ADOLAT 24

Депутатлик гуруҳларида: Андижонда ёш тадбиркорлар мактаби яратилмоқда

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари деярли ҳар бир маърузасида ёшлар масаласига тўхталиб, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш лозимлигини алоҳида таъкидлайди. Президентимиз ташаббусини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Андижон вилоятида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларни бизнес билан шуғулланишга жалб қилишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бунда молия ва таълим муассасалари, МФЙлар ҳамкорликда иш олиб бориши, молия­вий кўмак масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яна бир муҳим жиҳати, “Мактабдан тадбиркорликка” лойи­ҳаси асосида режали иш бошланди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” ғоя­сини изчиллик билан ҳаётга тат­биқ этиш, жамиятда фаол тадбиркорлик маданиятини шакллантириш, мактабдан бошлаб фарзандларимизни тадбиркорликка йўналтириш бўйи­­ча режали ислоҳотлар олиб борилмоқда.

“Адолат” СДПдан сайланган маҳаллий Кенгаш депутатлари Андижонда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб, халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилди. 

Илгари айрим битирувчиларнинг ота-оналарида фарзандим энди қаерга боради, деган савол туғиларди. Ҳозирги пайтда бунга жавоб аниқ: фарзандингиз кўчада қолмайди. Чунки бу борада аниқ тизим яратилди.

Андижонда 2020-2021 ўқув йилида ўрта мактабни тамомлаган битирувчилардан 7 минг 828 нафари тадбиркорлик фаолиятини бош­лаш истагини билдирган. Ўз-ўзидан савол туғилади: уларни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали банд­лигини таъминлашда қандай натижаларга эришилди? 

Президентимизнинг 2020 йил 13 октябрдаги “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида талабгорлардан ҳар бирининг режалари банк ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди. Бунда 11-синф битирувчиларига ўзини иш билан банд қилиш учун кредитлашнинг 5 та тамойили (қайтарувчанлик, муддатлилик, таъминланганлик, тўловлилик, мақсадлилик) асосида имтиёзли кредит ажратиш кўзда тутилди. Битирувчилардан онлайн плат­форма орқали берилган ариза, паспорт нусхаси, яшаш манзилида фаолият юритиш шароитига эгалиги тўғрисида МФЙ тавсияномаси, маҳсулот етказиб берувчи корхона билан тузилган олди-сотди шартномаси, кредит олиш учун ташкил этилган курсларда ўқиганлиги тўғрисидаги сертификат ҳужжатлари талаб этилади.  

Юқоридаги тартибга кўра, шу кунга қадар 36 ой муддатга йиллик 14 фоиз устама тўлаш шарти билан талабгорлардан 3 минг 618 нафарига кредит маблағлари берилди. Уларнинг лойиҳалари асосан тикувчилик, чорвачилик ва иссиқхона фаолиятига қаратилган.

Банк ходимлари маҳаллаларда ўтказилган суҳбатларда тадбиркорлик ва бизнесни ривожлантириш хусусида тушунча беришди. Тайинли ҳунар эгаси бўлганлар билан алоҳида иш олиб борилди. Чунки улар учун маб­лағ бўлса бас, қолгани ўз қўлида.

Биргина Асака туманида 1087 нафар битирувчилар кредит олиш истагини билдирган. Уларнинг 935 нафарига 6 млрд. 944 млн. сўм кредит ажратилди. Айни пайт­­да яна 152 нафари ўрганилиб, кредит билан таъминлаш режалаштирилмоқда.

Андижон туманидаги Ю.Мамажонов номли маҳаллада яшовчи Шоҳсанам Жўраева шу йил мактабни тамомлади. У дарсдан бўш вақтларида тикувчилик билан шуғулланиб келарди. Тадбиркорликка қўл уриб, 22 миллион 500 минг сўм кредит ҳисобига 4 та тикув машинаси сотиб олди. Натижада ўқувчилик давридаёқ тадбиркорга айланди.

— Тўрт нафар тенгдошим билан иш бошладик, — дейди Ш.Жўраева. — Биз тиккан 15 дан ортиқ турдаги болалар ва аёллар кийимларининг бозори чаққон. Яқинда махсус кийимлар учун буюртма олдик. Топилган даромад ҳисобига кредит маблағини ҳам қайтаряпмиз. Йил охирига қадар фаолиятимизни янада кенгайтирамиз.

Шоҳсанамнинг ташаббусига маҳалладошлари ҳавас билан қарамоқда. 5 нафар вақтинча ишсиз қизлар ундан тикувчиликни ўрганаяпти. Ёш тадбиркор уларнинг бандлигини таъминлаш ҳаракатида.

Андижон шаҳар “Шодлик” МФЙда яшовчи Абдулҳаким Шералиев ва Ҳотамжон Шербоев ҳам бу йил мактабни тамомлади. Уларнинг мурожаати эътиборимизни тортди. Пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган бизнес режалари қўллаб-қувватланиб, ҳар иккисига 24 миллион 500 минг сўмдан кредит берилди.

Ёш косибларнинг маҳсулотлари сифатлилиги ва нархининг арзонлиги билан водий бозорларида ўз харидорини топмоқда. Сентябрь ойида 5 минг жуфт эркаклар туфлиси ишлаб чиқарилди. Даромад ҳам шунга мос равишда ўсиб бораяпти. 

Албатта, яратилган имкониятдан самарали фойдаланаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Шу ўринда ота-оналар ва битирувчилар бир масалага эъти­бор қаратиши лозим. Айрим битирувчилар кредит маб­лағларининг тўлиқ нақд пулда берилишини сўрайди. Бу мақсадсиз сарфланишга олиб келади. Шу сабаб бундай ҳолларда уларнинг аризалари рад этилади. Агар ажратилган кредит маб­лағлари мақсадсиз ишлатилса, шартнома бир томонлама бекор қилиниб, муддатидан олдин ундирилади. Шунинг учун бу борада қонун асосида иш юритиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Иброҳимжон МИТИЛЛАЕВ,

халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

У КЎП СОҲАДА БИРИНЧИ ЭДИ

admin

ҚАШҚАДАРЁ: ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ ВА ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР 

admin

Она тили – миллий ўзлигимиз тимсоли

admin