ADOLAT 24

ҲАР БИР МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН ТАҚДИРИ

Бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу сабабли шаҳар ва қиш­лоқларимиз кундан-кунга кўркамлашиб бормоқда. Одамлар яратиш ва яшнатиш ишқида меҳнат қилаяптилар. Таҳририятимизга келаётган мактублар муаллифлари маҳаллаларида олиб борилаётган турли ўзгаришлар, маҳалладошларининг турмуши яхшиланаётганлиги ҳақида фахр билан ёзадилар. Бундан қалбинг қувонч­­га тўлади. Аммо гуруч курмаксиз бўлмагани каби баъзи хатларни очиб ўқир экансан, фуқароларимизнинг турли тизимлардаги ноҳақликлар, қонунбузилиш ҳолатлари, ҳуқуқлари паймол бўлаётгани тўғрисида куйиниб ёзганларини ўқиб, кўнглинг ғаш бўлади. Қуйида айрим ана шундай мактубларга тўхталамиз.

Жиззах вилояти, Арнасой тумани, “Янгибўстон” ҚФЙ, Навоий кўчаси 17/1 хонадонда истиқомат қилувчи фуқаро Давлатбой Тўхтамишев укаси Икром Тўхтамишев ва бошқаларнинг 25 бош отлари фермер хўжаликларининг ер майдонларини пайхон қилгани, 2017 йил август ойи­нинг 24-санасида Арнасой тумани маъмурий суди томонидан ҳуқуқ­бузарларга нисбатан маъмурий жарима белгиланганлиги ва етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги ҳақида ёзади. “Далани пайхон қилган отларнинг 9 боши укам Икром Тўхтамишевга тегишли бўлиб, шундан 5 бош от қайтариб берилди. Аммо 4 бош от сирли тарзда йўқ қилинди. Яъни отиям, зотиям йўқ! – деб ёзади Д.Тўхтамишев. – Ҳолбуки, отлар 2017 йилнинг июнь ойида сақлаш учун Ш.Рашидов туманидаги отчопарга юборилган ва август ойида “Меъмор О” МЧЖ­га сақлаш учун бериб юборилган. Бундай тартибсизликлар юзасидан Жиззах вилояти маъмурий судига мурожаат қилдик ва суд томонидан тақдим этилган 2018 йилнинг 22 октябридаги 2-878 сонли хатда Арнасой туман прокуратурасидан 4 бош от фуқаро Т.Баратов томонидан қайтарилмаётганлиги ҳолатига ҳуқуқий баҳо берилиши сўралган. Жиззах вилоят Халқ қабулхонасига ҳам мурожаат қилдик. Халқ қабулхонасига қилган мурожаатимизга асосан Жиззах вилоят ИИБ, жиноят қидирув бошқармаси томонидан берилган 2018 йил 2 декабрда 4/2-Т-68 сонли жавоб хатида, жумладан, “4 бош отни Мажбурий ижро бюроси Ш.Рашидов тумани бўлими ходимлари олиб кетганлиги сабабли, прокуратура органлари ходимлари бўйича суриштирув ишларини олиб бориш Ички ишлар органларининг ваколатига кирмаслиги” билдирилган”.

Гапнинг қисқаси, мана 4-5 йилдирки, масъул ҳуқуқ органларининг отангга бор, онангга бор, деган жавоби ўзгармаган. Фуқаронинг қўлида суднинг “отларни қайтариб бериш” юзасидан қарори бўлса-да, қарорни бажарувчи йўқ. Жиззах вилояти суд-ҳуқуқ органлари ўз вазифасига шунчалик масъулиятсизлик билан қарайдиган бўлса, фуқаролар дардини ким эшитади? Аслида ҳуқуқбузарлар, аниқроқ айтганда, от ўғрилари ким?..

Таҳририятимизга келган яна бир мактубни Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани, “Наврўз” МФЙ фуқаролари номидан Мусирмон Хушиев йўллаган. Хатда баён қилинишича, 2017 йилда Яккабоғ туманининг Нав­рўз массивида ажратилган 800 гектар майдоннинг 500 гектарига хориждан келтирилган ёнғоқ кўчати, 300 гектарига эса бодом кўчати экиш ишлари бошланиб, кўпчилик ёшлар ишга жалб этилган. Мақсад – янги боғ яратишга қаратилган, бу саъй-ҳаракат туфайли анчагина ишсиз ёшлар бандлиги таъминланишидан аҳоли ниҳоятда мамнун бўлган. “2018 йилда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи жараёнида Яккабоғ туманидаги Каттабоғ ёнғоқзорини кўриб:

“Бу боғ келажакда халқимиз учун катта даромад келтиради, бу боғда кўпчилик аҳоли иш билан таъминланади”,

деган сўзларини эшитиб, барчамиз хурсанд бўлдик ва бизда ишлаш имкони пайдо бўлди, – деб ёзади муаллиф. – Аммо, афсуски, қувончимиз узоққа чўзилмади, бизга иш беришмади”. Мактуб муаллифининг баён қилишича, 5 йилдирки, қишлоқ ёшлари иш сўраб, боғ раҳбариятига мурожаат қилишади, аммо ҳар гал рад жавобини олишади.

“Ҳайратланарлиси, 50 гектарлик ёнғоқзорда бор-йўғи 2 киши ишларкан, холос. Мавсумий ишда қизлар ишласа ҳам биз йигитлар ишсиз қолиб кетаяпмиз, – дейди М.Хушиев. – Ушбу хатни газетада босиб чиқарсангизлар. Шояд тегишли кишилар ўқиб, хулоса чиқаришса…”

Бу мактубдан кўриниб турибдики, билаги кучга тўлган ёшлар иш сўрашаяпти. Яккабоғ тумани мутасаддилари бу масалада, яъни, ёшлар бандлигини таъминлашда ўз кўмакларини аямайдилар, деган умиддамиз.

“Адолат”дан адолат излаб” сарлавҳали мақола муаллифи Дилнозахон Холбекова Фарғона вилоятининг Боғдод тумани, Боғдод шаҳарчаси, “Бобуршоҳ” кўчасидаги 67-уйда истиқомат қилади. У оилали, икки нафар фарзанднинг онаси, аммо бир неча йиллардан бери ижарада яшаши, турмуш ўртоғи мавсумий ишчи эканлиги, туман тез тиббий ёрдам бўлимида 15 йилдирки навбатчи ҳамшира вазифасида ишлаб келаётгани ҳақида ёзади. У ҳалол насибаси билан оиласини иқтисодий жиҳатдан қўллаб келаётгани, аммо кейинги вақтда уни “Туманлараро қўшма шикастланиш­лар ва ўткир қон томир касалликлари маркази”да кундузги нав­батчиликда ишлаши учун қаттиқ босим ўтказишаётгани, бош шифокор, экономист, бош шифокор ўринбосари ҳар кунги йиғилишда уни шахсиятига тегадиган сўзлар билан ҳақорат қилишаётгани, бу эса унинг руҳий зўриқишига олиб келгани ҳақида тўхталади: “Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ҳар куни бутун бир йиғилиш менинг ўрнимни бўшатиб беришим борасидаги муҳокамадан иборат бўлади. Албатта, мен ҳақорат ёмғири тагида қолиб кетаман. Аммо барибир 15 йил ишлаган жойимни бўшатиб бергим келмайди. Негаки, менинг штатим қисқаришга тушмаган, нав­батчиликдаги шерикларим ўз ўрнида ишлашаяпти. Аслида бўлим бошлиғининг синг­лисига менинг ўрним ёқиб қолган. Уларнинг мақсади қариндош­ларига жойимни олиб бериш эканлиги алам қилади. Бу ҳам коррупция­нинг бир кўриниши эмасми?

Хуллас, бошлиғимиз мени ишсиз қолдириб, болаларимнинг насибасини қирқиб, синглисига доимий иш ўрни яратди. Аслида ҳеч қандай иш бажармай, доимо ойлик ва мукофот пулларини ортиғи билан олаётган бу “эркатой сингил”нинг акаси даврида ўйнаб қолаётгани анчадан бери жамоамизда норозилик келтириб чиқарган. Аммо бўлим мудиримиз ”Кимки синглим ҳақида бир оғиз гапирса, ўша заҳотиёқ ишдан бўшатиб юбораман…” дегани учун ходимларнинг дарди ичида. 

Илгари ҳам шундай ҳолат бўлган, ўшанда “Adolat” газетаси адолатнинг қарор топишига кўмаклашган эди. Сизлардан илтимос, яна бир марта фуқаролик ҳуқуқларимни тиклашда ёрдамингизни аямасангиз“.

Ким учундир иш “зерикмаслик учун бориб-келиб юрадиган жой” бўлиши мумкин. Аммо Дилнозахон Холбекова учун ризқ манбаи, насибаси келадиган даргоҳ, оиласининг тинчлиги, фарзанд­ларининг фароғати ва камолоти, соғлиғи, қўйинг-ки, тирик­лик манбаи. Ўз ишини мукаммал бажара оладиган, 15 йил ичида бирон марта огоҳлантириш олмаган ходимни ишдан бўшатиш фуқаронинг ҳуқуқларини паймол қилиш эмасми? Бу саволга Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси, Боғдод тумани мутассадиларидан ижобий жавоб кутамиз.

Инсон чорасиз вазиятга тушса, ноҳақликдан азоб чекса, муаммолар гирдобида қолса, қонуний ҳуқуқларини тиклашга умид қилиб, тегишли ташкилотларга, таҳририятларга минг бир илинж билан мактуб йўллайди, ёрдам кутади ва албатта, унинг жавобига ҳам сабрсизлик билан бутун вужуди қулоққа айланиб кўз тикади. Биз ҳам таҳририятимизга мурожаат қилган фуқароларимиз яшайдиган, ишлайдиган ҳудуд, корхона-ташкилотлар, масъул суд тизими ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари уларнинг ҳақли талаблари ҳал этилишига, ҳуқуқлари тикланишига кўмаклашадилар, деган умиддамиз ва бу мавзуга яна қайтамиз.

Зеро, ҳар бир хат ортида инсоннинг кечинмалари, ҳаёти, тақдири ётади. Юртбошимиз таъкидлаганидек, одамларнинг ҳаётдан розилигига эришиш лозим. Бундай олижаноб ва хайрли ишга ҳисса қўшиш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир. 

Саодат Рахимова,

“Adolat” мухбири 

Tegishli xabarlar

МАҲЗУНАЛАР, МАЪСУМАЛАР, МАҲКУМАЛАР…

admin

Ўзбекистон – ЮНЕСКО: олий даражадаги анжуманга пухта тайёргарлик билан

admin

Ақлли тиббиётни шакллантириш – партиямизнинг устувор вазифаларидан бири

admin