ADOLAT 24

ОДИЛ СУДЛОВ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР: ЭРИШИЛГАН НАТИЖАЛАР ВА ИСТИҚБОЛДАГИ РЕЖАЛАР

Маълумки, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир.

Сўнгги 5 йил давомида бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Суд тизимига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ислоҳотларга мос равишда янгиланди, жумладан, 3 та кодекс янгидан қабул қилинди, қолганларига жиддий ўзгартиришлар киритилди, “Судлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Улар асосида суд тизими тубдан такомиллаштирилди.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар

Судьялик лавозимларига номзодларни саралаш ва тайинлашнинг янги тартиб-таомиллари жорий этилиб, судлар мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсунишини таъминлашда судья лавозимида бўлишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддатини ва сўнг муддатсиз даврининг белгиланиши муҳим аҳамият касб этди. 

Судларни молиялаштириш тизими халқ­аро стандартларга мувофиқлаштирилди, яъни Президентимизнинг 2021 йил 13 январдаги ПФ–6134-сонли фармонига мувофиқ судья ва суд органлари ходимларининг иш ҳақлари ҳамда қўшимча тўловлари тўлиқлигича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Бу ҳам, албатта, суднинг мустақиллигини таъминловчи муҳим кафолат бўлиб хизмат қилмоқда. 

Судлар тузилмаси замон талабларига мос равишда такомиллаштирилди

Дастлаб ягона суд амалиётини йўлга қўйиш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. 

Кейинчалик вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйи­­ча судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят даржасидаги умумюрисдикция судлари ташкил этилди. 

Янги ташкил этилган маъмурий ва туманлар­аро, туман (шаҳар) иқтисодий судлар жойлашуви узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини оширди. Мисол учун, 2017-2020 йиллар ва 2021 йилнинг 9 ойи мобайнида маъмурий судлар томонидан 67 минг 989 та ариза кўрилиб, шундан 44 минг 387 таси, яъни 65 фоизи қаноатлантирилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

Шунингдек, ўтган 5 йилда иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектлари манфаатига 181 605 та ишлар ҳал этилиб, улар фойдасига 7,4 триллион сўм ундириб берилди.

Мамлакатимиз иқтисодиётида инвестициянинг ўрни муҳим аҳамиятга эга эканлигини инобатга олиб, инвесторлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низолар ва рақобатга оид ишларнинг судловга тааллуқлилигига оид янги тартиб белгиланди. 

Жумладан, йирик инвесторларга тааллуқли тоифадаги низолар ва рақобатга оид ишлар, тарафларнинг хоҳишига кўра, Олий суднинг инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби томонидан кўрилади. Яъни, ушбу низолар биринчи инстанцияда тўғридан-тўғри Олий суд томонидан кўрилиши мумкин. Бошқа инвесторлар иштирокидаги инвестициявий низолар, уларнинг хоҳишларини инобатга олган ҳолда, вилоят даражасидаги судлар томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган муҳим институционал ислоҳотлар амалга оширилди

«Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, жиноий жазоларни либераллаштириш, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш инс­титути бекор қилинди, қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилди ва далилларга баҳо бериш инс­титути тубдан такомиллаштирилди. Бу, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига, натижада оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди. 

Хусусан, ўтган 5 йилда 3 минг 494 нафар, фақат 2021 йилнинг бугунги кунига қадар 724 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди, 17 минг 975 нафар шахс суд залидан озод қилиниб, 33 минг 506 нафар фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айб­ловлардан чиқарилди ёки ўзгартирилди. 

Яна бир муҳим ислоҳот, бу инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш мақсадида суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилганидир. 2017 йилга қадар 7 та суд инстанциясида суд қарорлари қайта кўриб чиқилган бўлса, кейинги уч йилда эса бу инстанциялар сони 3 тага қисқартирилди. 

Суд инстанцияларининг қисқартирилиши, бу, албатта, бузилган ҳуқуқнинг тезроқ муддатда самарали тикланишини англатади. Халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилди:

биринчи инстанция (туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйи­ча – вилоят судлари); 

апелляция инстанцияси (вилоят даражасидаги судлар) ва  

кассация инстанцияси(Олий суд)дан иборат бўлган “Бир суд – бир инстанция” тамойи­­ли жорий қилинди. 

Халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эъти­розига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинди.

“Бир суд – бир инстанция” тамойилининг жорий этилиши фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси ошишига хизмат қилди.

Суд процессида тортишувлик принципини ҳамда тарафларнинг тенглигини таъминлаш мақсадида судланувчи, жабрланувчи ва уларнинг вакиллари томонидан кассация тартибида берилган шикоятнинг мақоми прокурорнинг протести билан тенглаштирилди. Фуқаролик ва иқтисодий ишларни кўришда прокурор иштироки билан боғлиқ нормалар халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. 

Суд ишларини юритишда янги институтлар киритилди, мавжудлари такомиллаштирилди, жумладан, жиноят процессида ярашув институти кенгайтирилиб, у барча инстанцияларда қўлланадиган бўлди, жиноят иши бўйича – дастлабки эшитув, фуқаролик ва иқтисодий судларда – суд­гача мажлис, соддалаштирилган тартибда иш юритиш, медиация институтлари жорий қилинди.

Судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида ислоҳотлар

Судлар фаолияти ҳақида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинг­лар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.

Қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳияти суд процесси иштирокчиларига тушунтирил­япти, судлар чиқарган қарорлар Олий суд веб-сайтида мунтазам эълон қилиб борилмоқда.

Барча тоифадаги суд ишларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиётининг кенгайтирилганлиги аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва суд ҳокимиятининг очиқлигини ошириш йўлида қўйилган муҳим қадам бўлди.

Сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришиш амалиётини ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бериб, судлар мустақиллигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Хусусан, судьялар ўртасида ишларни инсон омилисиз, автоматик равишда тақсимлаш, судларга масофадан туриб электрон мурожаат ва суд ҳужжатларини тарафларга электрон шаклда юбориш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш, суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш каби замонавий ёндашувлар эвазига одил судлов самарадорлигига эришилмоқда.  

Одил судлов соҳани рақамлаштиришни янада кенгайтириш мақсадида судларнинг ахборот тизими билан 28 та ташкилот ва идораларнинг 38 та ахборот тизимлари ўртасида муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судларнинг ўзи томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш тартиби амалиётга жорий этилиб, улар билан маълумотлар алмашинувини 100 фоиз рақамли шаклга ўтказилди.

Олий суднинг Интерактив хизматлар портали ишга туширилди. Унда жисмоний ва юридик шахслар учун судларга электрон шаклда мурожаат қилиш, суд харажатларини электрон тарзда тўлаш, қонуний кучга кирган суд қарорлари билан танишиш, ишлар ҳолатини онлайн кузатиб бориш, суд чақирув қоғозини электрон олиш, суд мажлиси жадвали билан онлайн танишиб бориш, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб суд мажлисларида мобил видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этиш каби интерактив хизматлар жорий этилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузига, жумладан, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтинг­ларда Ўзбекистоннинг нуфузи ошишига ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. 

Хусусан, жорий йилнинг март ойида эълон қилинган Мерос жамғармасининг “Иқтисодий эркинлик индекси – 2021” ҳисоботида Ўзбекистон рейтинги 6 поғонага кўтарилди. Шу билан бирга, охирги тўрт йилда 44 та ўрин юқорилади. Жумладан, Индексдаги суд фаолияти самарадорлиги кўрсаткичи 34,2 баллдан 50,8 баллга (+16,6) кўтарилди.

Одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган истиқболдаги режалар

Ислоҳотларнинг янги босқичида судларни ҳақи­қий халқ судига, инсон ҳуқуқ ва эркинлик­ларининг, тадбиркорлар қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоячисига айлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинган. Хусусан, бугунги кунда амалиёт фуқаро билан давлат органи ёки мансабдор шахснинг тенгсизлигини кўрсатмоқда. Чунки фуқаронинг ўз талабларини исботлаб бериш бўйича имкониятлари давлат органи ёки мансабдор шахснинг ресурсларига қараганда бирмунча чекланган.

Шу сабабли давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда, уларни маъмурий судлар томонидан самарали ҳимоя қилиш, судларни ҳуқуқи бузилган фуқаронинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Бу борада маъмурий суднинг ўрни ва ролини кучайтириш мақсадида, унинг ваколатлари кенгайтирилади. Шунингдек, маъмурий судларга давлат идоралари томонидан етказилган зарарни қоплаш ва бошқа ҳуқуқий оқибатларга оид масалаларни ҳал қилиш ваколати берилиб, фуқароларнинг судма-суд юриб, овора бўлишининг олди олинади.

Судлар фаолиятида “ягона дарча” тартиби жорий этилиб, бундан буён, иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъи назар, ариза “ягона дарча” асосида қабул қилинади. Бу эса фуқаро ва тадбиркорларнинг эшикма-эшик сарсон бўлишига чек қўяди.

Tegishli xabarlar

Ветеранлар

admin

Маҳаллалар обод бўлмоқда

admin

ЭНДОКРИНОЛОГИЯ ХИЗМАТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА КЎЛАМИНИ КЕНГАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin