Тарихий битикларда Жалолиддиннинг турли мамлакатлар ҳукмдорлари билан ёзишмалари ва бу ёзишмаларда Султоннинг уларга нисбатан ҳамда уларнинг Султонга нисбатан муносабатлари, уларнинг бир-бирларига ўзаро қандай мурожаат қилганликлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам ўрин олган.
Маълумки, халифа Носир даврида Бағдоддаги Олий девон билан Жалолиддин ўртасида яхши муносабатлар ўрнатилмаган. Шунга қарамай Жалолиддин Ҳиндистондан Исфахонга келган пайтда Халифага йўллаган дастлабки мактубларида унга ҳурмат-эҳтиром билан «Сизнинг итоатгўй хизматкорингиз Султон Санжарнинг ўғли Менгбурний» деган сўзларни ёздирган. Халифа Носир эса унга жавоб мактубларида «Муҳтарам жаноб Хоқон!» (Ал-жаноб ар-рафиъ ал-Хоқони) деб мурожаат қилади.
Халифалик тахтига ал-Мустансир ўтирганидан кейин Олий девон билан Жалолиддин ўртасида яхши муносабатлар ўрнатилади. Натижада иккала томондан ҳам йўлланиладиган мактублар, номаларда ўзаро ҳурмат-эҳтиром кучаяди. Султоннинг Халифага мурожаати «Бизнинг муҳтарам жанобимиз ва ҳомийимизга, Амир ал-мўъмининга, муслимлар имомига, олам ҳукмдорининг элчиси ворисига, Машриқ ва Мағрибнинг имомига, Мўъаийн ибн ғолиб сулоласининг энг улуғига» каби улуғ унвонлар билан бошланиб, «Сизнинг қулингиз» деган сўзлар билан якунланади. Жалолиддин Халифалик девонидан ўзига фақат «Султон» деб мурожаат этишларини илтимос қилади. Аммо Олий девондагилар унинг бу илтимосини қабул қилмайдилар. Чунки ундан олдин ўтган бирорта ҳукмдорга халифалик бундай унвон билан мурожаат қилмаган экан. Лекин шунга қарамай Мустансир халифа бўлгач, Жалолиддинга ҳурмат юзасидан «Муҳтарам жаноб шоҳаншоҳ» (Ал-жаноб ал-али аш-шаҳиншоҳ) деб мурожаат қилади. Жалолиддин атрофидаги давлатлар ҳукмдорларига нома йўллаганда ўзининг, отасининг номларини тўлиқ ёздириб, «султон» деган унвон билан имзо чеккан. Фармонларидаги, ёрлиқларидаги тамғасида «Ёрдам фақат ягона Аллоҳдан» деган сўзлар битилган. Уларга «акангиз, укангиз, хизматкорингиз, сизни дилдан эҳтиром қилувчи» ёки шунга ўхшаш сўзлар ёзилмаган. Бундай сўзларни ёзишга Султоннинг ўзи рухсат бермаган. Жалолиддинга халқ орасидан чиққан вакиллар, оддий одамлар «Султон ёки Хоразмшоҳ» деб эмас, «Худованди олам» деб мурожаат қилишган. У халқнинг, оддий одамларнинг бундай мурожаатларини хуш кўрмаган. Бундай мурожаатларни тақиқлаган.
Жалолиддиннинг оилавий ҳаёти, хотинлари, фарзандлари тақдири хусусида муаррихлар тўла ва мукаммал маълумотлар ёзиб қолдирмаганлар. Лекин тарихий битиклардаги баъзи фактлар, манбалар унинг оилавий ҳаётига оид айрим жараёнларни ойдинлаштиришга хизмат қилади. Муаррихлар унинг 5 ёшли ўғли Синд дарёси бўйидаги жанг пайтида мўғуллар қўлига асир тушиб қолганлиги ва у Чингизхон буйруғига кўра ўлдирилганлиги ҳақида маълумот берадилар. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, у 15-16 ёшларда уйланган. Агар Синд дарёси бўйидаги жанг 1221 йилда ўтганлиги ҳисобга олинса, катта фарзанди 1216 йилда туғилганлиги маълум бўлади. Шу жанг пайтида Жалолиддиннинг онаси ва унинг ҳарамидагиларнинг ҳаммаси сувга чўктирилган. Демак, биринчи фарзандининг онаси ҳам ўша йили вафот этган бўлиб чиқади. Маълумки, Синд дарёсидан Султоннинг хотинларидан тоғаси Амин Маликнинг қизигина тирик чиқади ва у Жалолиддин билан умрининг охиригача ҳаёт кечиради. Улардан битта қиз дунёга келади. Бу қизнинг вояга етганлиги ҳақидаги маълумот 1230 йилда Қўниё султони Оловуддин Қайқубоднинг дўстона ҳамкорлик ўрнатиш учун Жалолиддин ҳузурига элчи юбориши ва шу элчи орқали унинг қизининг қўлини ўғлига сўраши натижасида маълум бўлади. Лекин Султон қизини Оловуддин Қайқубоднинг ўғлига беришга рози бўлмайди.
Тарихчиларнинг баъзилари Султоннинг кўп уйланганлигига эътибор қаратиб, Жалолиддинда аёлларга ўчлик бор эди, уларни танлаб ўтирмасдан тан маҳрамликка олаверарди, деб ёзадилар. Тўғри, Жалолиддин кўп уйланган. Бу уйланишларининг бир қисми ўша давр тақозосига, талабларига кўра амалга оширилган. Яъни, мамлакатлар ҳукмдорлари ўртадаги зиддиятни, қарама-қаршиликларни бартараф этиб, ҳамкорлик ўрнатганда, дўстона алоқаларни тиклаганда бу ҳамкорлик ва дўстлик мустаҳкам бўлсин деган мақсадда иккала томон қиз олиб, қиз беришган. Шу сабабли Жалолиддин Ҳиндистонда пайтида Хоккар-Сангин қабиласи ройининг, Деҳли султони Шамсиддин Элтутмишнинг, Кирмонда Бароқ Ҳожибнинг, Форс ўлкасида отабек Саъднинг қизларига уйланади. Қолаверса, Жалолиддин, тарихчилар айтганидек, аёлларга эмас, аёллар Жалолиддинга ўч бўлишган. Айни пайтда аёлларнинг бир қисми Султонни кўриб, уни хоҳлагани учун у билан турмуш қуришган бўлса, яна бир қисми қўл остидаги қалъалар, шаҳарлар, вилоятларга ҳукмдорликни сақлаб қолиш мақсадида Жалолиддин билан ёстиқдош бўлишга розилик билдиришган. Ана шундай мақсадда отабек Ўзбекнинг хотини, Малик Хомушнинг хотини, Нахичеван ҳукмдори малика Жалолия, Малик ал-Ашрафнинг хотини Тамтаъ ва бошқалар султон билан маълум муддат яшаганлар.
Жалолиддиннинг яна бир ўғлини исми Қоймақаршоҳ бўлган. Унинг онаси туркманларнинг Иваиййа қалъасининг малиги Шиҳобиддин Сулаймоншоҳнинг синглиси эди. Жалолиддиннинг унга уйланишининг сабаби бор эди. Султон 1224 йилда Бағдод атрофларидан қайтаётганда Шиҳобиддин Сулаймоншоҳнинг қалъаси атрофида тўхтайди. Султон Шиҳобиддин ҳузурига одам жўнатиб, ундан аёллардан бирини юборишни сўрайди. Шиҳобиддин Султонга ўзининг синглиси тортиқ қилади. Бу тортиқ ортида унинг ўзини Жалолиддинга яқин олиш, у билан ҳамкорлик ўрнатиш нияти ҳам йўқ эмас эди. Султон бу ерларни тарк этганидан кейин орадан бир қанча вақт ўтиб Шиҳобиддиннинг синглисининг хизматкори келиб, унинг ҳомиладор эканлиги ҳақидаги хабарни етказади. Султон Шиҳобиддиннинг синглисини ҳузурига чақиртириб олади ва ундан Қоймақаршоҳ дунёга келади. Бола уч йил яшайди. Шиҳобиддин Муҳаммад Насавий уни «Ниҳоятда зеҳнли, нозик, ёқимтой, Султоннинг бошқа ўғил фарзанди бўлмагани сабабли ҳамма учун арзанда бола эди. У Султон Ҳилот атрофида турганда вафот этди. Унинг ўлимида Султоннинг қизини эмизувчисини айбдор деб топишди. Султоннинг бу қизи унинг Форс ҳукмдорининг қизи бўлган хотинидан туғилганди. Эмизувчи энага болага кўп нарса ичириб, шу тариқа ўлдирган дейишди. Яна ким билади дейсиз?» деб ёзади. Тарихчи Ибн Биби Қоймақаршоҳ Жалолиддин 1230 йилнинг 10 августида Ясси Чаманда иттифоқчилар қўшинидан мағлуб бўлганда асир олинган, деб маълумот беради. Бу ўринда Ибн Биби маълумотидан кўра Шиҳобиддин Муҳаммад Насавийнинг маълумоти ҳақиқатга яқин. Чунки Насавий бу воқеанинг бевосита гувоҳи бўлган.
Шу ўринда яна бир факт, Жалолиддиннинг катта қизидан бошқа яна бир қизи бўлганлиги ҳақидаги маълумот ҳам эътиборга молик. Бу қизнинг онаси отабек Саъднинг қизи бўлган. Жалолиддин оиласида яна бир бола тарбия топган. Бу Душхон ибн Ахашмалик бўлган. Ахашмалик Султоннинг тоғасининг ўғли эди. Ахашмалик Жалолиддинни Синд дарёси бўйидаги жанг бағридан олиб чиқиб, мўғуллар қуршовидан халос бўлишига ёрдам берган, кейинчалик Исфахон жангида ҳалок бўлганди. Шунинг учун Султон унинг ўғли Душхонни ўз тарбиясига олганди. Одамлар уни Султоннинг ўзининг ўғли деб ўйлашган. Султон ҳам уни ниҳоятда яхши кўрган ва фарзандлари қаторида ардоқлаган, унга алоҳида меҳр қўйган. Душхон ҳам Султон Ҳилотни қамал қилаётган пайтда касалликдан вафот этади. Ўша пайтда ҳукмдорлар тартиб-қоидаларга кўра, ҳатто яқин одамлари бўлса ҳам, ўлик ётган жойга кирмаганлар. Лекин Жалолиддин Душхонга меҳр-муҳаббати туфайли унинг майити ётган чодирга кирган ва кўзда ёш билан видолашган. Тарихий битикларда Жалолиддиннинг яна бир ўғли Манқатойшоҳ ҳақида ҳам хабар берилади. Лекин унинг ҳаёти, тақдири ҳақида маълумот учрамайди. Умуман, Жалолиддин ўлимидан кейин унинг икки қизи ва бир ўғли ҳаёт бўлганликлари ҳақида сўз юритилади. Аммо уларнинг кейинги тақдирлари қандай кечганлиги номаълум.
Жалолиддин Мангуберди, ҳақиқатан ҳам Ватан озодлиги йўлида жонини фидо қилган довюрак курашчи, миллий қаҳрамон, Шарқ халқлари тарихида ўчмас из қолдирган буюк инсон, ватанпарвар, адолатпарвар, халқпарвар шахс эди. Шунинг учун унинг номи, мардлик ва қаҳрамонлиги нафақат мамлакатимиз ва Марказий Осиё ҳудудида, балки дунё миқёсида барча даврларда таниқли жамоат арбоблари, олимлар, тарих билимдонлари томонидан эҳтиром билан тилга олинади. Султон Жалолиддин Мангуберди ҳақида XIV асрда ҳаёт кечирган тарих илмининг билимдонларидан бири Шамсиддин Муҳаммад Заҳабий «Мўғуллар қўшинлари Чингизхон давлат тепасида турган пайтда бирорта рақибидан мағлуб бўлмаган. Фақат Султон Жалолиддингина унинг қўшинини олти марта жангларда мағлубиятга учратган. Шунинг учун ҳам Султон мардликнинг, қаҳрамонликнинг тимсолига айланган» деб ёзса, XV асрда яшаган бошқа бир муаррих Тақиуддин Аҳмад ал-Мақризий «Юртга, халққа муҳаббат, мардлик, босқинчиларга қарши беаёв кураш каби улуғвор хислатлар ўша давр учун ҳаётий заруратга айланганди. Ҳеч ким амалга оширолмаган бу ҳаётий заруратни Султон Жалолиддин юзага чиқарди. Унинг буюклиги ҳам шунда!» деб фикр билдиради. Атоқли адиб, тарихчи Муҳаммад Авфий Жалолиддин фаолиятига юксак баҳо бериб, уни «Бирор-бир ўлкага босқинчилик қилган душманларга қарши курашиш барча замонлар ва маконларда улуғвор иш деб ҳисобланган. Шу сабабли ҳамма халқларда бу борада фаолият юритган инсонлар қаҳрамонлар дея улуғланган. Жалолиддин Мангуберди нафақат ўз халқини, балки шарқдаги кўп халқларни мўғуллар зулмидан халос қилди. Бу ҳолат уни қаҳрамонлар қаҳрамони даражасига кўтарди», деб улуғлайди.
XVII – XVIII асрлардан бошлаб ғарб тарихчилари – Европа ва рус шарқшунослари орасида Хоразмшоҳлар, хусусан, Жалолиддин Мангуберди тарихига қизиқиш кучайди. Француз шарқшуноси Виктор Розен Шиҳобиддин ан-Насавийнинг «Сийрат» асарига сўз» тадқиқотида «Жалолиддин Менгбурнийни ғарб тарихчилари улуғ ва қудратли рицарга менгзайдилар. У, ҳақиқатан ҳам, шундай. Айни пайтда, у нафақат Шарқнинг, мусулмон оламининг, балки бутун инсониятнинг буюк рицари ҳисобланади», деб баҳо беради. Инглиз олими Эдвард Томас эса «Хроника» асарида «Ақл ва фикрлаш қобилиятига эга бўлганларга маълумдирки, бу дунёда яхши ном қолдириш абадий ҳаётга эришишдир. Султон Жалолиддин қисқа умри ва ҳукмронлиги давомида мўғулларнинг босқинчилик хуружларини даф этиб, шарқ халқларининг аксариятига озод ҳаёт бахш этиши натижасида абадий ҳаётга эришганлардан биридир», деб уни улуғласа, немис Жалолиддиншуноси Андре Мюллер тадқиқотларида «Халқи ва юртини душманлардан ҳимоя қилиш ҳукмдорлар зиммасидаги азалий вазифа ҳисобланади. Лекин шу вазифани Султон Жалолиддин Менгбурнийдек бажарган ва бу иш учун жонини фидо қилган ҳукмдор камдан-кам топилади», дея шараф билан тилга олади. Рус олими, Хоразмда ярим асрдан ошиқ археологик қазишмалар олиб бориб қадимги Хоразм тарихини тиклаган улуғ тадқиқотчи, академик Сергей Толстов «Хоразмшоҳлар давлати Жалолиддин Мангуберди тимсолида Европани ва унинг асрларга тенг тараққиётини мўғуллар босқини туфайли юз берадиган таназзулдан қони ва жони эвазига асраб қолди», деган хулосага келган бўлса, озарбайжонлик олим, Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавийнинг «Сийрат ас-Султон Жалол ад-Дин Менгбурний» асари таржимони, «Хоразмшоҳ Ануштегинлар давлати» асари муаллифи Зиё Бунёдов «Сўнгги Хоразмшоҳ Жалолиддин Менгбурний мўғул босқинчиларига қарши жанговар курашлари ва беқиёс мардлик-матонати билан ватанпарварлик, ёвузликка қарши кураш борасидаги шон-шарафнинг юксак чўққисига кўтарилди», дея уни улуғлайди. Жалолиддин Мангуберди номига бундай улуғвор сўзлар ва ҳурмат-эҳтиромлар дунё олимлари, тарихчилари, шарқшунослари томонидан кўп битилган. Зеро, Султон Жалолиддин ҳаётда ана шундай ҳурмат-эҳтиромларга муносиб иш қилиб кетган ва ўзига хос тарих яратган шахс эди. У матонатнинг, мардликнинг, қаҳрамонликнинг, Ватанга фидойиликнинг, ватанпарварликнинг, юрт озодлиги учун курашнинг тимсолига айланган эди.
