ADOLAT 24

Сайлов жараёнида жамоат хавфсизлигини таъминлашда Миллий гвардия ходимларининг иштироки

Барчамизга маълумки, Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтиши эълон қилинган. Дарҳақиқат, мамлакатимизда демократик ислоҳотлар тизимли тарзда, янги босқичда, бевосита фуқароларимизнинг фаол иштирокида амалга оширилиб келинмоқда. Бу ислоҳотларнинг асосий мезони инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда  манфаатларини таъминлашдан иборатдир. Демократик жараёнларнинг энг муҳим кўринишларидан бири сайловлар, десак, ҳеч ҳам хато қилмаган бўламиз. Мазкур жараёнларда фуқароларнинг хоҳиш-истаги, эркинлиги, ихтиёрийлиги амалда ўз ифодасини топади.

Сайловларни ўтказиш жараёни, бир жиҳатдан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, демократик жамият қуришнинг пойдевори бўлиш билан бир қаторда, иккинчи жиҳатдан, мамлакатда ўтказилувчи энг катта оммавий тадбирлардан бири ҳам ҳисобланади. Ана шу иккинчи жиҳат мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига, тегишли ваколатли органларга катта масъулият юклайди: ушбу энг йирик оммавий тадбирлардан бирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш пайтида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш масалаларига асосан ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардия масъул ҳисобланади.

Сайлов – бу фуқароларнинг жамият ва давлат ишларида бевосита ва ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқи. Демак, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини таъминлашни Миллий гвардиянинг зиммасига юклатилган “жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш” вазифаларидан бири деб ҳисоблаш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловда ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари (ҳарбий хизматчилари) бир қанча  талабларга риоя қилган ҳолда жамоат тартиби сақланишини таъминлайди. Хусусан, жамоат тартибини сақлашда участка сайлов комиссиялари билан ҳамкорликни амалга оширади ва комиссия раисининг кўрсатмаси асосида фаолият олиб боради; сайлов бюллетенлари олинган кундан бошлаб бюллетенлар ҳамда бошқа ҳужжатлар сақланадиган бинонинг қўриқланишини таъминлайди; участка сайлов комиссияси раиси жамоат тартибини сақлашга масъул ходимнинг қаерда жойлашишини белгилайди; участка сайлов комиссияси раисининг кўрсатмасига асосан сайловга бир кун қолганида сайлов участкаси биноси хизмат ити билан кинолог томонидан текширилади; участка сайлов комиссияси аъзоларининг фаолиятига қаршилик кўрсатилганда ёки уларнинг соғлиғи, ҳаётига хавф туғилганида, уларни ҳимоя қилади.

Бундан ташқари, жамоат тартибига масъул шахс сайлов куни сайлов участкаси биносида бўлган бошқа шахсларни ҳам ҳимоя қилади. Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари (ҳарбий хизматчилари), биринчи навбатда, инсонларнинг соғлиги ва ҳаётини ҳимоя қилиши, зарурат туғилганида уларни эвакуация қилиши лозим.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, сайлов жараёнида жавобгарлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 512-519-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги аниқланган ҳолларда ички ишлар ходими маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни расмийлаштиради. Қолаверса, сайловни ташкил қилиш ва ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 146 ва 147-моддаларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Сайлов кодексининг 26-моддасида, сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори қуйи сайлов комиссиялари, шунингдек, барча давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари, меҳнат жамоалари ва ҳарбий қисмлар, корхоналарнинг, муассасаларнинг ва ташкилотларнинг раҳбарлари ижро этиши учун мажбурийдирлиги белгилаб қўйилган. Шу нуқтаи назардан участка сайлов комиссияси раиси (ёки раис ўринбосари) овоз бериш биносидаги тартибга риоя қилинишини назорат қилади. Участка сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида берган кўрсатмалари овоз бериш биносида ҳозир бўлган шахслар, шу жумладан, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари учун мажбурийдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, овоз бериш куни, албатта, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари (ҳарбий хизматчилари) сайлов участкаси ҳудудидан ташқарида жойлашишлари лозим. Негаки, бу тузилмалар ходимларининг сайлов жараёнига аралашиши мумкин эмас, кўп ҳолатларда бу турли тушунмовчиликларга олиб келиши мумкин. Буни илгариги бўлиб ўтган сайловларда халқаро кузатувчилар тавсияларида ҳам кузатишимиз мумкин. Овоз бериш жараёнига яқин вақт қолганида, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари (ҳарбий хизматчилари) тезкор алоқа ўрнатиш учун уяли ва иш телефон рақамларини участка сайлов комиссияси раиси ва бошқа аъзосига тақдим этиши лозим бўлади. Бу орқали тезкор алоқа ўрнатилади ҳамда ўзаро муносабатлар янада мустаҳкамланади.

Участка сайлов комиссияси раиси овоз бериш биносида тинчлик сақланиши ва тартибга риоя қилинишини таъминлаши, овоз бериш ва уларни санаб чиқишда ғайриқонуний тўсқинликлар вужудга келганида ички ишлар ёки Миллий гвардия ходимларига мурожаат қилиши мумкин. Бунда, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб келишлари лозим. Шундан сўнг, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари (ҳарбий хизматчилари) томонидан сайлов участкаси ҳудудидаги тартибсизлик, ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар бартараф этилганидан сўнг участка сайлов комиссияси раиси кўрсатмаси асосида сайлов участкаси биносини тарк этишлари ва сайлов жараёнига халақит бермайдиган жойга жойлашишлари шарт.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, сайлов участкасида ҳозир бўлган ички ишлар, Миллий гвардия ходимларига (ҳарбий хизматчиларига) бир қанча аралашиши мумкин бўлмаган ҳолатлар белгилаб қўйилган, Хусусан, сайловчилар, кузатувчилар ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларига таъсир ўтказиш; сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш; бирон-бир ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш; сайловчилардан улар қандай овоз берганлигини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш; давлат ҳокимияти органи вакилининг вазифаси билан боғлиқ бўлмаган ҳолда номзод, участка сайлов комиссияси аъзолари ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларининг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракатларга йўл қўйиш; сайлов комиссиясининг фаолиятига, шужумладан унинг мажлисларида ҳозир бўлишга, сайлов қутиларини муҳрлашга, уларни очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиш.

Овоз бериш куни, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари сайловчиларга сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатмайди. Турли вазиятларда муаммолар юз берганда, Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари сайловчиларни участка сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари, котиби ёки бошқа аъзосига юборади. Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари овоз бериш биносида хизмат ўташ вақтида унда жойлашган шахслар хавфсизлигини, сайлов ҳужжатлари ва сайлов участкаси биносининг қўриқланишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.

Овоз бериш биносида ҳозир бўлган шахснинг хавфсизлиги, соғлиги ва ҳаётига таҳдид пайдо бўлган тақдирда, ички ишлар ёки Миллий гвардия ходими зудлик билан ҳудудий ички ишлар ёки Миллий гвардия раҳбариятига ёхуд навбатчисига сайлов участкасида вужудга келган вазият тўғрисида ахборот беради ҳамда унинг кўрсатмалари бўйича ҳаракат қилади.

Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари (ҳарбий хизматчилари) сайловчилар, сайлов комиссияси аъзолари, маҳаллий ва хорижий (халқаро) кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан хушмуомала, дўстона муносабатда бўлиши, сайлов кунида намунавий иш муҳитини яратиши лозим бўлади.

Участка сайлов комиссияси аъзоларининг кўрсатмасига асосан ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари (ҳарбий хизматчилари) томонидан бегона шахсларнинг сайлов участкаси ҳудудини тарк этиши тушунтирилади ва белгиланган тартибда таъминланади.

Овоз бериш куни, сайловларни ўтказиш вақтида қуйидаги шахслар сайлов участкасида ҳозир бўлишлари мумкин. Жумладан, сайловчилар; сайлов комиссияси аъзолари; сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари; сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчилари; хорижий (халқаро) кузатувчилар; аккредитациядан ўтказилган сайлов жараёнларини ёритувчи оммавий ахборот воситалари вакиллари. Шунга алоҳида эътибор қаратиш лозимки, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари ўз хизмат гувоҳномаларини олиб юришлари шарт.

Сайлов участкасида хавфсизликни таъминлаш мақсадида сайлов участкаси ҳудудида ҳозир бўлган сайловчиларнинг яширин овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлигини бузмаслиги ва сайлов жараёни иштирокчиларининг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт. Яширин овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлигини бузиш, сайлов жараёни иштирокчиларининг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига ғайриқонуний равишда путур етказиш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли жавобгарликка сабаб бўлишиш мумкин.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Миллий гвардия ходимлари ўз хизмат бурчига садоқат билан ёндашишлари, зиммасига юклатилган масъулиятли вазифаларни шараф билан бажаришлари лозим бўлади.

Хасан Каримов,

 Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети кафедра бошлиғи

Tegishli xabarlar

ҚАДРИ БАЛАНД ХАЛҚНИНГ ҚАДДИ ҲАМ БАЛАНД!

admin

МАКТАБ — ЭНГ УЛУҒ ИМОРАТ

admin

Инсон қадри улуғланаётган юрт

admin