ADOLAT 24

Камчиликлар бартараф этилади

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган «Яшил макон» умуммиллий дастури доирасида ҳудудларимиз янги қиёфага кирмоқда. 

Аммо «Яшил макон» умуммиллий дастурида бу йил баҳор фаслининг ўзида 125 миллион туп кўчат экиш режа қилинган бўлишига қарамасдан, айрим ҳудудларда масъул шахсларнинг беэътибориги сабаб ишлар номигагина амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бош­­чилигида ушбу камчилик­ларни қисқа муддатда бартараф этиш юзасидан видео­селектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда жойларда ҳақиқатда экилмаган жами 5 миллион туп кўчатлар ҳисоботда қўшиб ёзилгани, мутасаддиларга апрель ойи­­да барча камчиликларни тўлиқ бартараф этиш вазифаси юклатилди.

Бунинг учун апрель ойи якунига қадар вилоят ҳокимларига тегишли идоралар билан бирга, туманлардаги йирик маҳаллаларга 20-30 минг, ўрта маҳаллаларга 10-15 минг, кичикларига 3-5 минг терак қаламчалари, шаҳарларнинг ҳар бир маҳалласига 3-5 минг терак қаламчалари экилишини таъминлаши ҳам­да автомобиль йўллари бўйида камида 5 миллион туп терак кўчатлари ва қаламчалари экишни ташкил қилиш вазифаси юклатилди.

Ушбу ишларни амалга оширишда эса кўчатларнинг инсон саломатлигига бўлган аллергик таъсирини йўқотиш, мевали дарахтларни манзарали ҳолатда парвариш қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Инновацион ривожланиш ва Қишлоқ хўжалиги вазирликларига теракнинг аллергия чақирмайдиган навларини экиш бўйича ҳудудларга илмий асосланган тавсиялар бериш, Тошкент шаҳри тажрибаси асосида 5 ёшдан кам бўлмаган мевали ва манзарали дарахт­ларни тартибли, бир текисда ўстириш кераклиги таъкидланди.

Албатта, рақамларда келтириб ўтилган кўчатларнинг эзгу мақсад йўлида экилиши кишини қувонтиради. Галдаги вазифа ушбу кўчатларни нобуд қилмасдан парваришлаш масаласидир. Айниқса, бугунги иқлим ўзгариши ва сув танқислиги кузатилаётган замонда кўчатлар парваришига алоҳида эътибор билан ёндашиш талаб этилади.

Шу боисдан йиғилишда «Яшил макон» дастури доирасида 2022 йилнинг ўзида 700 километрдан зиёд янги суғориш тизими қуриб битказилиши, 260 та қудуқлар ўрнатилиши маълум қилинди.

Шунингдек, йиғилишда инсон қадрини улуғлаш ва халқ розилигини олишда муҳим бўлган ички йўллар ҳолатини яхшилаш, давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, февраль ва март ойларида ўтказилган «Ташаббусли бюджет» портали орқали аҳолидан тушган 20 мингта ёки жами таклифларнинг 25 фоизи ҳам айнан ички йўлларни яхшилаш билан боғлиқлиги таъкидланиб, ғолиб деб топилган 2 215 та лойиҳага қўшимча, ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 139 та лойи­ҳани амалга ошириш учун қўшимча равишда рес­публика бюджетидан 85,4 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Шунингдек, аҳолига давлат хизматларидан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида 1 июлдан бошлаб, 38 турдаги давлат хизматлари учун электрон имзо билан тасдиқлаш талаби бекор қилиниб, мобиль телефон орқали амалга оширилиши маълум қилинди.

Йиғилишда ҳар йили ёшларимизнинг олий таълим муассасасига ўқишга ҳужжат топшириш жараёнида кўтариладиган тўлов масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари олийгоҳларга киришда тест синовларида иштирок этиш тўловларидан озод этилиши маълум қилинди.

Умуман олганда, йиғилишда белгилаб берилган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, аввало, аҳолига янада кўпроқ қулайлик яратиш имконини, шу билан бирга, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси яхшиланиб, мамлакатимизда яшил ҳудудлар кенгайишини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Tegishli xabarlar

Худонинг олдида гувоҳлик бераман!…

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛГАНИНИНГ 32 ЙИЛЛИГИ ВА ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

admin

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги НУТҚИ

admin