ADOLAT 24

Сайловолди учрашувлари якунига етди (САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ)

Мамлакатимизда кечаётган улкан сиёсий жараёнларнинг муҳим палласи — Президентликка сайлов муносабати билан “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Баҳром Абдуҳалимов сайловчилар билан учрашди. Навбатдаги учрашув Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида бўлиб ўтди.

Учрашувда Президентлик­­ка номзод ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритилди. Шундан сўнг Баҳром Абдуҳалимов сайловчиларни ўз дас­тури билан таништирди ва Самарқанд тарихи, тақдири, бугунги ҳаёти билан боғлиқ масалалар хусусида сўз юритди:

— Кўҳна, аммо ҳар доим навқирон бўлган Самарқанднинг бугунги қиёфаси аввалгиларидан мутлақо тароватли ва маҳобатли. Энг муҳими обод. Бу маскандаги одамларнинг нурли чеҳраларида эртанги кунимизга ишонч балқиб турганлиги қувонарли.

Самарқанд, айни пайтда, улуғ алломалар, буюк шахс­ларга маскан бўлган юрт сифатида ҳам эъзозланади. 

Зеро, унинг бағрида Имом Бухорий, Абу Мансур Мотуридий, Имом Доримий, Абу Зайд Дабусий, Абу Лайс Самарқандий, Амир Темур, Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Давлатшоҳ Самарқандий, Хожа Аҳрор Вали, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Садриддин Айний, Эргаш Жуманбулбул, Пўлкан шоир, Ислом шоир, Фозил шоир, Воҳид Абдулла, Ботир Валихўжаев, Мавлон Жўрақулов каби инсонлар яшаб, ижод қилиб, бу мас­кан номини дунёга машҳур қилганлар.

Бу олимларни номма-ном тилга олишимиз бежиз эмас. Тарихдан маълумки, жамиятни илмсиз ривожлантириб бўлмайди. Юқорида келтирилган далиллардан шундай хулоса қилса бўладики, илм-фан барча ютуқларнинг гаровидир. Биз қандай мақсадларни олдимизга қўйган бўлсак, барчаси илм ва адолат тамойилларига таянади. Шу сабабли ҳам, биз ўз дастурий вазифаларимизда илм-фан масалаларига алоҳида ўрин ажратганмиз.

Шу ўринда Самарқанд вилоятида яна нималарга эътибор қаратишни мақсад қилганимиз ҳақида ҳам тўхталмоқчиман.

Биринчидан, биз “Юксак ҳуқу­қий маданият — мамлакат тараққиёти кафолати” деган концептуал ғояни амалга ошириш мақсадида Самарқанд вилоятида “Конс­титуция хиёбони” барпо этиш, унинг марказига Конституциянинг рамзий монументини ўрнатиш таклифини илгари сурамиз.

Замонавий медиа-аудиовизуал ва бошқа кўргазмали воситалар асосида яратилган “Конституция хиёбони” аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишда, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Иккинчидан, Каттақўрғон сув омбори бўйлаб халқимизнинг “ҳашар” деган удумини, эл-юрт манфаати йўлидаги куч-қудрати ва жасоратини намоён этувчи Очиқ осмон остидаги музей барпо этиш таклифини илгари сурамиз. 

Музей экспонатлари буюк сўз султони Алишер Навоийнинг афсонавий қаҳрамони Фарҳод сингари юрт ўғлонларининг тас­вири ёш авлод онгига сингиб борадиган даражада яққол бўртиб кўринадиган, ҳар қандай сайёҳни эътиборсиз қолдирмайдиган меъморий хусусиятларга эга бўлиши жоиз бўлади. 

Биз мамлакатимизда кечаётган демократик жараёнларни, ўтаётган ҳар бир кунимизни мус­тақиллик берган неъмат, деб биламиз. Бугун мамлакатимизда демократиянинг барча талаб­ларига мос равишда сайловга тайёргарлик кўрилди. Барчангизни 24 октябрь куни бўладиган сайловда фаол иштирок этишга, жонажон Ўзбекис­тонимизнинг келажаги учун овоз беришга чақирамиз.

Фарруҳ Рустамов, 

партия фаоли:

— Номзоднинг Сайловолди дас­туридан жой олган “Адолат” СДП ижтимоий адолат, қонун устуворлиги ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини мужассам этадиган ғояларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.

Айниқса, дастурдаги мамлакатимизда ижтимоий — фан, таълим, тиббиёт соҳаларини янада ривожлантиришдаги фикр ва ғоялар кўпчиликка манзур бўлди.

Хусусан, номзоднинг Сайловолди дастуридаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги аҳоли орасида тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзининг қарор топишига эришиш, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, “Тиббий маданият” тизимини яратиб, аҳолига замонавий, юқори технологияли, ихтисослаштирилган ва малакали тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш самарадорлигини янада ошириш ижтимоий тараққиётимизни жадаллаштиради, деган фикр­ларини қўллаб-қувватлаймиз.

Мен электорати асосий қисмини педагоглар, шифокорлар, инженер-техник ва илм-фан вакиллари ташкил этган “Адолат” социал-демократик партияси номзодини қўллаб-қувватлайман. 

Шаҳризода Ҳакимова,

партия фаоли:

— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” СДПдан кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Сайлов­олди дас­тури билан танишдик. Унинг мазмун-моҳияти, устувор йўналишлари ҳамда унда илгари сурилган ғоя ва мафкура мамлакатимиз тараққиётининг кейинги беш йиллигига ҳар томонлама мос эканига гувоҳ бўлдик.

Номзоднинг Сайловолди дастурида бюрократизм, коррупция ва тўрачиликка қарши кураш масаласининг алоҳида баён этилганлигини мамнуният билан эътироф этиш лозим. 

Мен Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов дас­турини қўллаб-қувватлайман.

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Тараққиётнинг тамал тоши илм-фан ва таълим-тарбияда

admin

АДОЛАТ

admin

Жадид, дипломат Акбар Ўрозалиев

admin