ADOLAT 24

ИЛМЛИ ҒОФИЛ БЎЛМАС

Бугунги глобаллашув жараёни жаҳоннинг барча минтақа ва давлатлари учун мураккаб кечаётир. Қатор давлатларда молиявий-иқтисодий инқироз ҳамон ўз кучини кўрсатаётган бўлса, бошқа бир жойда хунрезлик авж олиб, одамларнинг тинка-мадорини қуритмоқда. Вақти-вақти билан бўй кўрсатиб қоладиган турли табиий офатлар, хусусан, пандемия инқирози ҳам одамзот саб­рини синовдан ўтказиб турибди. Шулар ҳақида ўйларканмиз, жонажон диё­римизда ҳукмрон осойишталик учун шукроналар айтамиз. 

Албатта, шукрона айтишнинг ўзи билан кифояланиб бўлмайди. Тинчликни таъминлаш учун, қайси жабҳада меҳнат қилишимиздан қатъи назар, ҳаммамиздан фидойилик талаб этилади. Бу, ўз навбатида, барча давлат органлари, шу жумладан, таълим муассасалари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Зеро, Ватани тақдири, унинг бугуни ҳамда буюк келажаги учун масъулиятни чуқур ҳис этадиган, мустақил ва янгича фикрлайдиган, ватанпарвар, садоқатли кадрларни тайёрлаш масаласини ҳал қилмай туриб, майдонга чиқишнинг ўзи кулгили.

Шу маънода Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги давлат сиёсати Президентимиз таъкидлаганидек, узлуксиз таълим тизими принципига асосланиши, яъни, таълим боғчадан бошланиши ва бутун умр давом этиши лозим.

Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналиш айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган. Хусусан, мамлакатимиз бўйича 10 минг 130 та мактаб ислоҳ қилиниши белгилаб олинди. Айни пайтда 1 минг 695 та мактаб мукаммал таъмирга муҳтожлиги, ҳанузгача 179 та пахсадан қурилган мактабларнинг борлиги, 3 мингдан зиёд мактаб учун қўшимча ўқув бинолари зарурлиги, 2 мингдан ортиқ мактабда спорт зали йўқлигининг давлатимиз раҳбари томонидан очиқ-ойдин айтилишининг ўзи ҳам таълимга ғоят жиддий ёндашишга киришилганидан далолат, аслида. 

Университет ва академиялар, институтлар – булар оддий ўқув юртлари эмас, кадрлар, ҳаттоки, раҳбар кадрлар тайёрлайдиган таълим маскани ҳам эмас, у янгича ва мустақил тафаккур шаклланадиган, ўзимиз тўплаган ва бошқа мамлакатлар турдош таълим масканларида тўпланган илғор тажрибалар ўрганиладиган, таҳлил қилинадиган ва таҳсил бериладиган, ватанпарварликни тарбиялайдиган марказга айланиши зарурлиги Президентимизнинг, халқимизнинг орзуси.

Мамлакатимиз фаровонлигининг муҳим кўрсаткичи – ялпи ички маҳсулотни 2026 йилда 100 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсади қўйилди. Бунинг учун Президентимизнинг юксак малакали кадрлар тайёрлаш борасида илгари сурилган концептуал ғоялари, жаҳонда тан олинган олий таълим стандартларига асосланиб, таълим масканларида таълим тизими ва мазмунини миллий манфаатларимизга мослаштириш, бунда инсон капитали ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаларидан самарали фойдаланиш, дунёда энг нуфузли турдош таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик қила оладиган олий таълим масканига айлантириш Тараққиёт стратегиясининг мақсадларидан биридир. 

Табиийки, таълим соҳасида эришилган сўнгги ютуқлар баробарида, ўз ечимини кутиб турган талай муаммо ва камчиликлар борлигидан ҳам асло кўз юмиб бўлмайди. Масалан, олий таълим муассасаларида айрим ходимлар (ректор, декан, профессор, доцент, ўқитувчи), талаба ёшлар томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилаётгани ҳам бор гап. Пандемия шароитида ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити яратиш илинжида молия­вий ресурслар минг азоб билан топилаётган мураккаб бир даврда, ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўйиб, давлат мулкини талон-торож қилишдан оғир жиноят бўлмаса керак. Бундай салбий ҳодисалардан шу соҳада кўп йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган фидойи олимларимиз қаттиқ хижолат тортаётганликлари ҳам сир эмас. Шу мисолларнинг ўзиёқ ҳам маънавий, ҳам жисмоний жиҳатдан етук кадр­ларни тайёрлаш борасидаги фаолиятимиз ҳали ҳам суст эканлигидан дарак беради. Ахир жадид боболаримиз ўз ҳисобидан миллат фарзандларини ўқитиш учун мактаблар қургани, уларни хорижга ўқишга юборганлари, адабиётлар яратиб, чоп этганларини биламиз. Улар бойликни миллатнинг саводхонлиги ва маънавиятида деб билишган. 

Бошқача айтганда, ўқувчиларни олий таълим муассасасига қабул қилишда бир томонлама ёндашувдан воз кечиб, ҳаракатчан, интилувчан ва масъулиятли ёшларни танлаш механизмини, кадрлар селекцияси ишларини шакллантиришимиз керак. Қаердаки, ҳалоллик ва поклик устувор бўлса, ўша жойга қут-барака ёғилади, кутилган натижалар ҳам ўз-ўзидан қўлга киритилаверади. Бунинг акси ўлароқ, бир нопок ходим туфайли бутун тизим ёмонотлиққа чиқади. Ушбу масаланинг узвий қисми сифатида замонавий тайёргарликка эга илмий-педагогик жамоани шакллантириш муҳимлигини айтиш ўринли. Негаки, салоҳиятли, ҳалол кадр­ларни тайёрлаш ўз касбининг фидоийлари, малакали педагоглар маҳоратига бевосита боғлиқ.

Чин инсон бўлиш масъулиятини англаб яшаш

Дунёдаги энг қийин амал – инсон бўлиш. Саъдий Шерозий “Ўзгалар ғамини чекмаса одам, анга нолойиқдир, инсон деган ном” деб ёзган. 

Инсонга иффат, яъни виждоний поклик, ор-номус, уят каби фазилатлар буюрилган. Миллатимиз фидоийларидан бири Абдулла Авлонийнинг: “Иффат деб нафсимизни гуноҳ ва бузуқ ишлардан сақламоққа айтилур. Бизларни гуноҳ ва маъсиятдан сақлагувчи, ҳаром-харишдан нафсимизни асровчи фақат иффатимиздир”, деб ҳалолликка ишора қилгани бугун ҳам нақадар долзарб. Чин инсон бош­қаларга хайр, ёрдам берганидан шодланади. Чин инсон бировлардан хайр олишга номус қилади. Чин инсон халқига нафи тегмаган кунни ўз умри ҳисобига қўша олмайди. 

Инсофсизлик билан олинган фойда диёнатсизликни ошкор қилади. Шундай даврлар бўлдики, одамлар ўз муаммоларини ҳал этиш учун пора беришни афзал кўрди. Бошига оғир иш тушган одамдан маълум манфаат эвазига масаласини ҳал қилувчи уддабуронлар пайдо бўлди. Севимли ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор бундай нохуш вазиятни: “Бошига иш тушган инсонни шилиш – ўликнинг кафанини ечиб олишдай гап”, деб атаган. 

Лаганбардорлик коррупциянинг ифодасидир. Лаганбардорлик хушомадгўй, ўз манфаати йўлида мансабдор олдида ўзини жуда тубан тутиб, унга хушомад қилишга тиришадиган пасткаш одам. Айнан лаганбардорлар амалдорнинг ишонган, таянадиган, “ишларни” ими-жимида ҳал этадиган “кадрлар”ига айланади. Бу восита коррупциянинг ривожланишига олиб келадиган йўлдир. Маҳмуд аз-Замахшарий бобомиз “Пора фақат ноҳақлигу золимларга ёрдам бергувчидир” деганида унинг мудҳиш оқибатларга олиб келишини назарда тутиб айтган. Бугун лаганбардорлик, кўзбўямачилик, юзакичиликни “бўяб”, садоқатга ўхшатишга ҳаракат қилишлик Ватанга, халқимизга садоқат билан хизмат қилишдек мардона тамойилимизга зидлигини англатишга катта эътибор қаратиш тараққиётимиз йўлидаги муҳим воситадир…

Шариф ҚОБИЛОВ, 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ 

Академияси профессори, 

полковник

Tegishli xabarlar

Эгри йўлнинг тўқмоғи!

admin

Эркинликнинг яшаш қонуни – курашмоқ Омон Матжон таваллудининг 80 йиллигига

admin

45 дан зиёд муаммолар ўрганилди, 14 та депутатлик сўрови юборилди

admin