ADOLAT 24

Миллий ривожланишнинг янги босқичи

Toshpo‘lat MATIBAEV, 

xalq deputatlari Toshkent shahar Kengashi deputati:

Мамлакатимизда муқобиллик асосида ўтган Президент сайлови халқимизнинг руҳи кўтаринки эканини, бирдамлик, ҳамжиҳатлик туйғуси баланд эканини кўрсатди. Энг муҳими, ҳеч ким сайловга, юрт, Ватан тақдирига бефарқ эмаслигига гувоҳ бўлдик. Демакки, халқимиз Президенти­миз томонидан белгиланган 2017-2021 йилларда амалга оширилган Ҳаракатлар стратегиясини ва унинг асосида амалга оширилган ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда. 

Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқи давлатимизнинг кейинги ривожланиш даври истиқболини белгилаб берувчи аниқ таклифлардан иборат бўлди. Унда давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини илгари сурди. “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосида тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Бизни қувонтирган нарса шу бўлдики, стратегияда белгиланган 7 та йўналишнинг барчаси Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси дастурий мақсадлари ҳамда электоратимиз манфаатларига мос ва ҳамоҳангдир. Асосийси, сиёсий партияларнинг сайлов­олди дастурларидаги муҳим амалий ғоя ва таклифлар эътибордан четда қолмаслиги давлат раҳбари томонидан эътироф этилди. 

Айтиш керакки, ўтган беш йилда Ҳаракатлар стратегияси асосида ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити яратилди ва замонавий инфратузилма ташкил этилди, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит юзага келди. Давлат раҳбарининг ғояси ва ташаббуси билан жорий этилган, Ўзбекистонни ҳар томонлама тараққий эттириш, жаҳон майдонида муносиб ўрин эгаллаши асосий мақсад этиб белгиланган мазкур Стратегияда кўзланган натижалар қўлга киритилди.  

Тараққиёт стратегиясида Ўзбекистонни ривожлантиришнинг еттита устувор йўналиши белгилаб берилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида мамлакатда янги босқичдаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва самарадорлигини таъминлашга оид аниқ чора-тадбирлар, таклифлар ўз аксини топган. Бу йўналишларнинг ҳар бири мамлакатни ривожланган давлатлар сафидан ўрин олиши, тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни, миллатлараро тотувликни таъминлаш, иқтисодиётни юксалтириш, таълим ва тиббиёт соҳасини, аҳоли ижтимоий ҳимоя­сини юксалтириш ва ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир.  

Тараққиёт стратегиясининг биринчи йўналишида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламент ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, маҳалла тизимини ҳокимиятлар билан боғлаш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш назарда тутилган. Фуқаролик жамияти қуриш ҳақида гап кетганда ҳокимлар ваколатини қайта кўриб чиқиш, маҳаллий депутатлик кенгашларининг ваколатларини кенгайтириш пайти келди, деб ўйлаймиз. Чунки ҳокимларнинг депутатлар корпуси олдидаги ҳисобдорлиги, маҳаллий депутатлик органлари томонидан жамоатчилик назоратининг кучайтирилиши Давлат дастурлари ижросининг таъминланишига, маҳаллий ҳокимият идоралари масъулияти ва жавобгарлигининг оширилишига хизмат қилади.

Тараққиёт стратегиясидаги уй-жой масаласини ҳал этиш, аҳолига қулай яшаш шароитларини яратиш, қишлоқ жойларда яшаётган аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга эришиш мақсадлари ҳам эътиборга молик. Зеро, ушбу йўналишда қабул қилинган Давлат дастурлари, жумладан, арзон уй-жойлар дас­тури асосида сўнгги беш йилда 140 мингдан зиёд янги квартира ва якка тартибдаги уй-жойлар барпо этилди. Бу – олдинги беш йилга нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилди, деганидир.  

 Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, жамоат транспорти ҳамда ҳудудлараро мунтазам автомобиль, темир йўл ва ҳаво қатновини яхшилаш бўйича йирик лойиҳалар ҳам фуқаролар манфаатларига хизмат қилади.  

Стратегиядан адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришнинг энг муҳим омили ҳисобланган сифатли таълим-тарбия масаласи, аҳоли, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва саломатлигини сақлаш, фан, таълим, маданият ва спорт соҳасини такомиллаштириш масалалари ҳам ўрин олган.  

Мамлакатимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг ишончли кафолати бўлган Қуролли Кучларимиз қудратини янада ошириш, ҳарбий хизматчилар ва соҳа фахрийларини, уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, моддий таъминотини янада яхшилаш, уй-жой билан таъминлаш, ташқи сиёсатда очиқ, прагматик фаолият олиб бориш, минтақа ва дунё давлатлари билан ўзаро манфаатли ва кўпқиррали алоқаларни кенгайтириш, хавфсизлигимиз ва суверенитетимизни мустаҳкамлаш, дунё маконидаги обрў-эътиборимизни янада ошириш масалалари ҳам Тараққиёт стратегиясида қамраб олинган.  

Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради. Бу йўналишлардаги вазифалар ҳақида гапириш осон. Энг қийини ва мураккаби уларнинг амалдаги ижросини таъминлаш. Белгиланаётган вазифалар ижроси ҳар биримиздан, партия фаолларидан уйғоқликни, масъулиятни чуқур ҳис этишни, жойлардаги мутасадди ташкилотлар раҳбарларини жамоатчилик назорати орқали “мудроқлик уйқуси”дан уйғотишни талаб этади. Халқ сайлаган депутатлар ҳам юрт равнақи, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган вазифалар ижросини таъминлашда бор салоҳиятимиз ва имкониятларимизни ишга солишимиз зарур.

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ БОТИР ЗОКИРОВ ҲАЙКАЛИНИНГ ОЧИЛИШИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ НУТҚИ

admin

Ваъдабоз ҳокимлардан куйдик…

admin

Қонунлардаги камчиликлар мутахассислар ёрдамида бартараф қилинади

admin