ADOLAT 24

Сабоқ

Мамлакатимиз мутақиллигининг рамзларидан бири ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун, яъни Ўзбек тили байрами арафасида йўловчиларга бирмунча қулай (тезроқ ҳаракатланади, истаган жойингизда тўхтайди) ҳисобланган транспорт воситаси — “маршрутка”да (узр, ўзбек тилида аталишини “йўналишли такси” десак, маъносини анг­латмай қолаяпти) кетаётган эдик.

Албатта, тартиб-қоидани яхши биласиз: йўловчи тушадиган манзилига яқин қолганда олдинроқ бу ҳақда ҳайдовчини огоҳлантириши зарур. Акс ҳолда “Шуни эртароқ айтсангиз бўларди-ку” деб ҳайдовчи сизга дўқ уради. Майли-да, уни ҳам тушуниш керак. Йўлда автомобиллар кўп. Бирдан транспортни тўхтатишга қийналади.

Орқадаги ўриндиқда ўтир­­ганим учун аста олдинга ўтишга ҳаракат қилдим. Чилонзор савдо мажмуасига яқин қолганда ҳайдовчига “Кейинги бекатда тўхтатинг, тушиб қоламан”, дедим овозимни баландлатиб. Кўзи йўлда бўлган ҳайдовчи гапимни тушунди.

— Бекат… бекат деб остановкани… айтаяпсизми? — деб тутилиб-тутилиб сўради.

Бундай кутилмаган, ажабтовур сўроқни эшитиб, ўзора гап­лашиб келаётган йўловчилар бирдан жим бўлиб қолишди. 

— Ҳа, ҳа, бекатда тушаман, — деб жавоб қайтардим.

— Бизнинг тилда остановка дейилади-да, — деди ҳайдовчи ўзининг гапини ўзи маъқуллаб.

Энди унинг бу гапи аввалгисидан ҳам ошиб тушди, шекилли, йўловчилар орасида шивир-шивир бошланиб кет­­­ди: “Э, ҳайдовчи ўзбекми ўзи?”, “Бунақалар ўз она тилидаги сўзни ҳам билишмайди”, “Кўпчилик билан муомала қилгандан кейин ўзбек тилини ўрганиши керак-да”…

 Олдинги ўриндиқда ўтирган оппоқ соқолли отахон менга юзланди:

— Умрингдан барака топ, болам. Ўзбек тилида тўғри гапирдинг. Тилимизда ҳар бир жойнинг ўз номланиши бор. Бунинг учун бошқа тилдан қарзга сўз олишга умуман зарурат йўқ. Она тилимизни бузадиганларнинг шундай боплаб оғзига уриб туриш керак. Акс ҳолда аралаш-қуралаш қилиб, оғзига келганини айтаверадилар, — деб куюнчаклик билан гапирди, бош­­қа йўловчилар ҳам отахоннинг сўзларига қўшилди…

Мен манзилимга етиб, бекатда тушиб қолдим. Хурсанд бўлганимни ҳам анг­лаган бўлсангиз керак. Ёшу кекса юртдошларимиз она тилимизга нисбатан ҳурматсиз муносабатда бўлишга асло жим қараб турмайди. Отахон айтганидек, тилимизни бузадиганларнинг боп­лаб оғзига уради. Бу уларга сабоқ бўлади.

Суюндик МАМИРОВ,

«Adolat» мухбири

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Инфографика

admin

Депутат ҳисобот берди

admin

Фуқаролар эртага эмас, бугун яхши яшаши керак 

admin