ADOLAT 24

Давр ташаббускорликни талаб қилмоқда

Бугун замон шиддат билан ривожланмоқда, ҳар соҳада тараққий этиш, ҳар соҳада ўсиш кузатилмоқда. Бу ўз-ўзидан барчани фаол ва замон билан ҳамнафас бўлишга ундайди, шу жумладан, сиёсий партия фаолларини ҳам. Депутатларимиз фаолиятидан халқ рози бўлиши лозимлиги, эндиликда улардан фаоллашув ва дадиллик талаб қилинаётгани ҳеч биримизга сир эмас.

Партиямиз дастурий ғоялари, электорат манфаатларидан келиб чиқиб, бош­қарув идоралари олдига долзарб масалаларни қўйиш, юзага келган муаммоларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш дои­мий комиссиялари ва сессия­лари кун тартибига киритиш ва ижобий ҳал этиш маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар ва депутатлик гуруҳларининг фаоллигига кўп жиҳатдан боғлиқ.

“Адолат” социал-демократик партиясидан халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашига сайланган депутатлар ҳам бугунги кун талабига мос равишда нафақат ўз-ўзи­ни бошқаришни, балки фуқароларга давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг жойларда амалга оширилишини таъминлашда ҳам фаоллик кўрсатишмоқда.

Хусусан, партиянинг вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Шопўлат Шайдуллаев ташаббуси билан ўтган йил мобайнида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссияларига 14 та, вилоят кенгаши сессиясига 1 та масала киритилди. Бундан ташқари, бугунги кунда вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳи томонидан 4 та масала нав­батдаги сессиялар муҳокамасида кўриб чиқиш учун тақдим этилган. Ушбу масалалар юзасидан доимий комиссия ва сессия­нинг тегишли қарорлари қабул қилиниб, ижроси юзасидан депутатлик назорати ўрнатилди.

Қолаверса партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида депутатлар томонидан фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди.

Хусусан, мулоқотлар давомида депутатлик гуруҳи аъзоси Абдурашид Артиқовга Шўрчи туманидаги “Хайробод” маҳалла фуқаролар йиғини “Янги­обод” кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли томонидан ички кўчалар носоз эканлиги, қишда лойгарчилик, ёзда чанг-тўзон аҳоли учун қийинчиликлар туғдираётгани юзасидан мурожаат қилинган эди. Депутат ушбу муаммони ўрганиб чиқиб, тегиш­ли ташкилот мутасаддиларига депутатлик сўрови юборди. Депутатлик сўровига Шўрчи туман ҳокимлигидан ижобий жавоб қайтарилиб, мазкур кўчанинг 200 метрига тош ётқизилди ва айни пайтда асфальт қилиш ишлари олиб бориляпти.

Шунингдек, депутатимизга Шўрчи туманидаги “Бўстон” МФЙда фаолият кўрсатаётган 8-мактабгача таълим ташкилоти ходимларининг боғчани газ билан таъминлаш тўғрисида мурожаати келиб тушган эди. Депутатимиз ушбу муаммони ҳам атрофлича ўрганиб чиқиб, “Ҳудудгаз” ташкилотига депутатлик сўрови юборди. Мазкур депутатлик сўровига ҳам ижобий жавоб қайтарилиб, айни кунда боғчага газ қувурлари олиб келиниб, монтаж ишлари бошлаб юборилди.

Худди шунингдек, мазкур тумандаги “Кўклам” МФЙда жойлашган “Акмал Икромов” кўчасидан 5 та МФЙга ўтиладиган шоҳкўчанинг 700 метр қисми ҳамда “Кўк­лам” МФЙдан “Шалдироқ” МФЙгача бўлган 5 километрлик кўчалар таъмирталаб бўлиб қолганлиги тўғрисида фуқаролардан мурожаатлар бўлган эди. Депутат мазкур масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, вилоят Автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси раҳбариятига депутатлик сўров юборди. Айни пайтда муаммо ўрганилиб, мазкур йўллар таъмирланяпти ва асфальт ётқизиш ишлари олиб бориляпти.

Депутат Рустам Раҳмоновнинг иш­лари ҳам таҳсинга сазовор. Депутатимиз ташаббуси билан Узун туманидаги “Жончекка” МФЙда бир қатор ишлар амалга оширилди. Депутатга мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан маҳалла ҳудудидаги қаб­ристонни ободонлаштириш масаласида амалий ёрдам сўраб мурожаат бўлган эди. У масалани ўрганиб чиқиб, туман ҳокимлигига депутатлик сўрови юборди. Туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда маҳалла қабристони атрофида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. 

Депутатлик гуруҳига тумандаги кам таъминланган ҳамда ногиронлиги бўлган фуқаролар томонидан ногиронлик аравачасини олиш ва моддий ёрдам ажратиш юзасидан мурожаатлар келиб тушган эди. Мазкур масалаларга эътибор қаратган ҳолда туманлардаги ногиронлиги бўлган ҳамда кам таъминланган 23 нафар фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида депутатларнинг ҳудудларда ўтказилган сайёр қабуллари жараёнида халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан вилоятдаги ижтимоий ёрдамга муҳтож 46 оила ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди, 50 нафар кам таъминланган фуқароларга турмуш шароитини яхшилаш ва соғлиқларини тиклаш учун моддий ёрдам кўрсатилди.

Бугунги кунда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш долзарб вазифадир. Бу борада жорий йилнинг ўтган даври мобайнида депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан партия­нинг “Бир ойда – бир иш ўрни” лойиҳ­аси доирасида 15 нафар яқин ишсиз ёшлар давлат ва хўжалик соҳаларининг турли йўналишларига ишга жойлаштирилди.

Дарҳақиқат, халқнинг ишончли вакили бўлишнинг ҳам ўзига хос масъулияти ва мажбурияти бор. Уларни виждонан бажарган депутатларгина халқ эъзозига ва ҳурматига сазовор бўлишади. Бу эса сиё­сий партия илгари сураётган ғояларга кенг жамоатчиликда хайрихоҳликни ошириш ва ҳаётга татбиқ этиш кўп жиҳатдан партиянинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари зиммасига катта масъулият юклайди ҳамда ўз фаолиятларининг самарадорлиги ортишида катта хизмат қилади. 

– Одамлар билан яқиндан мулоқотда бўлмасдан туриб, фақат қоғозларда қайд этилган маълумотлар билан жойларда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларга, мавжуд муаммоларга, кенг жамоатчилик ўй-фикрларига, энг муҳими, аҳоли кайфиятига баҳо бериб бўлмайди, – дейди депутат Ш.Шайдуллаев. – Жойлардаги муаммоларни ўша ҳудуддан сайланган депутатлар бошқаларга қараганда яхшироқ билади. Одамлар ишончини қадрлаган, халқ вакили бўлиш нималигини ҳис қилган депутатлар ҳар доим ҳаракатда, изланишда бўлади. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, партия вилоят кенгаши депутатлик гуруҳи бугунги янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, айрим соҳа ва тизимларда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этишда, электорат манфаатини ҳимоя қилишда зиммаларидаги масъулиятни тўла ҳис этган ҳолда фао­лият юритмоқда.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

Аёлларни зўравонликдан ҳимоялаш йўлида муҳим қадам

admin

Тарбия кийиниш маданиятидан бошланади

admin

Сўз — Қурултой иштирокчиларига

admin