ADOLAT 24

Миллатнинг эркинлиги, орзу ва мақсадлари ифодаси

Давлат байроғи миллатнинг бирлиги, мустақиллиги тимсоли сифатида ўша халқнинг орзу-истакларини, умид­ларини, келажакка бўлган ишончини ўзида ифода этади. Дунёдаги деярли барча мустақил давлатлар ўз байроғига эга. Конституциямизнинг 5-моддасида: “Ўзбекистон Респуб­ликаси қонун билан тасдиқланадиган давлат рамзлари: байроғи, герби ва мадҳиясига эга”, деб таъкидланган бўлиб, ушбу модданинг “Давлат суверенитети” деб номланган бобда келтирилиши давлат рамзларининг мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатида қанчалик муҳим ўрин тутишини англатади.

Тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, Амир Темур бобомизга унинг пири Саййид Барака Амир Ҳусайнга қарши жангга киришидан олдин байроқ ва ноғора тақдим этган. Соҳибқирон ҳокимият тепасига келганидан кейин ҳам давлат рамзларига ниҳоятда катта аҳамият берган, айниқса, давлатнинг байроғига. Жанг вақтида агар битта жангчи тирик қолса ҳам, у мамлакат байроғини баланд тутсин, дея фармон берган экан. Чунки давлат байроғининг эгилиши ўша давлатнинг жангда мағлуб бўлганини билдиради. “Ё Ватан, ё шарафли ўлим”, дея ўз юрти учун курашган Нажмиддин Кубро мўғулларга қарши жангда Ватанининг байроғини қаттиқ ҳимоя қилган ва уни тутиб жон берган. Ҳаттоки ўлимидан сўнг ҳам мўғуллар унинг қўлидан байроқни тортиб олишолмаган экан. 

Байроқ ўзида давлатнинг тарихий қиёфасини, урф-одатлари, маданияти, мамлакатнинг маъмурий-ҳудудий тузилишини ҳам мажозий равишда мужассамлаштиради. Масалан, Болтиқбўйи мамлакатларидан бири бўлган Эстония давлатининг байроғида кўк, қора ва оқ ранглар тасвирланган бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзининг рамзий маъносига эга. Кўк ранг Эстониянинг осмони ва денгизларини, қора ранг мамлакат тупроғи ва унинг ўзига хос бойлигини, оқ ранг эса, одамлар излаётган бахт ва ёруғликни англатар экан. 

Португалия Республикаси Конституциясининг 11-моддасида: “Республика суверенитети, мус­тақиллиги, бирлиги ва яхлитлиги рамзи бўлган давлат байроғи 1910 йилнинг 5 октябридаги инқилоб натижасида қабул қилинган байроқдир”, дейилган. Бундан кўришимиз мумкинки, давлат байроғининг қабул қилиниши мамлакатнинг тарихидаги энг аҳамиятли воқеликлардан бири билан боғлиқ. 

Ҳиндистон давлатининг байроғи ҳам бутун халқни бирлаштирувчи кучи билан ўзига жалб этади. Ундаги яшил ранг мусулмонларни, заъфарон ранг ҳиндуизм тарафдорларини, оқ ранг эса икки дин ўртасидаги тинчликни англатади. Биз биламизки, Ҳиндистонда азал-азалдан икки дин вакиллари ўртасида низолар, уруш ва можаролар авж олган ва кўп қон тўкилишига, минг-минг­лаб одамларнинг қурбон бўлишига олиб келган. Шу сабабли ҳам икки дин вакилларини бирликка ундаш, улар ўртасида дўстлик, иноқлик ва тотувликни таъминлаш мақсадларини кўзлаган байроқни қабул қилишган.     

Бугунги кунда спортчиларимиз нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтарганида ҳар биримизнинг қалбимиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлади. Нафақат спорт соҳасида, шунингдек, илм-у маърифатда ҳам юртимизнинг шон-шарафини оламга ёяётган, байроғимиз юксакларда ҳилпирашига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган фидойи инсонларни кўриб, уларга ҳавас қиламиз. 

Аслини олганда, шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаро давлатимиз рамзларига нисбатан ҳурмат-эҳтиромда бўлиши, Ватанимиз равнақига ўзининг ҳиссасини қўшишга интилиб яшаши лозим. Ҳар биримиз мана шу масъулиятни чуқур англасак ва ҳаракат қилсак, байроғимиз янада юксак­ларда ҳилпирайверади.

Наргиза ШАРИПОВА, 

Тошкент давлат юридик университети талабаси

Tegishli xabarlar

Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда

admin

Ислоҳотлар давом этади

admin

Стратегик ташаббус ва лойиҳаларни эълон қилишда муҳим платформа

admin