида жазога тортилганлиги қонун олдида барчанинг бараварлигидан далолатдир.

Ўзбекистонда сўнгги беш йил давомида коррупцияга қарши курашишнинг яхлит тизими яратилди. “Янги Ўзбекистон стратегия­­си” китобида ҳақли равишда таъкидланганидек: “Мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2020 йилда турли даражадаги мансабдорлар томонидан содир этилган жиноятлар учун 1723 шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Улар томонидан етказилган зарар 500 миллиард сўмни ташкил этган. 2021 йилнинг беш ойида эса 1696 нафар мансабдорга нисбатан жиноий иш очилган. Етказилган зарар 450 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, бу моддий зарарлар айбдорлардан ундириб олинади. Лекин, шу ўринда, бир нарсага эътибор қаратиш зарур. Ушбу рақамлар баъзи “дўстларимиз” таъкидлаётганидек, “коррупциянинг кўлами ортаётганлиги”ни кўрсатмайди, балки жамиятда коррупцияга қарши тоқатсизлик муҳити шаклланаётгани, мамлакатимизда унга қарши кескин курашнинг сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилаётганидан ҳам дарак беради”.

Коррупцияга қарши миллий қонунчилигимизни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси айрим нормаларини имплементация қилинмоқда. Бу борада Ўзбекистон Респуб­ликасининг Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш, коррупция­­га оид жиноятлар учун белгиланган жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кучайтириш, даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш ҳамда коррупцияга оид жиноят содир этган шахсларга нисбатан жиноий жазони ўташда енгиллаштирувчи нормаларни қўллашга чеклов белгилаш ишлари ниҳоясига етмоқда.

Зеро, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси коррупциядан холи мамлакат барпо этишни назарда тутади. Ушбу мақсад бугун бутун жамиятимизни жипслаштирувчи омилга айланмоқда. Коррупция балосини жамиятимиз ҳаётидан йўқ қилишга қаратилган сиёсат қатъий давом эттирилади.

Шариф ҚОБИЛОВ, 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ 

Академияси профессори, полковник

Tegishli xabarlar

Адолатга оддийгина бир сўз сифатида эмас, виждон масъулияти сифатида ёндошиш керак

admin

Таганликлар депутат Мақсуд Қурбонбоевдан миннатдор 

admin

“Кўҳна қитъа” коррупциядан холими?..

admin