Яширишга ҳожат йўқ, бугунги кун гўзаллик стандартлари нафақат ташқи кўринишга, балки инсон ҳаётининг барча жабҳаларига ҳам таъсир кўрсатяпти. Таниқли шоу-бизнес вакиллари ва телебошловчилар бу борада отни аллақачон қамчилаган. Балки шунинг учундир, айни даврда ижтимоий тармоқлардаги трендлар, реклама роликлари, лайфстайл блоглари бир овоздан замонавий гўзаллик формуласини таклиф қилмоқда: лабларни шиширинг, камчиликларни яширинг, қўшимча рангли сочлар уланг, юзингиз ёки қоматингизга хирургик процедура жалб қилинг. Наинки юзлаб, минглаб аёллар хаёлида шу босқичлар амалга оширилгандагина “идеал гўзаллик” соҳибасига айланар эканлар. “Турмуш ўртоғим бурним қийшиқлигини юзимга солади”, “Лабларим катта-катта бўлса, йигитларга ёқаман”, “Фалон артист ошқозонининг ярмини олдириб ташлабди, озишда супер натижага эришган”… Аммо бу жараён инсоннинг ўз-ўзига бўлган адекват ишонч даражаси ҳамда жамиятдаги ижтимоий муносабатларни ҳам четлаб ўтмаяпти. Яъни кўпчилик сунъий гўзалликнинг салбий оқибатлари, молиявий хавфи, қўйингки, психологик босими ҳақида етарли даражада бош қотираётгани йўқ. Ҳақиқатан, гўзаллик кимга ҳам ёқмайди, дейсиз?! Бироқ бу табиий қиёфанинг қадрсизланиши эвазига бўлиши керакми? Наҳотки, табиийлик энди етарли эмас, балки эскирган тушунча дея қабул қилинаётган бўлса? Қуйида ушбу масалани таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.
Гўзаллик меъёрларининг тарихий илдизлари
Инсон табиатида азалдан гўзалликка интилиш, ўзи яратган оламда эстетик мувозанат излаш истаги бор. Шу учун ҳам одамзот, Ўткир Ҳошимов таъбири билан айтганда, кафтдек ҳовлисига помидор эмас, гул экади. Биз гўзаллик тушунчасини ўз онгимиз, дунёқарашимиздан келиб чиқиб, турфа тасаввур қиламиз. Лекин барибир қалбимизда яратувчанлик, илҳом, яшаш ва яшариш ҳисси мавж ураверади. Бу – ҳиссиётнинг кучи! Келинг, гапни бироз узоқдан бошлайман. Қадимдан буюк рассомлар ўз асарларида бу тушунчани турли ранглар палитрасида ўзига хос тасвирлар орқали англатишга уринган, шоирлар ёзган шеърларида асл гўзаллик васфини қоғозга тўккан, файласуфлар эса инсоният олдига жавоби мавҳум саволлар қўйган. Шундан келиб чиқиб, бу борада ҳар бир давр ўз мезонларини белгилаган, дея оламиз.
Масалан, Қадимги Мисрда Нефертити юзининг симметрик чизмалари инсоннинг ички барқарорлиги ва маънавий гўзаллигини ўзида акс эттирган. Манбаларга кўра, мисрликлар учун идеал қиёфа ҳукмронлик ҳамда салтанат тимсолини ҳам ифодаларди. Миср маликаси Клеопатра кўзи атрофига суртилган коҳл – қора кукундан ҳам куч рамзи сифатида, ҳам коҳлнинг антибактериал хусусияти учун фойдаланган. Бу унга душман ҳудудида кўзларини инфекциялардан ҳимоялашга ёрдам берган.
Юнон аёллари лаб ва ёноқларни бўяш учун майдаланган резаворлар аралашмасидан фойдаланганлар. Рим аёллари эса кўпроқ сунъий гўзалликни ўзлаштирдилар – оқ қўрғошин кукунларидан юзни оқартириш учун фойдаландилар, бу, афсуски, соғлиқ учун зарарли эканини исботлади. Бу хавф уйғониш даври гўзаллик саноатида яна бир поғона юқорилади. Гап шундаки, уйғониш даври аёллари ўша даврнинг гўзаллик меъёрларига риоя қилиш учун ўз соғлиғини хавф остига қўйишга тайёр эдилар, улар гўзалликка қўрғошин асосидаги ўта заҳарли бирикма ёрдамида эришишди. Грецияда мазкур меъёрлар кўпинча узоқ муддатли жисмоний меҳнат ва содда пардоз сифатида қабул қилинган. Ўрта асрларга келиб, гўзаллик инъикоси ўша давр жамиятининг жуда кўп ҳолларда дин ва ижтимоий нормаларига мослаштирилган. Уйғониш даврида инсон қиёфасининг реалистик ва табиий жиҳатларига урғу берилади.
ХIХ аср бўяниш тарихида бурилиш нуқта бўлди. Оммавий ишлаб чиқариш бошланиб, косметикада демократлашув кузатилди. Бу давргача бўяниш юқори синфлар учунгина ажратилганди. Кейинчалик ўрта синф учун ҳам тўсиқ қолмади. Бироқ бу даврда бўяниш билан бирга ахлоқ ҳам ўзгара бошлади. Леонардо да Винчи ёки Микеланджелонинг асарлари айнан гўзаллик ва жисмоний комиллик ўртасидаги боғлиқликни ўзида акс эттирганидан яхши хабардорсиз, албатта. Демак, мавзумиз доминантасининг асосий мезонлари жамиятнинг қадриятлари билан узвий боғлиқ бўлган. Ҳозирги кунда эса булар сунъий вариант орқали янгидан шакллантирилмоқда.
Бугунги кун гўзаллик саноати
Сўнгги ўн йилликда косметик саноат мисли кўрилмаган суръатда ривожланди. Қадимий услублардан фарқли ўлароқ, ҳозирги жараёнлар инсон қиёфасини нафақат ташқи, балки тубдан ўзгартиришни кўзлайди, деган иддаолар бор. Уларга мисол қилиб, эстетик операциялар (ринопластика – бурун шаклини ўзгартириш, липосакция – танадаги ортиқча ёғ тўқималарини камайтириш, кўкрак имплантлари ва бошқа кўплаб турдаги эстетик амалиётлар киради) ҳамда косметик инъекциялар (филлер – юздаги ажинлар ёки нозамбиол чуқурликларни текислаш, ботокс – лабни шишириш, PRP терапияси – ин витро уруғлантиришни (ИВФ) даволаш пайтида тромбоцитларга бой плазма (ПРП) қўлланилиши) танани ёшартириш учун энг оммалашган усуллардан ҳисобланади.
Пластик жарроҳлик, эстетик процедуралар ва косметика бозори жаҳон иқтисодиётининг энг тез ўсиб бораётган соҳаларидан бири эканини “Global Industry Analysis”нинг қуйидаги маълумоти ҳам исботлайди. Қайд этилишича, 2023 йилда пластик жарроҳлик индустриясининг умумий қиймати 15 миллиард АҚШ долларига етган, соҳа мижозлари ҳар йили 9-10% га ортиб бормоқда. Бизнингча, юқоридаги рақамлар жамиятда сунъий гўзалликнинг қанчалик устувор аҳамиятга эга бўлиб қолаётганини кўрсатади. Бироқ жараён ташқи қиёфадаги ўзгаришни эмас, ички ҳиссиётларга ҳам эмоционал босим ўтказишини тан олиш керак.
Статистикага кўра, 2023 йилда дунё бўйлаб 35 миллиондан ортиқ косметик жарроҳлик амалга оширилган. АҚШ, Жанубий Корея, Туркия каби давлатлар эстетик хирургия марказларига айланиб улгурди. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда қолмади. Мамлакатдаги косметология клиникалари сони охирги йилларда сезиларли равишда кўпайди. Янги технологиялардан фойдаланиш орқали юз терисини тиниқлаштириш, лабни катталаштириш, қош тердириш ва тирноқлар парвариши ёки танадаги нуқсонларни йўқотиш хизматлари оммалашди. Кўп ҳолларда бундай жараёнда асосий мижозлар ёшлар, айниқса 18-30 ёшли қизлар бўлди. Бунга ижтимоий тармоқлардаги таъсир, ўз қиёфасини тўғри қабул қилмаслик ва жамиятнинг зоҳирий гўзалликка бўлган эътибори сабаб бўлмоқда.
– Ҳар бир инсон уникал, уни ўзгартиришга уриниш эмас, балки табиийлигини қадрлаш орқали жамиятда соғлом муҳит яратиш мумкин, – дейди ижтимоий психолог Мухлиса Абдукомилова. – Сунъий гўзаллик орзуси, унга етмасликдан келиб чиқадиган депрессия ва ижтимоий босимлардан қутулиш учун ҳар биримиз, аввало, ўзлигимизни ҳурмат қилишни ўрганишимиз керак. Биласизми, айни замонда сунъий гўзаллик стандартларини яратишда ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларининг роли тобора ортиб бормоқда. Яъни “Instagram”, “Tik-tok” тармоқларида медиа жўнатишнинг махсус пардоз воситалари, “Play Market” маркетплейсидаги “Snapchat”, “Persona”, “Cup Cut” каби иловаларда «идеал қиёфа» концепцияси кенг тарқаляпти. Ҳозирги дунёда танага нисбатан “ишлаб чиқариш”га ўхшаш муносабат шаклланди: тана “камчилик”лардан холи бўлиши керак ва идеалга мос бўлиш учун қайта яратилиши лозим. Мазкур идеал гўзаллик меъёрлари миллионлаб инсонларнинг ўзини қабул қила олмаслигига сабаб бўляпти. Бу эса ёшлар ўртасида косметик амалиётларга бўлган қизиқишнинг ўсишига олиб келади.
Келинг, шу ўринда масаланинг ижобий ва салбий томонларини кўриб чиқамиз.
– Замонавий эстетик тиббиёт ва косметик коррекциялар кўплаб афзалликлари билан ажралиб туради, – дейди профессионал эстетист Дилдора. – Масалан, теридаги чандиқлар, юздаги доғлар, “поралар” ёки куйиш асоратлари инсоннинг руҳий ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Косметологик хизматларимиз орқали бу каби нуқсонларни бартараф эта оламиз. Мижознинг ташқи кўринишини яхшилаб, жамиятда ўзини эркин ва ёқимли ҳис қилишига имкониятимиз етарли. Фақат процедура учун оригинал маҳсулотлар, белгиланган тавсиялар, энг асосийси, ҳар бир организм индивидуаллигини унутмаган ҳолда билим ва тажрибани ишга солиб, хизмат кўрсатилса бўлгани. Унутмаслик лозим, ҳақиқий косметолог фойдадан кўра мижоз розилигини устун кўради.
Эстетист фикрича, табиий усуллар орқали йиллар давомида натижага етишиш қийин бўлса, косметик хизматлар қисқа вақт ичида аниқ ва самарали ечим тақдим этади. Масалан, филлерлар қўлланганда, теридаги ажинлардан бир неча кун ичида қутилиш мумкин. Ўзига хослик шундаки, замонавий технологиялар ва инновацион усуллар ўринли татбиқ этилганда, эстетик ўзгаришлар ёшга боғлиқ бўлмай қолади. (Қўпол қилиб айтганда, маҳоратли косметолог кампирни ҳам қўғирчоққа айлантириб қўяди). Ёшларга ҳам, катталарга ҳам мос келадиган косметик хизматлар инсон эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда таклиф этилади.
Умуман, қадимда гўзалликнинг асосий кўрсаткичи табиийлик эди. Масалан, Шарқда гуруч суви ёрдамида тозаланган юз, қора қош, жилвакор узун сочлар аёлларнинг гўзаллиги рамзи сифатида қараларди. Шарқий осиёликлар эса соч турмакларида кўпроқ нафисликка эътибор қаратишган. Уларнинг фикрига кўра, гўзаллик табиатнинг туҳфаси эмас, балки санъат ва меҳнатнинг натижаси бўлиши лозим эди. Шунингдек, халқ табобати, эфир мойлари, гиёҳлардан тайёрланган ниқоблар каби усуллар аёлларнинг ўз қиёфаларини сақлаш ва гўзаллигини ошириш йўлида синалган воситалар бўлган. Аммо ҳозир вақт нуқтаи назари, авлодлар ўртасидаги тафовут ва ривожланиш босқичи ўз сўзини айтмасдан қолмади. Аммо такрор ва такрор таъкидлаймизки, бугунги кунда сунъий гўзаллик хизматларидан фойдаланаётган аёл-қизларга ёппасига лой чаплаш ўринсиз бўлади. Сабаби таклиф этилаётган косметик инъекциялар ва эстетист тавсиялари баъзи аёлларга ҳақиқатан ҳам ёрдам берган, фойдаси теккан.
– Аввало, бизнинг жамиятда косметологга бўлган салбий муносабатни алоҳида ёритаётганингдан хурсандман, – дейди Муқаддам Маматова. – Шуни алоҳида таъкидлашни истардим: косметолог ёки эстетист дегани, албатта, лабни шишириб, қошнинг шаклини ўзгартиришни англатмайди. Бу ҳам бугунги замонавий тиббиётнинг бир йўналиши. Худди шифокор танамиздаги муаммоларни бартараф этганидек, косметолог ҳам гўзал кўринишимиз учун ҳаракат қилади. Биргина юздаги тошмаларни олайлик. Бу деярли ҳар 10 кишининг 7 тасига бегона эмас. Мен қандайдир муаммо ичида ўсмаганман, кичиклигимда кўп қуёш нури остида бўлганман, қовоғим сал шишган, пешонамда чизиқлар бор эди. Юз терим жуда қуруқ бўлгани учун вақти-вақти билан “чистка” ва махсус “уход”ларга бориб тураман. Фойдаси бўлади. Бозордан дуч келган нарсани олиб келиб, сургандан кўра, озгина харажат билан малакали мутахассисга кўринган яхши, деб ўйлайман. Аёл киши яқинлари учун йилда ҳеч қурса 2 маротаба косметологга борса, бунинг нимаси ёмон?
Тармоқларда тарқаладиган “қўрқинчли тасвирлар” профессионализмдан холи амалиётлардир!
– “Парда ортида”ги маълумотларга кўра, косметик муолажаларнинг бир нечта жиддий таъсирлари кузатилади, – дейди филолог Ҳилола Мирзаева. – Биринчиси, инсон бир марта бошлагандан сўнг ўзини тўхтата олмаслиги. Масалан, аввал лабига 0,5 мл гел қуйдирган бўлса, кейинги сафар 1 мл, ундан кейин 1,5 мл.гача ошириб бораверади. Бу ҳолат ботолатоксинга тобора муккасидан кетишга олиб келиши аниқ. Шахсан ўзим бу муолажаларга мурожаат қилишга журъат этмаганман. Тасаввур қилинг, агар табиий кўринишингизга қайтиш имконияти қолмаса, бу жуда катта йўқотиш, дегани. Шу сабабли табиийликни сақлаш, лозим бўлганда бачканаликдан холи пардоз етарли, деб биламан.
Ҳилола Мирзаеванинг фикрича, терига киритилган «тўлдирувчи» натижасида терининг бўшашиши ва осилиши янада кучаяди. Оқибатда инсон косметик муолажаларни доимий равишда бажаришга, ҳатто ҳар гал янада қиммат турларидан фойдаланишга мажбур бўлади. Шунингдек, кўп ҳолларда косметологлар ўз даромадларини ошириш мақсадида мижозларга ҳақиқатан ҳам зарур бўлмаган, кераксиз процедураларни тавсия қилади.
– Илк марта лабим шаклини ўзгартириш учун клиникага борганимда, жарроҳлик муваффақиятли кечди, – дейди 29 ёшли Шаҳзода. – Бироқ иккинчи процедурам бошқа клиникада бўлди. Лабимдаги инъекция нотўғри қилинган экан, шиш кузатилди. Оқибатда, даволаниш учун яна катта харажатга тушдим. Кейин яхшилаб суриштирсам, иккинчи муолажа қилдирган жойда оригинал маҳсулотлар ишлатилмас экан. Нархларда эса тафовут йўқ. Бу – инсофсизлик. Тағин ҳам бир марталик шприцлар, қўлқоплар олиб бориб берганим. Ким билсин, пул учун бедаво дардларга чалиниб қолишинг ҳам мумкин бундайлар қўлида.
– Юзимга угри тошгани учун плазмолифтинг муолажасини қилдирганман, – дейди Мадина Ражабова. – Кимга қандай, лекин фойдасини сезмадим. Бошқа профессионал косметологдан зарур воситалар оламан ва шу тўплам билан юраман. Натижаси кейин билинди. Бу ҳам харажат. Ўртача ойлик етмайди.
– Ўтган йили ёзда роса қорайиб кетганман, – дейди Сабина Азизова. – Оқартирадиган пилинг сотиб олдим. Юзим куйиб қолган. Уйга бориб, чиройли бўлиб кетганимни бир ойнада кўрай, десам куйган юзни кўрганман. Қўрқиб кетганман. Таниш дерматолог тавсиялари билан яхши бўлдим. Аммо косметологик амалиётлардан кўнглим қолди.
“Telegram” тармоғидаги “Kopirayterlar jamoasi” гуруҳида ўтказилган “Хотин-қизлар ўртасида косметологик хизматлардан фойдаланиш” мавзусидаги сўровномага кўра, респондентларнинг 54 фоизи косметологик хизматлардан бир ёки икки маротаба бўлса ҳам фойдаланганини маълум қилган. Қолган 46 фоизи уй шароитида ва ижтимоий тармоқлардаги эстетист саҳифалари орқали юз парваришини амалга оширишини айтган. Албатта, ҳар бир инсон ўз қиёфасидан мамнун бўлишни, ўзига нисбатан ишонч ҳиссини туйишни хоҳлайди. Бугунги кунда косметологик хизматлар нафақат ташқи кўринишни яхшилаш, балки одамларнинг ички руҳиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатиш билан алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бироқ мамлакатимизда соҳа етарли даражада профессионал кадрларни қамраб олмагани туфайли амалга оширилган косметологик хизматларнинг катта қисми кутилгандан кўра салбий, бирмунча ёмон оқибатларга олиб келганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Бунга тўхталишдан аввал биз инобатга олмаган жиҳатларни келтириб ўтиш ўринли бўлади.
– Қариликни ҳар ким ҳам осон қабул қилмайди, – дейди пластик жарроҳ Нодир Ибатов. – Аммо вақт ўз ҳукмини ўтказади. Масалан, тери осилишини олайлик. Бу ҳам бир касаллик. Шунинг натижасида қош ва кўз ўртасидаги тери қатлами қовоққа юк бўлиб тушади. Бу кўздаги босимни ошириб, оғриқ пайдо қилади. Пластик операциямиз ёрдамида буни бартараф қилиш мумкин. Ёки бўлмаса, бурун пластикаси фақат чиройли кўриниш учун қилинмайди. Ичига кирсак, икки хил пластика бор: эстетик ва функционал. Нафас олишни яхшилаш бўйича чора сифатида кўрилса, бу функционал. Ҳазил оҳангида айтсак, “Узун бурнингни ҳар жойга суқаверма” кўринишида муаммони ҳал қилишга қаратилган бўлса, эстетик бўлади. Кечириб қўясизу, ижтимоий тармоқларда қўрқитадиган даражада тарқалган “ҳосила”лар шунчаки профессионализмдан холи амалиётлардир. Бунда беморнинг ҳам айби бор, аввало, у косметолог ёки пластик жарроҳдан малака сертификати ёки олий таълим дипломи, хизмат кўрсатиш гувоҳномасини сўраши ва аввалги мижозлари фикрини ўрганиш лозим.
Хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Аммо гўзаллик бу сунъийлик дегани эмас, балки кимлигимиз, ғояларимиз ва энг асосийси, миллатимиз ҳамда шахсий тарбиямизни ифодалашнинг воситасидир. Шундай экан, бу борада ҳам олтин ўрталикка риоя қилинса, ҳаминқадар хоҳиш эмас, балки зарурат туфайли эҳтиёж сезилса, ишончли мутахассисларга учраган маъқул. “Онангни отангга бепардоз кўрсатма” дейди халқимиз. Зеро, замонавий воситалар табиийликни янада ёрқин намоён этишга ёрдам бериши лозим, уни йўқ қилишга эмас.
