ADOLAT 24

Жазо чоралари кучайтирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Фракция аъзолари дастлаб “Ўзбекистон Респуб­ликасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишди. 

Таъкидланганидек, бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимизга кенг жорий этилмоқда. Айрим шахслар бундан унумли ва тўғри фойдаланиш ўрнига, ғаразли ёки бошқа паст ниятларда ўзгалар мулкини талон-торож қилиш мақсадида электрон тўлов воситасидан ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланиб, фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқларни қўлга киритиш, шунингдек, ушбу тизимлар орқали яширин равишда кириб, ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ ўғрилик жиноятлари содир этиб келмоқда.

Банк пластик карточкалари ва банк ҳисоб рақамларидан пул маблағларининг ўғрилик йўли билан талон-торож қилинаётганлиги фуқаролар ва банк муассасаларининг эътирозларига сабаб бўлмоқда. 2020 йилда шу мазмунда ички ишлар органларига 965 та, 2021 йилда 1601 та мурожаат келиб тушган. Бугунги кунда банк пластик карточкаларидан пул маблағлари ўғрилик йўли билан талон-торож қилиниши ҳолатлари Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан квалификация қилиб келинади. Бу эса, ўз навбатида, айбдор шахсларга нисбатан етарли жазо чораларининг қўлланмаётганлигига, уларнинг ахлоқан тузалиш йўлига ўтмаётганлигига ва такроран жиноий фаолият билан шуғулланишига сабаб бўлмоқда.

Шу сабабли, бу каби қилмишлар учун Жиноят кодексининг 168 ва 169-моддаларини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида жавобгарликни белгиловчи норма билан тўлдириш таклиф этилган.

Лойиҳада ахборот технологияларидан ёки электрон тўлов воситаси ёхуд масофавий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик жинояти учун жавобгарликни Жиноят кодекси 168-моддасининг учинчи қисмига оғирлаштирувчи ҳолат сифатида киритиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, ахборот тизимига рухсатсиз кириб ёки электрон тўлов воситаси ёхуд масофавий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланиб содир этилган ўғрилик жинояти учун жавобгарликни Жиноят кодекси 169-моддасининг учинчи қисмига оғирлаштирувчи ҳолат сифатида киритиш назарда тутилган.

Йиғилишда депутатлар бундай ҳаракатларни амалга оширувчи шахс­ларни аниқлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш қийинлиги ва юқорида таъкидланганидек, жиноятлар такроран содир этилиши кўрсаткичларининг юқорилиги ушбу қонун лойиҳасини қабул қилишга эҳтиёж борлигини кўрсатиб турганлигини алоҳида таъкидлашди. Бундай жиноятларнинг камайиши ва такроран содир этилишининг олдини олишда ушбу қонун лойиҳаси муҳим аҳамият касб этади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, фирибгарлик билан шуғулланган шахсларга нисбатан ўз вақтида таъсир чораси кўришга, жиноятлар так­роран содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Tegishli xabarlar

Яна обуна ҳақида

admin

Қадринг баланд бўлсин, ОНА ТИЛИМ!

admin

КЎЗГУ ҚАРШИСИДАГИ ҲАЁСИЗ «АЁЛ» ВА ҒУРУРСИЗ «ЭРКАК»

admin