ADOLAT 24

Келажакка овоз берамиз

Маълумки, келаси ҳафтанинг якшанбаси – 2021 йил 24 октябрь куни мамлакатимизда Президент сайлови бўлиб ўтади. Унда ҳамюртларимиз ўзларининг сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланадилар. Яъни Бош қомусимиз – Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституциясининг 117-моддасига биноан, Ўзбекис­тон Республикаси Президенти сайлови умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Рес­публикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Шу маънода айтганда, бизнинг Шўрчи туманидаги “Ёш ғайрат” маҳалласи аҳли ҳам мазкур сиёсий жараённи худди байрамдек ўтказишга аҳд қилган. Айни пайтда ҳудудимизда 4014 нафар аҳоли мавжуд бўлиб, улар 640 та хонадондаги 985 та оилага бирлашган ҳолда истиқомат қилишаётир. Шундан 2595 нафари сайловда иштирок этади. Бунинг учун маҳалла фуқаролар йиғини биносида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё сайлов округи таркибидаги 507-сайлов участкаси ташкил этилган. Унга маҳалламиздаги 22-мактабгача таълим ташкилоти мудираси Наргиза Омонтурдиева раис этиб тайинланган.

Албатта, Президент сайлови ҳар жиҳатдан намунали ўтиши учун сайлов участкалари тузилиб, комиссиялар таркиби тасдиқлангач, участка раиси, котиби ва бошқа аъзолари Шўрчи тиббиёт коллежида ташкил қилинган ўқув курсларида сайловга оид билимларини оширишди. Мазкур курсларга Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари ҳамда маҳаллий мутахассислар жалб қилинди. Қолаверса, сайлов участкаси вакиллари томонидан хонадонма-хонадон юриб, рўйхатга олиш жараёнида ҳам маҳалладошларимиз сайловга оид билимлар ва унда иштирок этиш қонун-қоидалари билан таништирилди.

– Участкамизда 52 нафар ёшлар сайловда илк бор иштирок этишади. Шу боис ҳаммадан ҳам кўра, сайловни улар интиқ кутишмоқда, – дейди 507-сайлов участкаси котиби Ботиржон Қодиров.

Дарҳақиқат, маҳалламиз фаоллари ва сайлов участкаси масъуллари сайлов куни биринчи маротаба овоз бераётган ёшларни алоҳида тайёргарлик билан кутиб олишни режалаштирганмиз. Чунки бу кун сайловда илк бор иштирок этадиган ёшлар учун бир умрга эсдалик бўлиб қолади. Улар энди жаннатмонанд Ўзбекис­тонимиз равнақи йўлида янада катта куч-ғайрат билан ўқишади, изланишади, касб-ҳунар эгаллашади. Бошқача айтганда, келгусида маҳалламиз номига муносиб ёшлар эканлик­ларини намоён этишади. Масалан, 2002 йилда туғилган қизимиз Зумрад Худойқулова Мустақиллик кўчасидаги хонадонларнинг бирига келин бўлиб тушган. Бинобарин, Зумрадхон қайнона-қайнотаси ва турмуш ўртоғи билан келиб, илк бор сайловда иштирок этади.

– Мен 2003 йил 22 октябрда туғилганман, – дейди Ибн Сино кўчасидаги 30-уйда яшовчи Мо­ҳигул Очилдиева. – Сайловдан 2 кун олдин – 2021 йил 22 октябрь куни 18 ёшга тўламан. Бу менинг биринчи сайловим. Шунинг учун барча номзодларнинг сайлов­олди дастурлари билан танишиб чиқдим. Ҳозир ҳам хурсанд­ман, ҳам бироз ҳаяжондаман. Энг муҳими, мен ўзим танлаган, биз ёшларнинг камолотимиз учун қайғурадиган, ёшларга янада кенг имкониятлар яратиб берадиган муносиб номзодга овоз бераман.

Сир эмаски, ҳар қандай маҳалладаги ҳамжиҳатлик, саранжом-саришталик, ободончи­лик, умуман олганда, фаровон ҳаёт унда истиқомат қилувчи ёши улуғларнинг, пиру бадавлат отахону онахонларнинг дуолари, кўп йиллик тажрибаларига таяниб берадиган ўгитларига боғлиқ. Бугунги кунда “Ёш ғайрат”да ҳам 33 нафар нуронийлар истиқомат қилишади. Хуррам бобо Каримов, Ҳалима Музаффарова, Евдокия Краснова ва Турдали Назаровлар шулар жумласидан. 1931 йил 8 август­­да туғилган Бика момо Абдиҳолиқова ва 1932 йил 16 июнда таваллуд топ­ган Хуррам бобо Каримов энг кекса сайловчиларимиздан. Сайлов куни улар ўз уйларида туриб муносиб номзодга овоз беришади. Бунинг учун эса участка сайлов комиссияси томонидан барча шарт-шароитлар яратилади.

Яна бир гап. Сайлов кодексининг 10-моддасида қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида ҳам Ўзбекистон Респуб­ликаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан сайлов участкалари тузилган. Бизнинг 172 нафар маҳалладошимиз ҳам ана шу сайлов участкалари орқали ўз номзодини сайлайди. Улардан бири Алишер Навоий кўчасининг 2-хонадонида яшовчи фуқаро Илҳом Очилдиевдир. Айни пайтда 35 ёшли Илҳомжон Америка Қўшма Штатларининг Бруклин штатида ҳам ўқиб, ҳам ишлайди.

Маълумки, маҳалла азал-азал­дан бизнинг қувончу ташвишимизга, тўй-азамизга шерик, инсон тафаккури ва камолотига бешик бўлган, дунёнинг бошқа мамлакатларида ўхшаши йўқ маскан саналади. Шундай экан, “Ёш ғайрат”ликлар ҳам маҳалламиздаги файзу барака, ҳамжиҳатлик ва бошқалар ҳавас қилса арзигулик ибратли ҳаёт учун овоз беришади. Зеро, бўлажак сайлов она Ватанимизнинг келгуси беш йилликда босиб ўтадиган йўлини, нурафшон келажагини белгилайди.

Ўрол ШЕРХОНОВ,

Шўрчи туманидаги “Ёш ғайрат” маҳалла

фуқаролар йиғини раиси

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Қачонгача ҳукуматдан нолиймиз

admin

Илм- маърифатга бешик бўлган юрт

admin

Янги йил кечаси

admin