Албатта, ҳар бир қонун амалиётга татбиқ этилар экан, унинг ижросини назорат қилиш орқали устуворлигини таъминлаш Сенат зиммасидаги асосий вазифа ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, бугунги Сенат фақат қонун чиқарадиган орган эмас, балки давлат ҳамда жамият ўртасида кўприк сифатида намоён бўлиши, халқнинг орзу-умидларини қонунлар орқали ҳаётга татбиқ этиши керак. Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 19 ноябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг янги таркибдаги биринчи мажлиси сенаторларнинг қонун ижодкорлиги жараёнида сифатни янги босқичга олиб чиқиш, парламент назоратини кучайтириш ва аҳоли манфаатлари йўлида тизимли ислоҳотларни амалга ошириши учун ўзгача даврни бошлаб беради, дея оламан.
Хусусан, бўлиб ўтган муҳокамаларда Сенат фаолиятига юксак эътибор қаратилди ва фаолиятидаги долзарб вазифалар аниқ белгилаб берилди. Жараёнда маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, уларнинг таклиф ва фикрларини қонун ижодкорлиги жараёнига киритиш, ҳар бир ҳудуднинг эҳтиёжларини чуқур ўрганиш ва ечимини топиш каби масалалар ўрин олгани эътиборга лойиқ. Айтишим мумкинки, юқоридаги жиҳатлар Сенатнинг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ролини кучайтириш билан чекланиб қолмасдан, маҳаллий даражадаги муаммоларни ечишда янгича ёндашувларни жорий қилинишга ҳам хизмат қилади.
Сир эмас, ҳозирги кунда Сенатнинг қонун ижодкорлигидаги ташаббускорлиги ижтимоий ҳаётимизнинг асосий йўналишларига таъсир кўрсатмоқда. Шуни инобатга олиб, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, коррупцияга қарши курашиш ва жамиятда адолат тамойилларини қарор топтириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар халқаро амалиёт талабларига мувофиқ ишлаб чиқилмоқда. Бу эса Сенат қўмиталари ҳар бир соҳада чуқур таҳлилга асосланган ечимларни ишлаб чиқиши зарурлигини англатади. Масалан, коррупцияга қарши курашда парламент назоратининг салоҳиятини кенгайтириш, аҳолининг бу жараёнда фаол иштирок этишини таъминлаш учун қонуний асосларни мустаҳкамлаш керак, деб ўйлайман.
Сенатор сифатида менга аҳоли фикри, уларнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган вазифалар жуда муҳим. Шунинг учун ҳам халқ ишончини оқлаш, фуқароларнинг муаммо ва таклифларини тинглаб, уларга ечим топиш бугунги кун сенаторининг доимий эътиборида бўлиши лозим.
Аҳамиятлиси, мажлисда Президентимиз Сенат қўмиталарини “юқори палатанинг юраги” сифатида эътироф этди. Бу эътироф, бир томондан, фахр туйғусини уйғотса, иккинчи томондан, барчамиздан янада катта масъулият ва ташаббускорликни талаб қилади. Шунингдек, маҳаллий кенгашларнинг фикрини ҳар бир қонун бўйича инобатга олиш, уларнинг манфаатлари ҳукумат мақсадлари билан уйғунлашувини таъминлаш ташаббусига алоҳида тўхталишим жоиз. Йиғилишда белгиланган яна бир муҳим йўналиш – қонунчилик жараёнида шаффофлик ва очиқликни таъминлашдир.
Биламизки, ҳар бир қонун лойиҳасини кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, унинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётга таъсирини чуқур таҳлил қилиш орқали холис қарорлар қабул қилиш мумкин. Бу ҳар бир сенаторнинг фаолиятини такомиллаштириш, қўмиталарнинг иш самарадорлигини янада оширишга кўмаклашади. Айниқса, ёш авлод онгига қонун устуворлиги ва адолат тамойилларини сингдириш, халқимизнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш борасидаги вазифалар барчамизга жиддий масъулият юклайди.
Мухтасар айтганда, бугун юқори палата аъзолари юрт тараққиётида ижтимоий адолат ва тенгликни таъминлаш, қонун ижодкорлиги ва жамият фаровонлигини оширишда ҳақиқий етакчи куч бўлишга жиддий киришди. Демак, барчамиз ҳар бир вазифани сидқидилдан бажариш орқали халқимиз ишончини оқлаймиз, дея ишонаман.
