ADOLAT 24

Ҳаёт ҳам, тафаккур ҳам янгиланмоқда

Orif SHUKUROV,

“Adolat” SDP Jizzax viloyat kengashi raisi:

Бугун мамлакатимизда келажакка мўлжалланган тараққиётнинг асос­лари, режалари, уни амалга оширишнинг аниқ йўллари ишлаб чиқилган. Бунда ривожланишнинг асосий омилларидан бири — бу барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ватанпарвар, профессионал ва инсоний одоб-аҳлоққа эга ходимлар келишини таъминлаш билан боғлиқлиги таъкидланган. Чунки ҳар қандай давлат, ташкилот ёки корхона ўз келажагини, аввало, салоҳиятли кадр­лар билан белгилайди. Бош­қарувда кадрларнинг малакаси ва хулқ-атворига кўра тўғри танланиши ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилотларининг ютуқларини, шу билан биргаликда мавқеини оширишда асосий омил ҳисобланади.

Марралар қанчалик баланд олинмасин, ислоҳотлар нечоғли истиқболли бўлмасин, ватанпарвар, сидқидилдан меҳнат қиладиган, юксак ахлоқли, фидойи инсонларсиз уларни амалга ошириш имконсиз.

Қадимда ҳам ота-боболаримиз томонидан бошқарув соҳасига ўз халқи учун жон куйдирадиган, малакали кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Буюк мутаффаккир Алишер Навоий томонидан ҳам давлат хизматчиси, биринчи галда, ҳақ йўлни танлаган, барча ишларни инсоф ва адолат тарозиси билан ўлчайдиган маънан юксак инсон бўлиши лозимлиги таъкидланган. 

Бугунги кунда ҳам мамлакатимизда давлат бошқарувини такомиллаштириш, давлат хизматчилари ва раҳбар кадрларга қўйиладиган талаблар, раҳбар сифатида уларнинг шаклланиши, камол топиши, уларни тарбиялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб борилмоқда. Хусусан, 2019 йил 3 октаябрда “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиё­сати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. Фармонга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб айрим давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва ҳудудларда таж­риба тариқасида, 2021 йил 1 январдан бош­лаб эса республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат хизматига қабул очиқ мус­тақил танлов асосида амалга оширилмоқда. Давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш ва хизматчиларнинг хизмат бўйи­­ча ўсиб бориши билан боғлиқ фаолиятда номзодларни адолатли баҳолаб бориш ва улар орасидан энг муносибларини танлашга қаратилган меритократия тамойили қўлланилмоқда. Шунингдек, фармон билан Президент ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, у давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурс­ларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул ҳисобланади.

Ҳақиқатан ҳам, инсонларнинг дардига қулоқ тутиш ва муаммоларига ечим излаш, уларнинг кўнглига йўл топиш мушкул вазифа. Юртимиз равнақи асосий мақсадимиз экан, ҳар бир инсон, қандай давлат ташкилотида хизмат қилиш ва қайси соҳада фаолият олиб боришидан қатъи назар, бу ҳақиқатни чуқур тушуниб етган ҳолда, мамлакатимиз тараққиёти учун масъулиятни ҳис этиши, ўз манфаатларини шу Ватан, шу халқ манфаатлари билан уйғунлаштирган ҳолда яшаши ва ишлаши лозим. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек “Янгича ва мустақил фикр­лайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва саралаш бўйича самарали тизим яратилмас экан, давлат бошқарувида сифат ўзгариши юз бермайди”.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда рўй бераётган ўзгаришлар шиддати дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотиб, эришилаётган натижалар юксак даражада эътироф этилмоқда. Чунки юртимизда янгиланишлар оқими кириб бормаган соҳа қолмади. Шаҳару қишлоқлар қиёфасига қўшилиб, одамлар тафаккури, дунёқараши, ҳаёт тарзи ҳам ўзгармоқда. Энг муҳими, халқимиз бугун олиб борилаётган сиёсат мазмун-моҳиятини тушуниб етди. Дахлдорлик туйғуси кучайди. Аслида ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам шу.

Tegishli xabarlar

Наманганда муҳим сиёсий тадбирга пухта ҳозирлик кўрилмоқда

admin

МУҲАНДИС – замонавий ишлаб чиқариш жараёнининг локомотиви

admin

Ўзбекистон Фанлар академияси жамоасига

admin