ADOLAT 24

Таъмирлаш ишлари қонуний бажарилганми?

Ўзбекистон маданияти ва санъати ўзининг буюк тарихига эга. Аждодларимиз томонидан адабиёт, мусиқа, архитектура каби нафис санъат соҳаларида яратилган оламшумул намуналар ҳалқимиз тарихий-маданий меросининг беқиёс маънавий тафаккурини акс эттиради.

Тарихимиздан далолат берувчи археологик ёдгорликлар, обидалар, масжиду зиёратгоҳлар, мадрасаю хонақоҳларни асраб-авайлаш, уларнинг азалий қиёфасини тиклаш, келажак авлодга безавол етказиш борасида кўп меҳнат қилиш зарур.  

Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунида маданий мерос объектларининг давлат томонидан муҳофаза қилиниши қатъий белгилаб қўйилган. Бу эса, ўз ўрнида, маданий мерос объект­ларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат бош­қарувини амалга оширувчи органлар томонидан ҳуқуқий, ташкилий, молиявий, ахборотга доир, моддий-техникавий ва бошқа чора-тадбирлар кўриладиган тизимнинг барча поғоналари узвий боғланган тарзда фаолият кўрсатишини тақозо этади.  

Бугунги кунда мамлакатимизда 8 минг 210 та моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган бўлиб, шундан 4 минг 788 таси археология, 2 минг 265 таси архитектура объектлари, 625 таси монументал санъат асарлари, 532 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади.  

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан сўнгги вақтларда маданий мерос объектларига зарар етказилган ҳолатлар юзасидан ўтказилаётган тафтиш ва тергов ҳаракатларидан маълум бўлишича, айрим ҳолларда давлат бюджети маблағлари ҳисобига маданий мерос объектларида олиб борилаётган тиклаш-таъмирлаш ишлари буюртмачи, пудратчи, лойиҳачи, экспертиза ташкилотлари томонидан объектларни илмий-меъморий реставрация қилиш талабларига зид равишда олиб борилиб, уларнинг тарихий ва бадиий қимматига тикланмас зиён ва шунинг баробарида жуда кўп миқдорда молиявий зарар етказиш ҳолатлари аниқланмоқда.  

Жумладан, республика бўйича 14 та моддий маданий мерос объектларини таъмирлаш-тиклаш лойиҳа ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасм Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгаши билан келишилмасдан, жами 12 миллиард 454,9 миллион сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилган. Ваҳоланки, амалдаги қонунчиликка асосан, Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгашининг рухсатисиз маданий мерос объектларида бирон-бир рес­таврация ёки таъмирлаш ишларини амалга ошириш тақиқланган.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида маданият ва санъат муассасаларининг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш, уларнинг моддий ресурс базасини янада мустаҳкамлаш, объектларни сақлаш ҳамда муҳофаза қилишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш белгиланган. Шунингдек, бир қатор обидалар қошида жамоатчилик инс­пекторини бириктириш вазифаси ҳам алоҳида белгилаб қўйилган.  

Маълумки, жамоатчилик назорати деганда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини назорат қилиш мақсадида амалга ошириладиган жамоатчилик назорати субъектларининг фаолияти тушунилади.

Афсуски, бугунги кунга келиб, қарорда белгилаб берилган долзарб вазифанинг бажарилиши кечикмоқда. Бинобарин, Президентимиз томонидан ҳар доим юртимиздаги барча соҳаларнинг ривожида жамоатчилик назоратининг муҳимлиги таъкидланади.  

Айтиш керакки, маданият ривожи, илм-фан тараққиёти, шунингдек, тарихий-маданий меросни асраш масалаларига тегишли бўлган қонун ҳужжатларини ҳаётга татбиқ этиш фақат давлат органининг вазифаси бўлиб қолмоқда. Ваҳоланки, мамлакат қонунчилигига доир ҳуқуқий ҳужжатлар давлат бошқарувининг барча поғоналари, хусусан, маҳаллий Кенгашлар ва ҳокимликлар учун ҳам бевосита тааллуқлидир.

Шунга кўра, моддий маданий меросни сақлаш ва таъмирлашга оид муаммолар ҳамда соҳага оид қонун ҳужжатларининг жойларда бажарилишини назорат қилиш ҳудудий кенгаш депутатлари томонидан вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг сессияларида ўрганилиши ва муҳокамалардан ўтказилиши мақсадга мувофиқдир.  

Зеро, янгиланаётган мамлакатимиз дунё ҳамжамияти олдида ўзининиг муносиб ўрнини эгаллашида, аввало, бизга насиб этган табаррук маданий мероснинг қадрини юксакка кўтаришдек шарафли ишни умумхалқ иши ва энг муҳими, фуқаролик бурчи деб идрок этмоғимиз шарт.  

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари  

қўмитаси аъзоси

Tegishli xabarlar

“Боқий Бухоро” мўъжизалар шаҳарчасига айланади

admin

Дунё мамлакатларида давлат тили қоидаларини бузишга қандай жазо берилади?

admin

Туркий дунё цивилизацияси: ҳамкорлик йўли

admin