ADOLAT 24

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ: функциялари, яратилиш тарихи ва моҳияти

Конституция тушунчаси, муҳим жиҳатлари ва функциялари

Конституция лотинча “constitutio” сўзидан олинган бўлиб, “тузилиш”, “ўрнатиш” деган маъноларни билдиради. Конс­титуция алоҳида юридик хусусиятларга эга бўлган ягона сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унда шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг асосий принциплари ўрнатилади; давлат ҳокимиятининг тузилиши, субъектлари, ҳокимиятни амалга ошириш механизми белгиланади; жамият, инсон ва фуқаронинг давлат томонидан қўриқланадиган ҳуқуқлари ва эркинликлари мус­таҳкамланади.

Конституция ўз моҳияти ва юридик табиатига кўра бошқа ҳуқуқий ҳужжатлардан қуйидаги муҳим жиҳатлари билан ажралиб туради: а) конституция махсус субъект томонидан ёки унинг номидан чиқарилади; б) конституциявий қоидалар таъсис этувчи, йўналтирувчи, бирламчи аҳамиятга эга; в) конституциявий тартибга солиш ҳажмининг кенг қамровлилиги билан тавсифланади, яъни у ниҳоятда муҳим ва кенг кўламдаги ижтимоий муносабатлар доирасига таъсир кўрсатади; г) конституция алоҳида юридик хусусиятларга эга, яъни бошқа қонунлардан устунликка, олий юридик кучга, ўзига хос муҳофаза шаклига, махсус тарзда қабул қилиниш ва ўзгартирилиш тартибига эга.  

Конституция ўз мазмуни ва ижтимоий вазифасига кўра давлатнинг моҳиятини таърифловчи, унинг ташкилий тузилишини ифодаловчи, давлат сиёсатининг асосларини белгиловчи ҳужжат сифатида гавдаланади. Конституция ўз ижтимоий вазифасини бажара бориб, бир қатор ўзаро муштарак бўлган функцияларни адо этади.

Конституциянинг энг муҳим функцияларидан бири давлатчилик ривожланишидаги ворисликни таъмин этишдир.

Сиёсий функция. Конституция жамият сиёсий тизимининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди; сиёсий партиялар, жамоат бирлашмаларининг давлат ҳокимияти билан муносабатларини мувофиқлаштиради; сайловлар ва референдум каби бевосита демократия институтларини мустаҳкамлаш орқали жамиятда сиёсий барқарорликни, фуқаролараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ва тинчликни таъминлайди; давлат юритадиган ички ва ташқи сиёсатнинг асослари ва барча муҳим йўналишларини акс эттиради.

Юридик функция. Конституция юридик мазмун ва моҳиятга эга бўлган ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, давлатнинг Асосий қонуни сифатида бутун ҳуқуқий ва қонунчилик тизимларининг ўзагини ташкил этади, жамият ва давлат ҳаётининг, давлат органлари ташкил этилиши ва фаолиятининг асосий принципларини мустаҳкамлайди. Шу сабабли жамиятдаги барча ҳуқуқий ҳаёт ва юридик амалиёт, шу жумладан, одил судлов амалиёти конституциявий қои­далар асосида шаклланади.

Тарбиявий-мафкуравий функция. 

Конс­титуция халқнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Унда жамият тараққиётига туртки берувчи, муҳим маънавий омил бўлиб хизмат қилувчи ғоялар ўз ифодасини топади. Конс­титуцияда мужассамлашган мафкура жамиятни, халқни муайян мақсадлар сари етаклайди, уларни уддалаш учун сафарбар қилади. Хусусан, Ўзбекис­тон Рес­публикасининг Конституция­­си миллий истиқлол ғояси ва мустақиллик мафкурасининг ҳуқуқий асосини ташкил этиб, халқимизнинг истиқлолга, эркинликка бўлган интилишини, миллий ахлоқий-маънавий қадриятларини акс эттиради ҳамда уларни жамият онгига, айниқса, ёш авлод онгига сингдиришга хизмат қилади.  

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши

Ўзбекистон Конституциясини яратиш ғоя­­си 1990 йил 20 июнда Мустақиллик декларациясининг қабул қилиниши билан бевосита боғлиқ. Мазкур Декларация­­ни қабул қилган Олий Кенгашнинг иккинчи сессияси ушбу ҳужжатдаги принциплар асосида давлатнинг янги Конституцияси ишлаб чиқилиши лозим, деган хулосага келди. Сессия Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.А.Каримов раислигида 64 кишидан иборат Конституциявий комиссияни тузиш тўғрисида қарор қабул қилди. Унинг таркибига депутатлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг вакиллари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, корхоналар ва хўжаликларнинг раҳбарлари, таниқли ҳуқуқшунос олимлар ва мутахассислар кирди. 

Бу ҳақда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги эътирофини келтириш ўринлидир: “Олий Кенгаш депутати сифатида мен ҳам Конс­титуциявий комиссия таркибида Бош қомусимизни яратиш ва қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этганимни доимо фахрланиб эслайман. Конституция­мизнинг қандай қилиб ҳозирги мазмун ва шаклга келгани, бу мураккаб жараёнда кечган қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар бугунгидек ёдимда”.

Олий Кенгашнинг X сессиясида комиссия таркиби қисман янгиланди. 1991 йил  12 апрелда мазкур комиссиянинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди, унда комиссия аъзо­лари ҳамда етакчи мутахассислар ва олимлардан иборат 32 кишилик ишчи гуруҳи ташкил этилди. Шунингдек, Конституция лойиҳасининг мўлжалланаётган бўлимларини тайёрлаш учун 6 та кичик гуруҳ тузилди. Бу кичик гуруҳлар Конституциянинг қуйидаги бўлимлари бўйича иш олиб борди: 

1) Конституциянинг муқаддимаси; 

2) Ўзбекистон конституциявий тузумининг асослари бўлими; 

3) фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинлик­лари ва мажбуриятлари бўлими; 

4) фуқаролик жамияти бўлими; 

5) давлат тузилиши бўлими; 

6) давлат ҳокимияти тизими ва якуний қоидалар. 

Ушбу гуруҳлар таркибига 50 нафар илмий ходимлар ва мутахассислар жалб қилинди. 

Конституциявий комиссия раисининг топшириғига мувофиқ учта муқобил концепция яратилди: 

1) республика Фанлар академия­­си Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг концепция­­си, 

2) Сиёсатшунослик ва бошқарув инс­титутининг концепцияси, 

3) Президент девони юридик бўлими тайёрлаган концепция. 

Ишчи гуруҳ мажлисида учинчи концепция асос учун қабул қилинди ва қолган икки концепциянинг диққатга сазовор ғоялари билан бойитилиб, умумлашган пухта, ягона ғоявий асос шаклига келтирилди. Конституциявий комиссия ва унинг раиси томонидан маъқулланган ана шу концепция асосида бўлажак Конс­титуция лойиҳасини яратишга киришилди.  

1991 йил ноябрь ойида лойиҳанинг 158 моддадан иборат дастлабки варианти тайёрланди, 1992 йил йил баҳорда 149 моддадан иборат иккинчи вариант тайёр бўлди ва Конституциявий комиссия раи­­си матнни синчиклаб кўриб чиқди. Ҳар сафар унинг нигоҳидан ўтгач, лойиҳа мукаммаллашиб, аниқ, лўнда ва ифодали бўла борди. Учинчи вариант 137 та моддани ўз ичига олди. Лойи­ҳани кенг халқ оммаси муҳокамаси учун матбуотда эълон қилишдан аввал Конс­титуциявий комиссия ва унинг раиси ҳужжатни яна бир бор ўрганиб чиқди ва лойиҳа 127 моддага келтирилди.

1992 йил 5 сентябрда Конституциявий комиссиянинг мажлиси бўлиб ўтди ва Конс­титуция лойиҳасини умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилишга қарор қилинди. 1992 йил 26 сентябрда лойиҳа матбуотда эълон қилинди. Тушган таклифлар асосида қайта кўриб чиқилган лойиҳа 1992 йил 21 ноябрда иккинчи маротаба матбуотда эълон қилинди. Умумхалқ муҳокамасида 6 мингдан зиёд таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Уларга асосан лойиҳанинг 60 та моддасига тузатиш ва аниқликлар киритилди, дастлабки вариантдан 4 та модда чиқарилиб, матнга бир қанча янги моддалар киритилди.

1992 йил 8 декабрда Ўзбекис­тон Республикаси Олий Кенгашининг                        12-чақириқ 11-сессиясида Ўзбекистон Рес­публикаси Конституция қабул қилинди. У олий даражадаги қонун сифатида давлатимиз қиёфасини, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тузумини, бошқарув­нинг демократик принципларини, жамият ривож­ланишининг стратегик йўналишларини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­лари кафолатланганлигини ҳамда маънавий қад­риятларимиз асосларини мус­таҳкамлади. Конституция ўзининг туб моҳияти, фалсафаси, ғоясига кўра янги ҳужжатдир, унда коммунистик мафкура, синфийлик, партия­вийликдан асар ҳам йўқ. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий хусусиятлари

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моҳияти, ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий табиати унинг қуйидаги асосий хусусиятларида яққол номоён бўлади: 

1) Ўзбекистон Конституцияси – том маънода чинакам демократик конституция. У тарихда синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳужжатдир. Бундан ташқари, у энг ривожланган, тараққий топган давлатларнинг конституциявий тажрибасига ҳамда ўзбек халқининг бой тарихий, миллий ва маънавий қадриятларига таянган ҳолда яратилган; 

2) фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари борасида Конституциямиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг асосий ғоя ва қоидаларини ўзига сингдирган; 

3) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамият барпо этишнинг чинакам ҳуқуқий пойдевори бўлиб, унда ҳуқуқий давлатнинг асосий белгилари, жумладан, конс­титуция ва қонун устунлиги, ижтимоий адолат принциплари мустаҳкамланган; 

4) Конституция бозор иқтисодиётига ўтишга, хусусий мулкчилик муносабатларини қарор топтиришга хизмат қилади; 

5) Конституцияда кўппартиявийлик, сиё­сий плюрализм институтлари мус­таҳкамланган. Ижтимоий ҳаёт сиёсий инс­титутлар, мафкуралар ва фикрлар хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч бир сиёсий папртиянинг яккаҳоким бўлишига, ҳеч қайси партиянинг мафкураси давлат мафкураси даражасига кўтарилишига йўл қўйилмайди, Сиёсий партиялар парламент демократияси қоидаларига ва талаб­ларига риоя этган ҳолда Конституция ва қонунлар асосида фаолият юритадилар;                    

6) Конституция давлатнинг динга нисбатан одилона демократик муносабатини белгилаб берди. Ҳамма учун виж­дон эркинлиги кафолатланди, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга бўлди. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгиланди. Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилганлиги ҳамда қонун олдида тенглиги, давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмаслиги қайд қилинди; 

7) Конституция ҳокимиятлар тақсимланиш принципини мустаҳкамлади. Шу асосда Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади; 

8) Асосий қонунда конституциявий инс­титутлар – президентлик институти ва шу заминда қарор топтирилган давлат бошқарувининг республика шакли, вилоят, туман, шаҳарларда ҳокимлик институти жорий этилди; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизими шаклланишига конституциявий-ҳуқуқий замин яратилди ва ҳоказо; 

9) Конституцияда Ўзбекистон Респуб­ликаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти эканлиги эътироф этилди; 

10) Конституция Ўзбекистон таркибида суверен давлат – Қорақалпоғистон Респуб­ликаси мавжудлиги ва унинг конс­титуциявий-ҳуқуқий мақомини, Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети Ўзбекис­тон Республикаси томонидан муҳо­­фаза этилишини, Ўзбекистон Респуб­ликаси билан Қорақалпоғистон Рес­публикасининг ўзаро муносабатлари улар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси доирасида тузилган шартномалар ҳамда битимлар билан тартибга солинишини белгилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг юқорида қайд қилинган сифат ва хусусиятлари унинг беназир нуфузи, салмоғи ва қадр-қимматидан далолат беради, у мус­тақилликнинг қонуний пойдевори ва буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолатидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди. Айнан шу сабабли Конституциямизни эҳтиром билан улуғ­лашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига сингдиришимиз зарур”.

Шунинг учун ҳам Конституциянинг беқиёс қадр-қиммати ва нуфузи, ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти йиллар ўтгани сайин тобора ортиб бормоқда.

Tegishli xabarlar

ҲУКМДАН ОЛДИН ОТИЛГАН ВАЗИР (Иккинчи мақола)

admin

Транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш қанчага тушади?

admin

МАҚСАД — ЧЕТ ТИЛИНИ БИЛИШМИ ЁКИ ЯХШИ МУТАХАССИС ТАЙЁРЛАШ?

admin