Маълумки, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) 1985 йилда Эрон, Покистон ва Туркия томонидан ташкил этилган бўлиб, 1992 йилда унга Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон қўшилган. Ушбу минтақавий давлатлараро иқтисодий тузилма асосий диққат-эътиборни савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қаратиб келмоқда.
Улкан бозорга эга бўлган ташкилот
Котибияти Теҳрон шаҳрида жойлашган мазкур ташкилотга жорий йил август ойида умумий консенсус асосида Тожикистон вакили Хусрав Нозирий уч йил муддатга Бош котиб этиб сайланди. Аъзо мамлакатларнинг Ташқи ишлар вазирлари йиллик саммити тузилманинг асосий органидир.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда ушбу ташкилотнинг фаолияти қатор экспертлар томонидан танқидий баҳоланиб, айримлар ҳатто унинг натижадорлигига ҳам шубҳа билан қараб келаётган эди.
Аммо 515 миллион аҳоли яшайдиган ва улкан бозорга эга бўлган Ташкилотнинг истиқболи ниҳоятда каттадир. Ўтган 10 ойда Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо барча давлатлар билан (Афғонистондан ташқари) умумий ўзаро савдо айланмаси 1,9 баробарга ўсди. Жумладан, Эрон билан 72 фоизга, Покистон билан 66 фоизга, Туркия билан 65 фоизга, Қозоғистон билан салкам 40 фоизга ўсгани катта ютуқдир. Аъзо мамлакатларда биргаликдаги 5200дан ортиқ қўшма корхоналар фаолият юритмоқда.
Шу йилнинг март ойида навбатдаги саммит Туркия раислигида онлайн форматда ўтказилган ва унда раислик Туркманистонга ўтган эди.
Очиғини айтиш керакки, Туркманистон ташкилот фаолиятига янги шиддат ва куч бағишлади. Туркманистоннинг ташкилотдаги доимий вакили раҳбарлигида иштирокчи мамлакатларнинг доимий вакиллари билан доимий мулоқотлар ўтказиб борилди. Жорий йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан шериклик тўғрисида алоҳида Резолюция қабул қилинганлиги ҳам Туркманистон раислиги анча самарали бўлганлигидан далолат беради.
Ашхобод саммити якунлари: ўзаро ҳамкорлик янада мустаҳкамланади
Бугунги пандемия даврида бутун дунёда минтақавий ҳамкорлик ва интеграция жараёнлари тобора кучайиб бораётгани кузатилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, ИҲТнинг 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган 15-саммити минтақавий ҳамкорликни кучайтириш йўлида муҳим воқеликдир.
Мазкур саммитда барча давлат раҳбарлари транспорт алоқаларини ривожлантириш, янги йўлакларни ташкил қилиш, минтақалараро савдони кенгайтириш, аъзо давлатлар ишбилармон доира вакиллари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, минтақа давлатлари ўртасидаги энергетик лойиҳаларни рўёбга чиқариш йўли билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида алоҳида тўхталиб ўтди.
Савдони рағбатлантириш учун хусусий сектор ишини янада фаоллаштириш, юк ташиш ва транзит соҳаларида инфратузилмаларни такомиллаштириш, ИҲТнинг мавжуд институционал тузилмалари фаолиятини кучайтириш ва янгиларини таъсис этиш масалаларига жиддий эътибор қаратилди.
Давлат раҳбарлари томонидан ҳозирги мураккаб пандемия даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича бир-бирини тўлдирувчи механизмни яратиш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш кун тартибидаги асосий масалалардан бири сифатида қайд этилди.
Раислик Ўзбекистонга ўтди
Ашхобод саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди ва ташкилот доирасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан Ўзбекистон нуқтаи назари ва таклифларини илгари сурди.
Чунончи, давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ашхобод саммити якунлари ўлароқ қабул қилинган «Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти истиқболлари – 2025» концептуал дастури асосида, савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини янада кенгайтириш, савдо тўсиқларини бартараф этиш, божхона тартибларини рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантиришга катта эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди. Бу борада аниқ таклиф, яъни Қўшма ҳаракатлар дастурини қабул қилиш – бугунги кун талаби эканини таъкидлади.
Бундан ташқари, минтақамиздаги мавжуд ва янги транспорт йўлакларидан унумли фойдаланиш, минтақалараро транзит хабларини ташкил этиш, замонавий транспорт ва йўл инфратузилмаларини ривожлантириш, транспорт ва транзит тарифларини оптималлаштириш, соҳага рақамлаштиришни татбиқ этиш устувор вазифа эканлиги қайд этилди.
Шунингдек, «яшил тараққиёт»га эришиш ва сайёҳлик алмашувларини қайта тиклаш бошқа йўналишлар сифатида эътироф этилди.
Чиндан ҳам, бугун экологик муаммолар ва иқлим ўзгаришларининг фожиали асоратларини барчамиз ҳис қилиб турибмиз. Бу борада экспертлар даражасида алоқаларни чуқурлаштириш айниқса долзарбдир.
Маълумки, пандемия даврида энг кўп зарар кўрган соҳалардан бири бу сайёҳлик ҳисобланади. Президентимиз бу йўналишга ҳам алоҳида тўхталиб, бугунги кунда хавфсиз сайёҳликни ривожлантириш учун умумий минтақавий бир мукаммал дастур ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Яна бир йўналиш – Афғонистон масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу давлат ҳам ИҲТга аъзо бўлиб, бу ерда юз берган сўнгги воқеалар сабабли Ашхобод саммитида ушбу мамлакат делегацияси иштирок эта олмади.
Ўзбекистон Президенти Афғонистонда ҳақиқатан ҳам гуманитар инқироз кучайиб бораётганлиги, яккаланиб қолган давлат бундай оғир муаммо қаршисида ниҳоятда ожизлигини таъкидлаб, ИҲТга аъзо мамлакатларни афғон халқига зарур ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва умумий ёндашувларни ишлаб чиқишга чақирди.
Ашхобод Саммити якунида ташкилотга раислик илк бора Ўзбекистонга ўтди.
Тан олиш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро ва минтақавий ташкилотларга раисликни қабул қилар экан, ҳар доим масъулиятли ва ташаббускор давлат сифатида ўзини намоён этиб келмоқда.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти каби нуфузли тузилмаларга раислик қилмоқда. Мамлакатимиз Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига раислиги даврида ҳам унинг халқаро нуфузи ва обрўсини ошириш, бошқа минтақавий ташкилотлардан фарқ қиладиган алоҳида кун тартибини шакллантириш, етакчи халқаро тузилмалар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг институционал механизмларини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиши шубҳасиз.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган барча саъй-ҳаракатлар халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Қодир Жўраев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси
раиси ўринбосари