Мозийдан бизгача бут етиб келган
«Девону луғатит турк» ва «Абушқа».
Чиғатой, туркийда хўп машҳур бўлган
«Санглоҳ», «Келурнома» ― беназир нусха.
Қай бирин ўқидик, кўзларга суртдик,
Борми унинг хатти дорилфунунда?
Луғатлар саройин қай юртда қурдик,
Жаҳонда бизнинг тил қайси ўринда?
Ўзбекча луғатда неча минг сўз бор,
Саноғи тахминан ҳисоб этилган.
Қанчаси биз билан яшайди душвор,
Қанчаси ёзилмай ташлаб кетилган.
«Архаик» дедиг-у ноёб сўзларни
Чиқариб ташладик муомаладан.
Сўзларга зеб берган тилчи заргарни
Қадрига етарми ҳар бир хонадон.
Азим шаҳарларда чулчут сўз талай,
Уни пешлавҳага йўниб, ўйганмиз.
Адабий услубдан қочиб, ҳар қалай,
Жайдари гапларга меҳр қўйганмиз.
Киною театр, томошаларда
Сўзлашар саҳнада пухта, пишганлар.
Шева бор, лаҳжа бор қишлоқ, шаҳарда,
Қай тилда гаплашар тоғдан тушганлар.
Фарзандлар эртамиз, тиллари бийрон,
Бизнинг байтимизни тинглаб ўсарлар.
Гапга тушунмас деб, бўламиз ҳайрон,
Чучмалсўз болалар биздан ўтарлар.
Қийналиб ўқиймиз боболар хатин,
Навоий сатрига «таржимон» керак.
Эҳ, юзлар шувуту нигоҳлар ҳазин ―
Хатони ўнглашда ким берар кўмак.
«Мобил»ча ёзишлар қотирар бошни;
Кириллча, лотинча аралаш ҳарфлар.
Имло хатолари оз бўлса, кошки,
Қўрқувга солади бу каби хавфлар.
Биз ким, ҳар соҳада илғормиз, хақмиз,
Неки илм бўлса, мухтасар бизда.
Нотиқмиз, азалдан сўзамол халқмиз
Ҳар сўзга изоҳ кўп ўзбекча сўзда.
Эркинмиз, озодмиз, ҳурмиз, мустақил ―
Ихтиёр, майлимиз ўз қўлимизда.
Елкадош бўлайлик, бўлиб дўст, аҳил,
Бирдам ва баробар ўз йўлимизда.
Тил ― миллат кўзгуси! Ёддан чиқарманг,
Эй давлат тилини унутган зотлар!
Соф ўзбек тилини авайланг, асранг,
Қадримиз тўкмасин бебурдлар, ётлар!
Тил ― миллат кўзгуси! Унутманг зинҳор,
Сўзни куйга солинг, чалинг баётлар!
Жаҳон айвонида ўз ўрнимиз бор,
Бор бўлсин халқона адабиётлар…
Муҳиддин ОМАД
Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!
