ADOLAT 24

Хаёлимизга ҳам келмаган ўзгаришлар бўлмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқоти тарихий учрашув бўлди десам, муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган амалий ташаббусларни диққат билан тинглар эканман, узоқ йиллар тиббиёт соҳасида меҳнат қилган мутахассис сифатида яратилаётган имконият ва шароит­лардан кўнглим тоғдек кўтарилди.

Беихтиёр Ўрта Осиё Медицина педиатрия институти (ҳозирги Тошкент педиатрия тиббиёт институтида)ги талабалик даврларим, ундан кейин Элликқалъа туманидаги қишлоқ врачлик участкасида шифокор етмаганидан 12 нафар ходимнинг иши юклаб қўйилгани, орада бир неча чақирим узоқликдаги туғруқхонада ҳам ишлашга тўғри келган пайтлардаги иш фаолиятим кўз ўнгимдан бирма-бир ўта бошлади.

Оддий врачликдан тортиб, ҚВП мудири ва ижро тизимидаги масъулларидан бири сифатида фаолият юритган пайтларда ҳам тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар, ютуқ ва натижалар билан биргаликда муаммо ва камчиликлардан хабардор бўлиб турганман. Давлат тиббиёт муассасаларининг йиқилиб кетгудек бўлиб қолган бинолари, яроқсиз ҳолатга келиб қолган тиббий ускуналар, ҳудудий молия таъминотидагиларнинг хўжаларча муносабатлари — буларнинг барчаси бугун эслашни ҳам исталмайдиган ўтмиш хотираларига айланганига шукр қиламан.

Хаёлимизга ҳам келмаган ўзгаришларнинг иштирокчиси, гувоҳи бўлаяпмиз: йил-ўн икки ой оппоқ халати билан ободончилик ишларига сафарбар қилинган, қишлоқ хўжалиги соҳасининг асосий “ҳашар”чилари бўлган тиббиёт ходимларидан бугун шахсан давлатимиз раҳбари ҳол-аҳвол сўраяпти. Муассасалардаги таъминот ачинарли ҳолатда бўлганидан олдига нажот истаб келган бемордан тиббий қўлқоп сўрашга мажбур бўлган мутахассислар эндиликда давранинг тўрида…

Очиқ мулоқотга узоқ ва юқори даражада тайёргарлик кўрилгани яққол сезилди. Соғлиқни сақлаш соҳасида эришилаётган ютуқлар, марралар билан бир пайтда ечимини кутаётган муаммолар алоҳида йўналишлар сифатида қайд этилди ва муҳими, уларнинг аниқ ечимига оид приниципиал ва стратегик ёндашувлар маълум қилинди. Бунда асосий эътибор фақатгина тиббий хизматдан фойдаланаётган аҳоли эмас, балки ушбу хизматни тақдим этувчи тиббиёт вакиллари, умуман, мамлакатимиздаги ҳар бир инсонга ғамхўрлик кўрсатишга қаратилгани алоҳида эътирофга молик.

Инсон саломатлиги — бебаҳо неъмат. Гарчи баъзан, биз инсонлар бу беминнат бойлигимизнинг қадрига етмаётгандек, унга етарлича эътибор қаратмаётгандек бўлсак-да, у ёки бу сабаб жонимиз оғриб қолса, саломатликдан-да муҳим инъом йўқ эканлигига амин бўламиз. Айниқса, бутун дунё давлатларини эсанкиратиб қўйган пандемия шароитида ўтган давр бизга инсонлар умрини сақлаб қолиш ва соғлиқни сақлаш тизимига инвестиция киритиш энг устувор вазифа эканлигини ёдда сақлаш имконини берди.

Мамлакатимизда аҳолининг саломатлигини сақлашга нафақат пандемия даврида, балки туб ислоҳотлар бошланган ўтган беш йилда энг устувор вазифа деб қаралмоқда. Ўтган даврда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида аҳолининг барча қатламига, айниқса, узоқ қишлоқ аҳолисига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш бўйича етарлича тажриба тўпланди, бу борада илғор хорижий тажрибалар ўрганилди.

Соҳадаги ишларнинг кўлами, миқёси қай даражада ўзгарганини бунинг учун давлат бюджети маблағларидан ажратилган маблағлар ҳажми қанчалик оширилганидан ҳам билса бўлади. Хусусан, 2022 йилнинг ўзида соҳага бюджетдан 24 триллион сўм йўналтирилди. Бу эса 2016 йилдаги маблағга нисбатан 4 баробар кўпдир.

Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маб­лағлар 12 баробар кўпайтирилди. Шу даврда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш учун халқаро молия ташкилотларидан 700 миллион доллардан зиёд маблағлар жалб қилинди.

Энг аввало, бирламчи тиббиёт бўғинини яхшилашга эътибор қаратилиб, ҳар бир маҳаллада “хонадонбай” ишлайдиган тиббий бригадалар ташкил этилди. 2021 йилдан бошлаб, бирламчи бўғинда аҳолини 66 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди. Ҳозирги вақтда одамлар шамоллаш, қон босими, юрак хуружи, қандли диабет, ошқозон ва нафас йўллари касалликларини даволаш учун энг зарур дориларни оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникалардан олмоқда.

Аҳолига сифатли тиббий ёрдамни кенгайтириш мақсадида бирламчи тизимга 20 мингта ўрта тиббиёт ходимлари қўшилди. Шунингдек, қиш­лоқларда жойлашган 801 та оилавий поликлиника янги замонавий ташхис аппаратлари билан таъминланди.

Бундан 5-10 йил аввал минглаб юртдошларимиз даво истаб, қарз олиб бўлса-да, хорижий мамлакатларга боришга мажбур бўларди. Ёки ундан ҳам кўп учраган ҳолатни кўпчилигимиз кўрганмиз, эшитганмиз. Мураккаб ташхис қўйиш ёки даволаш амалиётини талаб қилмаса ҳам, 1 минг километр масофани босиб ўтиб, пойтахтдаги шифохоналарга отланганлар кўп бўларди. Бунинг бир қатор сабаблари бор эди. Биринчидан, чекка ҳудудларимизда малакали мутахассис етишмасди. Ҳудудлардаги аҳоли сонига нисбатан тиббий ходимларнинг сони ҳам кам эди.

Иккинчидан, шифокорларда ўз устида ишлаши учун етарли шароит, вақт, имкон бўлмасди. Учинчидан, маънан эскирган, ўз аҳамиятини йўқотган тиббий техника ва ускуналар билан кундан-кунга тури ва миқёси ортиб бораётган касалликларга ташхис қўйиш ва даволаш ишларини сифатли йўлга қўйиб бўлмай қолганди. Тўртинчидан, узоқ йиллар давомида аҳолининг саломатлигини сақлаш борасида хусусий тиббий муассасаларнинг имкониятларидан фойдаланиш жоиз, деб билинмади.

Президентимиз ҳар сафар турли ҳудудларга борганида, у ердаги тиббий муассасаларга ҳам кириб ўтишлари, маҳаллий аҳолини ўйлантираётган масалалар билан қизиқишлари ўз натижасини бермай қолмади. Хусусан, сўнгги беш йилда ҳудудларда 23 та ихтисослашган тиббиёт марказларининг юздан ортиқ филиаллари ўз фаолиятини бошлади. Натижада илгари пойтахтда амалга оширилган 210 турдаги операция ва ташхисларни маҳаллий шифохоналарда ўтказиш имконияти яратилди. 130 турдаги жарроҳлик амалиётлари вилоят шифохоналарида, 60 тури эса туманларда биринчи марта йўлга қўйилди.

Қувонарли томони, зарур моддий-техник база ва малакали мутахассисга эга бўлган хусусий клиникаларга мураккаб турдаги жарроҳлик амалиётини ўтказишга рухсат берилиши хорижга даво излаб кетаётган юртдошларимиз сафини сезиларли даражада қисқартирди.

Очиқ мулоқотда давлатимиз раҳбари соҳа вакиллари ва аҳолидан келиб тушган мурожаатларни умумлаштириб, улар асосида 7 та муҳим йўналишни кўрсатиб ўтди. Бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, тез тиббий ёрдамни ривожлантириш, тиббиёт муассасаларининг шароитини яхшилаш, соҳа ходимларини моддий рағбатлантириш, шифохоналарни малакали кадрлар билан таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш маданиятини ошириш, касалликларнинг олдини олишга қаратилган янги ташаббуслар илгари сурилди.

Масалан, жойларда поликлиникалар тармоғи янада кенгайтирилиши, хусусан, 2 мингдан зиёд олис маҳаллаларда тиббиёт пунктлари ташкил этилиши таъкидланди. “Қишлоқ шифокори” дастури янада такомиллаштирилиб, чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг ойлик иш ҳақига 2 миллион сўмдан қўшимча устама тўланади, уй-жой сотиб олишига кўмаклашилади. Бундай жойларда узлуксиз уч йил ишлаган шифокор клиник ординатурага имтиҳонсиз қабул қилинади. Нафақага чиққан тажрибали шифокорларга ўз уйида ёки ижара бинода даволашига рухсат берилади.

2022-2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади. Бирламчи бўғиндан бошлаб, тиббиётнинг барча соҳаларини рақамлаштириш бўйича дас­тур қабул қилинади. Икки йил ичида барча тиббиёт муассасалари янги компьютерлар билан жиҳозланади. Қоғозбозлик қисқартирилиб, замонавий услуб ва ускуналарда ишлашга ўтилади.

Учрашувда бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилар экан, тиббиёт ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Жорий йил 1 июндан тиббиёт ходимларининг ойлик маоши малака тоифасига қараб 15 фоизгача оширилади. Юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга эса яна 25 фоиз миқдорида устама тўланади.

Албатта, бу борадаги кенг кўламли ишларнинг ижросини назорат қилиш биз парламент аъзоларига улкан масъулият юклайди. Депутатлар жойларда соғлиқни сақлаш соҳасида учраётган муаммоларни ўрганиш, уларнинг ечими бўйича асосли таклифларни беришда иштирок этиши, қонунчилик ташаббусларини илгари суриши муҳим аҳамият касб этади.

Бу жараёнда асосий электорати соғлиқни сақлаш ходимлари бўлган “Адолат” СДП фаоллари ва унинг парламентдаги фракцияси аъзолари соғлиқни сақлаш соҳасига оид амалдаги қонунлар, қарорлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларини ўзида бирлаштирадиган Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, соғлиқни сақлаш соҳаси барчамизга дахлдор, ҳаёт-мамотни ҳал қилувчи муҳим масала. Соҳани янада ривож­лантириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишдан барчамиз бирдек манфаатдормиз.

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

 “Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Tegishli xabarlar

Эътибор ва имтиёзлар — Фаровонлик асоси

admin

ФИРИБГАР АЁЛ суд залидан қамоққа олинди

admin

Азим Суюн: Йилбоши

admin