Мажлисда янги парламент аъзоларига ва барча ҳудудий кенгашлар депутатларига давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган вазифалар асносида қонунлар яратиш учун нималарга эътибор қаратиш кераклигини ўргандик.
Муҳокамаларда Президентимиз бу борада бугун мамлакатимиз олдида турган энг муҳим масалаларни ҳал қилишга алоҳида аҳамият қаратиб, парламент вакиллари “Мен сенаторман” ёки “Мен депутатман” каби кўринишида яккаланишини эмас, балки умумий бир мақсадга, яъни, халқ манфаатига хизмат қиладиган бирлашган куч бўлишга интилиши зарурлигини таъкидлади.
Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш орқали фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлашда Сенат ва қуйи палата, шунингдек, маҳаллий кенгашлар ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, Янги Ўзбекистоннинг янги парламенти эндиликда фақат аниқ бир қонунни қабул қилиш билан чекланмасдан, балки унинг ижтимоий ҳаёт, хусусан, аҳолига таъсирини чуқур ўрганиш ва ўз вақтида амалга оширишни таъминлашни биринчи ўринга қўяди. Бу эса, ўз навбатида, қонунчилигимиздаги ислоҳотларнинг амалиётда кузатилган натижасини таҳлил қилишга ёрдам беради.
Умуман олганда, ҳар бир қонун лойиҳасини кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, фуқароларнинг фикрларини инобатга олиш, уларнинг муаммоларини аниқлаб, манзилли ва самарали ечимлар ишлаб чиқиш учун Сенат ва маҳаллий кенгашлар билан тизимли ишлашни янада такомиллаштиришимиз керак. Бу мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳар бир босқичида натижа беришини таъминлайди. Айта оламанки, мазкур ҳамкорлик ўзаро фикр алмашиш ва тажриба бўлишиш жараёнлари парламент фаолияти асосини мустаҳкамлайди.
Шунинг учун ҳам давлат раҳбари 100 та эмас, 5 та халқчил, халқимиз фаровонлигига амалиётда хизмат қиладиган қонунлар қабул қилишимиз кераклигига тўхталди. Шубҳасиз, бу жараёнда қўмиталарнинг институционал салоҳиятини ошириш ва уларнинг ишини янада такомиллаштириш муҳим. Яъни, маҳаллий даражадаги муаммоларга ечим топишда кенгашлар фаолиятига кўмаклашиш, уларнинг қарорлари қонунчиликка мос бўлиши учун зарур чоралар кўриш – бугунги кунда барча даражадаги раҳбарлар олдида турган долзарб вазифалардан биридир. Президентимиз томонидан қўмита эшитувларини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги дастурларни тўлиқ рўёбга чиқариш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Агар сенаторлар ва депутатлар ўртасида жамоавий ишлашни самарали ташкил этишга эътибор қаратилса, улар нафақат миллий, балки халқаро майдонда ҳам ўз ўрнини топади. Натижада мамлакатнинг ҳуқуқий тизимини ислоҳ қилиш, халқ манфаатларига мувофиқ қонунларни қабул қилиш ва уларнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлашга эришамиз. Бугун биз худди шундай имкониятга эгамиз. Буни айни пайтда амалга оширмасак, жуда кеч қоламиз. Синовнинг биринчи қадамини қўйдик. Ҳаммамиз юртимизнинг янги парламентида барқарор тараққиёт учун янги поғоналарни юксалтириш даврини бошлаяпмиз. Қиладиган ишимиз эса анча кўп.
