ADOLAT 24

ҲУДУДЛАРДАН ХАБАРЛАР (Қорақалпоғистон респубикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари)

“Адолат”чилар “Адолат” боғчасида

“Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғис­тон Республикаси ва Мўйноқ туман кенгашлари фаоллари партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” лойи­ҳаси доирасида “Ҳоким ота” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 15-сонли “Адолат” мактабгача таълим ташкилотида меҳнат қилаётган партия электорати вакиллари ва тарбияланувчилар билан учрашди.

“Бола қувончи – олам қувончи” мавзусида ўтказилган тадбирда “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Н.Қайипбергенов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, болаларнинг соғлом ва баркамол авлод бўлиб воя­­га етиши учун шарт-шароит яратишга қаратилаётган эътибор, бу борада партия томонидан амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Таъкидланганидек, “Адолат” СДП таълим-тарбия соҳаси ходимларини ўз электорати вакиллари деб билади ва партиянинг дастурий вазифаларида ҳам болалар саломатлиги билан боғлиқ қатор вазифалар белгиланган. Ўтган йиллар мобайнида партия Сайлов­олди дас­тури асосида, мактабгача таълим ташкилотларида болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат, тиббиёт хоналарининг зарур дори-дармон ва асбоб-ускуналар билан таъминланганлик ҳолати депутатлик гуруҳлари томонидан ўрганилиб, маҳаллий Кенгашлар сессияларига масалалар киритиб келинмоқда.

Учрашувда тарбияланувчилар томонидан ижро этилган қўшиқ ва рақслар тадбирга файз киритди. Партиянинг Қорақалпоғистон Рес­публикаси кенгаши томонидан уларга ўйинчоқлар тўплами топширилди.

Тадбир давомида мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган “Долзарб 40 кунлик”ни қўллаб-қувватлаган ҳолда мактабгача таълим ташкилоти атрофига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Боғчанинг партияга аъзо бўлиш истагини билдирган ходимларига аъзолик билетлари топширилиб, бошланғич партия ташкилоти тузилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА

**

Муаммони эшитиш билан иш битмайди

Маҳалла муаммоларига эътиборсизлик қилиб бўлмайди. Бугун аксарият давлат ва нодавлат идоралар томонидан маҳаллага алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.

Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутати Ўткирбек Арзиқулов фаолиятида ҳам бундай ёндашув алоҳида ўрин эгаллайди. МФЙ фаоллари билан энг кичик муаммони ҳам биргаликда ҳал этишга одатланган халқ вакилидан сайловчилар шу сабаб хурсанд. Қайси кўчада ичимлик суви муаммо, ким ижтимоий кўмакка муҳтож, кимни ишга жойлаштириш зарур, кимнинг оиласи нотинч – ҳаммаси эътиборда. 

– Жамиятимизда ҳуқуқий маданият юксалиб бормоқда, – дейди Ўткирбек Арзиқулов. – Бугун сайловчилар ўз ҳуқуқларини яхши билади. Депутат ҳам шунга қараб фаол бўлиши керак. Жойларда учрашувлар ўтказиш ва муаммони эшитиш билан иш битмайди. Унинг ечимини топиш лозим. Шунда сайловчиларнинг ишончи янада ортади. Йилнинг ўтган даврида ўндан ортиқ депутатлик сўрови билан чиқдим. Улар бевосита ҳудудлардаги муаммолар билан боғлиқ.

Ўз сайлов ҳудудидаги “Бобосадин” МФЙ фуқаролари билан нав­батдаги учрашувда халқ ноиби олдига яна бир неча вазифа қўйилди. Кўча чироқларини ўрнатиш, ҳудуддаги фойдаланилмай турган бинода МФЙ гузарини ташкил этиш лозим. Фуқаролар айни шу масалаларда кўмак сўрадилар. Ўрганиш натижасида юқоридаги таклифлар ўринли экани аниқланди. Масъул ташкилотларга депутатлик сўрови билан чиқилди. Назоратни депутат ўз зиммасига олди.

Андижон вилоят кенгаши матбуот хизмати

**

Халқ хизматида

Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати О.Рафиева ҳамда халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати А.Собиров партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида шаҳардаги “Шодлик” МФЙда яшовчи фуқароларнинг хонадонларига бориб, муаммо ва таклифларини ўрганишди.

Учрашув чоғида “Шодлик” МФЙ “Навоий” шоҳкўчаси 27/1-хонадонида яшовчи фуқаро Латофат Икромова беморлиги, оила аъзо­ларининг барчаси ишсизлиги сабабли жарроҳлик амалиётига молия­вий жиҳатдан қийналаётганлигини маълум қилиб, амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Депутатлар фуқаронинг мурожаатига ижобий ечим топиш мақсадида тегишли ташкилотга депутатлик сўрови чиқардилар. 

Ўрганишлар жараёнида фуқаролар томонидан яна бир қатор муаммо ва таклифлар баён этилди. Жумладан, бандлик, ички йўлларни таъмирлаш масалаларидаги мурожаатлар ҳам депутатларнинг диққат-эътиборида бўлди, ушбу масалаларга ечим топиш мақсадида тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилди. 

Депутатлар куннинг иккинчи ярмида ҳудудда жойлашган ижтимоий объектларда бўлиб, МТТларнинг фаолияти, кадрлар салоҳияти ва мавжуд муаммолари юзасидан ўрганишлар олиб борди. Хусусан, депутатлар томонидан маҳалладаги 10-сонли мактабгача таълим ташкилоти ўрганилганда, ташкилот биносининг таъмирталаб аҳволда эканлиги маълум бўлди. Депутатлар МТТда аниқланган муаммога ижобий ечим топиш мақсадида тегиш­ли ташкилотга депутатлик сўрови юборди.  

Айтиш жоизки, бу каби учрашувлар ва фуқароларнинг муаммоларини ижобий ҳал этишдаги депутатларнинг саъй-ҳаракатлари инсонларнинг мушкулини енгиллаштиришда кўмакчи бўлмоқда. Зеро, юртимизда ҳар бир инсоннинг қадри улуғдир.  

Мухтасар ЗОҲИДОВА,

Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

**

Аждодларимиз ёди барҳаёт

Халқимизнинг ҳавас қилса арзигулик тарихи, мадания­ти, маънавий мероси, буюк аждодлари бор. Бу бойлик­ларимиз ичида энг бебаҳо гавҳарлардан бири, шубҳасиз, Буюк Амир Темур ҳазратларидир. Зеро, у киши нафақат улуғ саркарда, балки илм-маърифат ҳомийси ҳамдир. Биз бундан қанча фахрлансак, ибрат олсак арзийди. Шу боис Амир Темур шахсини янада мукаммал ва чуқурроқ билишимиз, унинг ҳаёт йўлини ёшларга намуна сифатида ўргатишимиз керак. 

Юртимизда ҳар йили Буюк Амир Темур таваллуд топган кун кенг нишонланади. Анъанага мувофиқ бу йил ҳам улуғ бобокалонимиз таваллуд айёмининг 686 йиллиги муносабати билан барча ҳудудларда учрашув ва тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Мазкур сана муносабати билан партиянинг Жиззах вилоят ҳамда Жиззах шаҳар кенгашлари ташаббуси билан Жиззах шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 16-сонли умумий ўрта таълим мактабининг спорт майдончасида ёшлар ўртасида спортнинг мини футбол тури бўйича “Адолат кубоги” ташкил этилди.

Мусобақани очиб берган партия вилоят кенгаши раиси Ориф Шукуров барчани буюк саркарда, соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун муносабати билан табриклаб, ёшларнинг баркамол авлод бўлиб воя­­га етишларида “Адолат” СДП томонидан амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди. 

Мазкур мусобақада 50 га яқин ёшлар 8 та жамоага бирлашиб, бир неча кун давомида ғолиблик учун ўзаро беллашишди. Мусобақа якунида ғолиб жамоаларга партиянинг “Адолат кубоги”, дип­лом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Жиззах вилоят кенгаши етакчи мутахассиси

**

Муаммога ечим топамиз

Яқинда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шайхали маҳалласи аҳолисининг кўп қаватли уйларидан чиқаётган чиқинди шаҳар ҳавосини ифлослантираётгани, шунингдек, атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётгани ёритилди. 

Ҳақиқатдан ҳам шундай. Фуқаролар муаммони бартараф этиш учун вилоятдаги кўпгина мутасадди идораларга мурожаат қилишган. Афсуски, аҳолининг талаби инобатга олинмасдан келинаяпти. Шу маҳалладан сайланган депутат сифатида масалани атроф­лича ўрганганман. Аҳоли эъти­розларини инобатга олиб, шу йил февраль ойида Қарши шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ғайрат Султонов номига депутатлик сўрови ҳам юборганман. Негадир мутасаддилар одамларни қийнаб келаётган юқоридаги муаммони тезроқ бартараф этишга панжа орасидан қараб келишаяпти.

Муаммони депутатлик гуруҳимиз иштирокида ўрганиб, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясига киритишни режалаштираяпмиз ва аҳолини жиддий ташвишга солиб келаётган масалани бартараф этиш чорасини кўрамиз.

Ҳаққул Эшимов, 

халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати

**

ЭЗГУ АМАЛЛАР КЎЛАМИ ОРТИБ БОРМОҚДА

Муқаддас Рамазон ойи кириб келиши билан инсонлар қалбида саховат муждалари янада куртак очади. Ўзгаларга яхшилик қилиш, уларни қувонтириш истаги кучаяди. Саҳарлик ва ифторлик дастурхонлари тўкинлиги учун, аввало, ноз-неъмат улашилади. Халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгаши депутати Аъзамжон Аҳмаджонов ҳам партиянинг “Саховат – беназир қадрият” лойиҳаси ҳамоҳанглигида шундай йўл тутмоқда.

Тадбир “Марғилон саховати” хайрия гуруҳи ҳамда партиянинг вилоят кенгаши билан биргаликда амалга оширилди. Тумандаги 50 та эҳтиёжманд оилаларга рўзғор учун керакли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Хонадон соҳиблари эътибордан мамнун бўлиб, дуо­­га қўл очдилар. Аҳамиятлиси, уларнинг орасида саховат ишларига ўз ҳиссасини қўшиш илинжида бўлган юртдошларимиз кўпчиликни ташкил этди. Ўзи кўмакка муҳтож бўлса-да, яна кимнингдир хонадони меҳмон қадами билан қувончга тўлишини исташди.

Депутат ўнлаб хонадонларда бўлиб, барчага саломатлик тилади ва хайрия тадбирлари давом этишини билдирди. 

Орадан бир неча кун ўтиб, депутат берган ваъдасига кўра, саховат тадбирлари давомийлигини таъминлади. 

Бу гал ҳам саховатпеша ва халқпарвар ватандошларимизнинг кўмаги билан 20 та эҳтиёж­манд оилаларга қувонч улашилди. Уларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

– Эътиборга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш ҳар биримиз учун фарз ҳисобланади, – дейди Аъзамжон Аҳмаджонов. – Энг муҳими, бу савобли юмуш қалбида эзгу нияти бўлган ҳамюртларимизни бир мақсад йўлида бирлаштирди.

Шунингдек, халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши депутати Отабек Холиқов лойиҳа доирасида “Саткак” МФЙда рўзадор кекса нуронийлар, ногиронлари бўлган ҳамда кам таъминланган оилаларга ифторлик учун озиқ-овқат маҳсулотларини улашди.

Халқ депутатлари Сўх туман Кенгаши депутати Субхонали Нишонов ҳам ташаббус­корлиги ва саховатпешалиги билан кўпчиликка ибрат бўлиб келмоқда. У “Ҳазрати Али”, “Сариканда”, “Сарибозорча” ва “Мулгон” МФЙларида яшовчи 30 та имконияти чекланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулоти тарқатиб, уларнинг ҳолидан хабар олди.

Бугунги кунда вилоятимизнинг барча ҳудудларида депутатлар ўзлари сайланган ҳудудлар кесимида эҳтиёжмандларни аниқлаб, уларни моддий қўллаб-қувватламоқда. Энг муҳими, халқимизга хос эзгу амалларнинг кўлами кундан-кунга ортиб бормоқда. 

Фарғона вилоят кенгаши 

матбуот хизмати 

Tegishli xabarlar

“Сиз ахир, осмонни оламан десангиз, мен нечун елкамни тутиб бермайин…” Зеро, илм-фан эртасини ёшлар яратади!

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ  МИРЗИЁЕВНИНГ ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИНИНГ ЎН ОЛТИНЧИ САММИТИДАГИ НУТҚИ

admin

Талабалар учун янги имкониятлар

admin