ADOLAT 24

Юз билан юзлашаётган “МУШТУМ” яна чоп этила бошланди

Миллий матбуот марказида яна чоп этила бошланган “Муштум” журналининг янги сони тақдимот маросими ўтказилди. Тадбирда ҳажв жанрида қалам тебратаётган ёзувчилар, карикатурачи рассомлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, “Муштум” журналининг ихлосмандлари иштирок этишди.

Тақдимот маросимида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, “Муштум” журнали бош муҳаррири Носиржон Тошматов, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва бошқалар сўзга чиқиб, бир пайтлар ойига бир миллион етти юз минг нусхада нашр қилинган журналнинг бугунги кунда жамиятимизда тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди.

Журнал қарийб бир асрлик фаолияти давомида ўзбек нашрлари ичида энг мураккаб ва энг оғир йўлни босиб ўтган десак, муболаға бўлмайди. Аммо ҳар қандай даврда ҳам ўз олдига қўйилган вазифани бажаришдан чалғимади. Ҳалол ва ошкора танқид жамият ва одамлар дардига ҳақиқий малҳам бўлишига эришиш журналнинг бош мезони бўлиб қолаверди. У ҳар бир ўзбек хонадонига кулги ва қаҳ-қаҳа, ҳазил-мутойиба олиб кирди. Саҳифаларида чоп этилган танқидий мақолалар, фельетонлар орқали жамиятни турли иллатлардан тозалашга салмоқли ҳисса қўшди.

Тадбир иштирокчилари журналнинг янги сони билан танишиб, унда чоп этилган ҳажвий мақолалар ва карикатуралар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Унинг навбатдаги сонларида яна қандай мавзулар ёритилиши, ҳажвчи ёзувчиларни ижодий ҳамкорликка чақириш, ёш қаламкашларга маҳорат дарслари ўтиб, қалами ўткир, тажрибали журналистлар етиштириш лозимлиги ҳақида гапирдилар.

“Муштум” олдига қўйилган мақсад-вазифалардан, йўналишидан келиб чиқиб, бугунги кунда ҳам жамиятимиздаги турли иллатларга, кундалик ҳаётда учраётган зарарли одатларга қарши курашишда муҳим маънавий восита вазифасини ўташига ишонамиз ва жамоанинг келгуси ишларига ижодий парвозлар тилаймиз.

“Адолат”чилар

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

Мактаб қабулидаги янги тизим хатоларини тўғирлай оладими?

admin

Сохталик панд берди

admin

Бош вазир давлат пулига нонушта қилгани учун пушаймон

admin