Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар!
Қадрли мажлис иштирокчилари!
Бугун янгиланган Конституциямизга мувофиқ, илк бор қуйи палатада Бош вазир лавозимига номзод ва Ҳукуматнинг келгуси 5 йилга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурини кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилишимиз зарур.
Бу масаланинг нақадар муҳимлиги, ўйлайманки, ҳаммамизга яхши аён. Нега деганда, мамлакатимиз ўз олдига қўйган стратегик ва жорий вазифаларни амалга оширишда, барча бўғиндаги ижро органлари, аввало, Ҳукумат ва унинг раҳбари зиммасидаги масъулият ҳозирги мураккаб замонда ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда.
Шу билан бирга, бугун мутлақо янги ваколат ва вазифаларга эга бўлган Ҳукумат шаклланмоқда. Бу фикрни Конституция даражасида биринчи марта камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, инвестиция, экология каби муҳим йўналишларда Вазирлар Маҳкамасининг мажбуриятлари белгилаб қўйилгани ҳам тасдиқлайди.
Халқимиз бугун ана шундай ҳал қилувчи масалалар бўйича янги Ҳукуматдан аниқ натижаларни кутмоқда.
Асосий масалага ўтишдан олдин ўтган 5 йилда ҳар томонлама пухта ўйлаб қабул қилинган дастурлар ижроси қандай таъминлангани ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.
Аввало, иқтисодиётимиз 2 карра ўсиб, 100 миллиард долларлик тарихий маррадан ошди. Аҳоли жон бошига даромад 2018 йилдаги 1 минг 600 доллардан 3 минг долларга етиши кутилмоқда. Жаҳон банки 2024 йилда Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиёда иқтисодиёти энг тез ўсаётган 3 та давлат қаторидан жой олганини эътироф этди. Камбағаллик даражаси сўнгги 4 йилда 23 фоиздан 11 фоизга тушди. Бу йил яна 106 минг оила камбағалликдан чиқарилиб, 9 фоизга тушиши кутилмоқда.
Экспорт қарийб 2 баробар ўсиб, илк бор 25 миллиард доллардан, олтин-валюта захираларимиз эса 40 миллиард доллардан ошди. Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми 6 карра кўпайиб, бунинг ҳисобига 1,5 миллион юқори даромадли иш ўринлари яратилди. Ялпи ички маҳсулотда инвестициялар улуши 30 фоиз даражасида таъминлангани иқтисодиётимиз ривожи учун келгуси йилларда ҳам мустаҳкам замин яратмоқда.
Илгари тўлиқ давлат тасарруфида бўлган соҳалар, яъни, энергетика, кимё, авиация, геология, металлургия, машинасозлик, таълим ва тиббиётда хусусий сектор ва давлат-хусусий шериклик муносабатларига кенг йўл очганимиз уларнинг ривожида кучли омил бўлди.
Айниқса, энергетика соҳасида том маънода тарихий ишлар амалга оширилмоқда. Ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ҳажми 1,5 карра ўсиб, 80 миллиард киловатт-соатга етгани ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Сўнгги уч йилда умумий қуввати 2,4 гигаватт бўлган 9 та йирик қуёш ва шамол станциялари ишга туширилди. Муқобил энергия улуши ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўпайди.
Яна бир муҳим ўзгаришга эътиборингизни қаратмоқчиман. Ўтган даврда 25 мингдан зиёд хусусий боғча, 70 га яқин нодавлат олийгоҳи ташкил этилиб, қамров мактабгача таълимда – 74 фоиздан, олий таълимда эса – 39 фоиздан ошди.
Ижтимоий хизматлар тизимида ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Барча ҳудудларда “Инсон” марказлари очилиб, ижтимоий ходимлар томонидан бевосита маҳаллаларда аҳолига 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди.
Парижда бўлиб ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида азму шижоатли спортчиларимиз чинакам рекорд натижаларни қайд этиб, жами 39 та медаль, жумладан, 18 та олтин медални қўлга киритдилар. Ўзбекистон тарихида илгари ҳеч қачон бўлмаган бундай ютуқлар барчамизга янги куч-ғайрат бахш этиши табиийдир.
Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!
Жаҳон миқёсида ҳукм сураётган бугунги ўта кескин ва оғир шароитда юртимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлаб, иқтисодиётимизда барқарор ўсишни таъминлаб, мана шундай марраларга эришиш осон бўлмаганини барчамиз яхши тушунамиз.
Мана, ўзингиз кўряпсиз, аҳолимиз 37 миллиондан ошди. Келгуси 5 йилда эса, Худо хоҳласа, 40 миллиондан ортиши кутилмоқда. Бундай демографик ўсиш, албатта, катта имконият, лекин, шу билан бирга, бу ҳолат олдимизга янги-янги, ўткир вазифаларни қўйиши ҳам шубҳасиз.
Айниқса, камбағалликни қисқартириш, экология, энергетика, транспорт, йўл, ичимлик суви таъминоти, аҳолини уй-жой билан таъминлаш каби муҳим соҳаларда халқимизнинг талаб ва эҳтиёжлари тобора ўсиб бормоқда.
Ана шундай долзарб муаммоларга самарали ечимлар топиб, янгича фаолият олиб бориш Ҳукумат учун жиддий синов бўлиши табиий, албатта. Бугун Бош вазир лавозимига тавсия этиладиган номзод ана шу масалаларнинг барчасини ҳисобга олиб, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан ўз дастурини тақдим этади.
Муҳтарам дўстлар!
Биз “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида келгуси йиллар учун катта марраларни белгилаб олганимиздан хабарингиз бор. Хусусан, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 160 миллиард долларга етказишни мақсад қилиб қўйган эдик.
Очиқ айтиш керак, дастлаб бунга айрим кишилар шубҳа ёки иккиланиш билан қарагани ҳам бор гап. Лекин, ўз вақтида зарур чора-тадбирларни амалга оширганимиз, барча имкониятларни ишга солганимиз туфайли бу йилнинг ўзида ялпи ички маҳсулотимиз ҳажми 110 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Янги Ҳукумат, барча раҳбарлар биргаликда қаттиқ ишлаб, ислоҳотларимиз шиддатини пасайтирмасдан, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётимиздаги ўзгаришларни жадал давом эттирсак, 2030 йилга бориб, иқтисодиётимиз ҳажмини 200 миллиард долларга етказа олишимизга мен албатта ишонаман.
Тўғри, бу кичкина рақам эмас. Лекин эришса бўладиган марра. Бу натижани таъминлаш орқали аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини кескин яхшилашга эришамиз. Хусусан, аҳоли жон бошига даромадларни 5 минг доллардан ошириш, камбағаллик даражасини 5 фоизга тушириб, эҳтиёжманд аҳоли учун мустаҳкам ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш, тиббиётга ажратилаётган маблағларни 2 баробар кўпайтириб, тиббий суғурта тизимига ўтиш ва кафолатланган тиббий хизматлар билан тўлиқ қамровни таъминлаш, йилига 150 минг квартирали янги замонавий уй-жойларни барпо этиш имконияти яратилади.
Яна бир бор айтаман, бундай натижаларга эришиш учун куч ва имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади.
Бу борада энг муҳим йўналишларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Биринчидан, макроиқтисодий мувозанатни сақлаб, келгуси беш йилда иқтисодий ўсиш суръатини 6-7 фоиз атрофида таъминлашимиз зарур.
Бунда инфляция даражаси 5-6 фоиз, бюджет тақчиллиги 3 фоиз доирасида бўлишига эришиш, йиллик кредитлаш ҳажмини 30 миллиард долларга олиб чиқиш асосий вазифа бўлади.
Ушбу даврда Ҳукумат камида 100 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштиришга ҳамда йиллик экспорт ҳажмини 2 баробар ошириб, 45 миллиард долларга олиб чиқиш, унда тайёр маҳсулотлар улушини 50 фоизга етказишга эришиши лозим.
Хорижий туристлар оқимини 5 йилда 15 миллион нафарга, туризм хизматлари экспортини 5 миллиард долларга олиб чиқиш учун барча имкониятлар борлигини таъкидлаш зарур.
Шу билан бирга, норасмий иқтисодиётни “соядан чиқариш”да рақамли технологияларни таянч воситага айлантириш лозим. Хусусан, келгуси йилда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни янада рағбатлантириб, онлайн тўловлар улушини 60 фоизга етказиш Ҳукумат ва Марказий банкнинг муҳим вазифаси бўлади.
Биз Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида асосий чора-тадбирларни амалга оширдик ва яқин йилларда ушбу ташкилотга албатта аъзо бўлиб киришимиз керак.
Иккинчидан, жорий йилда Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор, Ғиждувон туманларида амалга оширилган ишларнинг ижобий натижалари асосида “Камбағалликдан фаровонлик сари” комплекс дастурини қабул қилдик.
Энди, кўп қиррали ёндашувлар асосида, камбағал оилаларнинг аъзоларига сифатли таълим бериш, уларни касбга ўқитиш, иш билан таъминлаш, соғлиғини яхшилаш, психологик ёрдам кўрсатиш бўйича кўмак бериш пакетлари индивидуал бўлади.
Ишни маҳаллабай ташкил қилиб, 2025 йилда 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш Вазирлар Маҳкамаси иқтисодий комплексининг асосий вазифаси этиб белгиланади.
Шу мақсадда камбағал оилаларга мансуб болалар мактабларда чет тили, касб-ҳунар ва IT бўйича бепул билим олиши учун 500 миллиард сўм ажратилади. Ижтимоий аҳволи оғир мингта маҳаллада инфратузилмани яхшилаш дастури амалга оширилади. Бунга 2 триллион сўм йўналтирилади. Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга жами 46,5 триллион сўм маблағ сарфланади.
Ҳукумат 2030 йилгача ишсизликни халқаро эътироф этилган даража – 5-6 фоиздан оширмаслик бўйича долзарб вазифаларни ҳам самарали ҳал этиши лозим.
Учинчидан, иқтисодиёт ва аҳоли даромадларини ўстиришда юқори қўшилган қиймат яратадиган саноат тармоқларига алоҳида аҳамият қаратиш керак.
Вазирлар Маҳкамасининг инвестиция комплекси келгуси йилда иқтисодиётимиз учун муҳим бўлган 300 дан зиёд йирик лойиҳани ишга тушириши ва тўлиқ қувватлар билан ишлашини таъминлаши зарур. Жумладан, “Ёшлик I” конида биринчи босқичга, “Мурунтов” конида эса кейинги босқичларга старт берилади. Шунингдек, Самарқанд вилоятида йилига 910 минг тонна минерал ўғитлар ишлаб чиқарадиган комплекс, 600 минг тонна маҳсулот берадиган металлургия корхонаси, Зарафшонда каустик сода заводи, Нукусда иситиш тизимлари ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилади.
Юртимизда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш имкониятларини тўлиқ ишга солиш учун барча шароитлар мавжуд. Навоийда микро ГЭСларни барпо этиш бўйича барча босқичлар ўз ресурсларимиз асосида ташкил қилингани бунга ёрқин мисол бўла олади.
Шунинг учун саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш бўйича катта дастур қабул қиламиз. Янги таркибдаги Ҳукумат яқин беш йилда чуқур қайта ишланган саноат маҳсулотлари улушини 32 фоизга етказишни асосий вазифа сифатида белгилаб олиши зарур.
Яна бир муҳим масала – иқтисодиётни энергия ресурслари билан ишончли таъминлаш ва энергия самарадорлигини 2 карра оширишга алоҳида эътибор қаратиш керак. Келгуси йили мамлакатимизда 90 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариб, аҳоли ва иқтисодиёт талабларини тўлиқ таъминлаш лозим. Бунда қайта тикланувчи энергия қувватлари 25 гигаваттга, уларнинг жами истеъмолдаги улуши 40 фоизга етказилади.
Тўртинчидан, келгуси беш йилда иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини 85 фоизга етказиш ҳам асосий вазифалардан биридир.
Бу борада 2 мингта корхонада давлат улушини, 5 мингдан зиёд кўчмас мулк объектини сотиш, 16 та йирик мажмуа акцияларини IPO га чиқариш талаб этилади. Ҳукумат 30 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишни таъминлаши керак.
Вазирлар Маҳкамаси 2025 йилда “тежамкорлик ва барқарорлик” тамойили асосида давлат компанияларини трансформация қилишни тезлаштириб, уларнинг харажатларини 15-20 фоизга қисқартириши зарур. Бу борада 1 миллиард долларлик 18 та давлат компаниясининг улуши берилган Миллий инвестиция жамғармаси фаолиятини самарали йўлга қўйиш лозим.
Бешинчидан, аҳолимиз сони кўпайиб бораётган ҳозирги шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб вазифа бўлиб қолади.
Бу борада қишлоқ хўжалигининг барча тармоқлари, аввало, мева-сабзавотчиликни интенсив ривожлантириш, янги уруғ навларини яратиб, импортни 50 фоизга қисқартириш бўйича дастурларимиз бор.
Ҳукумат бу дастурлар ижросини таъминлаб, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни 1,3 баробар ошириш, ҳар гектар ердан олинадиган ўртача даромадни 5 минг долларга етказиш, соҳада экспорт ҳажми 10 миллиард доллардан иборат бўлиши, сув тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ер майдонларини 2 карра ошириш бўйича ишларни самарали ташкил этиши зарур.
Янги йилда сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш учун 5 триллион сўм, каналларни бетонлаш учун 800 миллиард сўм йўналтирилади.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Соғлиқни сақлаш, таълим ва спортни ривожлантириш бўйича катта дастурларни самарали ва тўлиқ амалга ошириш – ҳамиша Ҳукуматнинг кун тартибида туриши керак бўлган асосий вазифалардир.
Биринчидан, ўртача умр кўриш даражасини 78 ёшга етказиш учун бирламчи тиббий хизматларнинг аҳоли учун қулайлиги ва сифатини ошириш зарур. Хусусан, 2025 йилда бирламчи бўғинда 3 миллион 700 минг нафар аёлни скрининг текширувидан ўтказиш, бу жараённи рақамлаштириш орқали саратон касаллигини эрта аниқлаш кўрсаткичини ҳозирги 60 фоиздан 85 фоизга етказиш мумкин.
Ҳукумат маҳаллалардаги 18 мингта тиббиёт бригадаларини ўқитиш, 884 минг нафар беморни уй шароитида реабилитация билан қамраб олиш бўйича янги тизимни жорий этади. Шу билан бирга, туғруқхоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга 100 миллион доллар йўналтирилади.
Давлат тиббий суғуртаси ва аҳолига кафолатланган пакет асосида тиббий ёрдам кўрсатиш тизими келгуси уч йилда барча шаҳар, туман ва қишлоқларни қамраб олиши зарур. Шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш каби масалалар бўйича Ҳукумат алоҳида дастурлар ишлаб чиқиши лозим.
Иккинчидан, таълим сифатини янада ошириш, ёшларимизни ҳар томонлама етук инсонлар этиб тарбиялашга қаратилган сиёсатимиз изчил давом эттирилади.
Келгуси йилларда боғчаларда қамровни 80 фоизга, олийгоҳларда эса камида 50 фоизга етказиш Ҳукумат учун асосий вазифа бўлиб қолади. Халқаро молия институтларининг 61 миллион доллар маблағлари ҳисобидан 2025 йилда 252 та янги боғча барпо этилади. Шунингдек, 174 та боғча ва 379 та мактаб таъмирланади ва янгитдан қурилади. Бу мақсадлар учун бюджетдан 4 триллион сўм ажратилади.
Тадбиркорларга мактаб қуриш учун 20 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади. Бунда кредит ставкасининг 13,5 фоиздан ошган қисми бюджетдан қоплаб берилади.
Муҳтарам депутатлар!
Юқорида айтилган долзарб вазифаларни бажаришда янги Ҳукуматнинг Қонунчилик палатаси билан янада самарали ҳамкорлик олиб бориши муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, янги таркибдаги Вазирлар Маҳкамаси олдида турган устувор вазифаларга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Авваламбор, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини одамларга янада яқинлаштириш лозим.
Шу ўринда барча раҳбар кадрлар фаолиятининг асосий мезони бўлган бош талабни яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Яъни, халқ давлат идораларига эмас, аксинча, давлат ташкилотлари халққа, унинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши зарур.
Жорий йилда қонунлар ижросини доимий баҳолаб бориш бўйича янги тизимни йўлга қўйганимиздан кўзланган мақсад ҳам шундан иборат. Қонун қабул қилиндими, у албатта ишлаши керак ва одамлар ҳаётида сезиларли ўзгариш бўлиши лозим. Қонунлар ижроси Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмитаси ва масъул ижро этувчи орган билан биргаликда ўрганиб борилиши керак.
Яна бир муҳим масала. Ижро этувчи ҳокимият органлари қарорлар қабул қилишда қонунийликни, уларнинг асосланган бўлишини таъминлаши лозим.
Кейинги вақтда қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик билан маслаҳат қилишда қонунларимизда белгиланган талабларга ҳамиша ҳам риоя этилмаяпти. Адлия вазирлиги бир ой муддатда бу масала бўйича таклифларни Қонунчилик палатасининг тегишли қўмитаси билан бирга муҳокама қилади ва Ҳукуматга киритади.
Ҳукуматнинг қонунчилик ташаббуси билан Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари сифатини ошириш ҳам долзарб масала бўлиб турибди.
Даврнинг ўткир талабларига жавоб берадиган, сифатли, амалиётда самарали ишлайдиган қонунларни қабул қилиш Олий Мажлиснинг энг муҳим вазифаси, керак бўлса, унинг обрўсидир. Бу борада таниқли хитой файласуфи Шан Яннинг “Яхши қонун – халққа ҳурмат ифодасидир”, деган сўзларини эслаш ўринли, деб ўйлайман.
Эътиборингизни яна бир масалага қаратмоқчиман. Ҳукумат, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар раҳбарлари депутатлар томонидан жойларда аниқланган муаммоларни ҳал этишда қуйи палата қўмиталари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишлари лозим. Лекин ҳозирги вақтда турли соҳаларда назоратни таъминловчи давлат инспекцияларининг Қонунчилик палатаси қўмиталари билан ҳамкорлик тизими йўлга қўйилмаган.
Шу боис, уларнинг ҳисоботларини қўмиталарда муҳокама қилиб бориш бўйича янги, таъсирчан тизимни жорий этсак, ўйлайманки, парламент назорати самарадорлиги янада ошади.
Қолаверса, бу иш самарали бўлиши учун вазирлик ва идораларда раҳбар ўринбосарларини қуйи палата қўмиталари билан доимий ҳамкорлик учун масъул этиб бириктирсак, нима дейсизлар?
Албатта, бу биринчи раҳбарлар зиммасидан масъулиятни соқит қилмайди, палаталар билан ҳамкорлик учун сўров, авваламбор, улардан бўлади.
Умуман олганда, парламент ва Ҳукумат ўртасидаги муносабат қарама-қаршиликка эмас, конструктив мулоқотга асосланиши зарурлигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман.
Шу билан бирга, парламент назорати – бу, аввало, “халқ назорати, халқ сўрови” эканини унутмаслик лозим. Афсуски, парламент сўрови, депутат сўровига юзаки ёндашиб, унга енгил-елпи муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Бу борада барча раҳбарлар масъулият ва жавобгарликни тўлиқ ҳис этиши лозим. Ушбу масалага беписанд қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Парламент ва депутат сўровларига жавоб аниқ ва мазмунли бўлиши, сўров кимга йўлланган бўлса, шахсан шу раҳбар томонидан жавоб берилиши шарт. Сўровларни юбориш ва қабул қилиш онлайн тизимга ўтаётгани бу борадаги муаммоларга ечим бўлишига ишонаман.
Қадрли дўстлар!
Мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш учун самарали ташқи сиёсат олиб бориш, дўст ва ҳамкорларимиз доирасини кенгайтириш, яқин қўшниларимиз билан минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш ўта муҳим вазифадир.
Шу мақсадда, аввало, Ташқи сиёсат концепциясини янги таҳрирда қабул қилиш зарур, деб ҳисоблайман. Марказий Осиё давлатлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ташқи сиёсатимизда устувор йўналиш бўлиб қолади.
Келгуси йили юртимизда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё бешлиги” учрашуви, ҳеч шубҳасиз, шу йўлдаги яна бир улкан амалий қадам бўлади. Ушбу анжуманда эркин савдо зонасини, бизнес ва инвестициявий фаоллик, илмий, технологик ва ишлаб чиқариш кооперацияси марказини яратиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилиши ҳам шундай деб айтишга асос беради.
Ҳозирги вақтда фуқароларимиз Қирғизистонга ID карта билан бемалол бориб-келмоқдалар. Энди шундай тартибни Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳам жорий этамиз.
Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда бошқа етакчи ҳамкор давлатлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари билан самарали ва тизимли алоқаларни янада ривожлантириш доимо эътиборимиз марказида бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги йиғилишда иштирок этаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакилларини самимий қутлаймиз.
Ислоҳотларимизни чин дилдан қўллаб-қувватлаб келаётганингиз, ҳудудларимизга чиқиб, янгиланиш ва ўзгаришлар билан яқиндан танишиб, ўз давлатларингиздаги тажрибаларни биз билан ўртоқлашаётганингиз учун cизларга ўз номимдан, халқимиз номидан миннатдорлик билдираман.
Муҳтарам ватандошлар!
Бугун бутун дунё ниҳоятда нотинч ва таҳликали вазиятда яшаётганини барчамиз кўриб, ҳис қилиб турибмиз. Мана шундай мураккаб даврда давлатимизнинг мустақиллиги ва суверенитетини, халқимизнинг тинч ва эркин ҳаётини энг бебаҳо бойлик сифатида асраш ва ҳимоя қилиш энг муҳим вазифамиз бўлиб қолади.
Ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур: мамлакатимиз хавфсизлиги, юртимиз мудофааси нафақат Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, балки Ўзбекистонни ўзи учун она Ватан деб биладиган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча инсонларнинг муқаддас бурчидир. Бунинг учун ягона Ватан, кўп миллатли ягона аҳил оила туйғуси ҳар биримизнинг қалбимиз, юрагимиздан чуқур жой олиши лозим.
Дунёда турли хатар ва таҳдидлар авж олиб бораётган ҳозирги шароитда Қуролли Кучларимизнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга эътиборни янада кучайтирамиз.
Ёшларимиз онгу тафаккурида миллий ғурур билан бирга умумбашарий қадриятларга ҳурмат ҳиссини камол топтириш мақсадида ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш зарур. Фарзандларимизни замонавий билим ва дунёқараш, даромадли касб эгалари этиб тарбиялаш, уларни илм-фан, IT технологиялар, маънавият, санъат ва адабиёт, спорт билан ошно этиш учун ҳеч нарсани аямасдан, бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Бугун фақат мана шундай илғор ёшларга, мана шундай жонкуяр зиёлиларга, Ватан равнақи йўлида бирлашган халққа эга бўлган давлатгина ўз миллий манфаатларини таъминлашга эриша олади.
Шу муносабат билан яқинда Навоий вилоятида айтган фикримни такрорлашни зарур деб биламан.
Бизнинг иккита ўқ томиримиз, иккита таянч устунимиз бор: бири – иқтисодиёт, бири – маънавиятдир. Маънавий буюк халқ – иқтисодий томондан ҳам буюк бўлади.
Айни вақтда биз жамиятимиздаги очиқлик ва эркинлик муҳитини, миллатлар ва динлар ўртасидаги аҳиллик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, сўз ва матбуот эркинлиги, виждон эркинлигини таъминлаш бўйича бошлаган ишларимизни давом эттирамиз.
Ҳурматли депутат ва сенаторлар, янги Ҳукумат, ҳоким ва вазирларимиз мана шу вазифаларнинг моҳиятини тўғри англаб, муҳтарам фахрийларимиз, маҳалла, хотин-қизлар, ёшлар ва касаба уюшмалари ташкилотлари, илмий ва ижодий зиёлиларимиз билан бир ёқадан бош чиқариб, фаол иш олиб борадилар, деб ишонаман.
Азиз юртдошлар!
Кўриб турганингиздек, олдимизда ғоят улкан марралар турибди. Янги Ўзбекистонимиз янги парламенти билан бирга ўз тараққиётининг ҳал қилувчи босқичига қадам қўймоқда.
Албатта, бу янги даврда энди эскича ишлаб бўлмайди. Шу боис, Ҳукумат ўз фаолиятини мутлақо янгича асосда ташкил этиши керак. Бунинг учун унга кучли раҳбар, яъни, Бош вазир зарурлигини барчамиз яхши тушунамиз.
Мен бу масала ҳақида атрофлича ўйлаб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига Абдулла Нигматович Арипов номзодини кўрсатишга қарор қилдим.
Бу раҳбарни барчангиз яхши танийсиз. Абдулла Арипов катта ташкилотчилик салоҳиятига эга бўлган, ижро ҳокимияти тизимида бой билим ва тажриба орттирган, масъулиятни доимо чуқур ҳис этадиган раҳбардир. У Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг маъно-мазмунини нафақат чуқур тушунади, балки уларни амалга оширишда чинакам жонбозлик кўрсатиб келаётган раҳбарларимиздан бири, десак, тўғри бўлади.
У киши билан анча йиллар давомида бирга ишлаб, шунга амин бўлдимки, давлат миқёсидаги йирик дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда доимо талабчанлик ва жонкуярлик билан ёндашади. Абдулла Арипов масъулиятни ўз зиммасига олишдан чўчимаслиги, аҳоли билан мулоқот учун ҳар доим очиқлиги, меҳнаткашлиги ва камтаринлиги билан халқимиз ўртасида обрў-эътибор қозонган.
Ушбу номзод бугун Ҳукумат олдига қўйилган, кўлами ва миқёси бениҳоя катта бўлган муҳим вазифаларни ҳал этишда Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини самарали ташкил қилади, Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарларини бирлаштириб, ягона мақсад сари сафарбар эта олади, деб ишонаман.
Ҳозирги мураккаб даврда бу жуда муҳим. Шу боис, бугун ана шу номзодни сизларнинг муҳокамангизга тақдим этмоқдаман.
Сиз, ҳурматли депутатлар ва фракциялар раҳбарларидан ушбу номзод ҳамда бўлғуси Ҳукуматнинг келгуси беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурини кўриб чиқиб, қўллаб-қувватлашингизни сўрайман.
* * *
Муҳтарам ватандошлар!
Энди, анъанамизга мувофиқ, келгуси йилда эътиборимиз марказида бўладиган энг устувор йўналиш бўйича маслаҳатлашиб олсак.
Бугун нафақат биз, балки дунёдаги кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини яққол ҳис қилмоқда. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказмоқда.
Биз бу масаланинг оқибатларини олдиндан кўриб, мазкур йўналишда катта ишларни олиб боряпмиз. Бундан уч йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳозирги кунга келиб чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ушбу дастур қатор ҳудудларда, жумладан, Оролбўйидаги экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилмоқда.
Қўшни мамлакатлар билан биргаликда Минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга киришдик. Пойтахтимизда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети ташкил этилди. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан бу борада қабул қилинган иккита муҳим резолюциянинг ташаббускори бўлдик. Айни вақтда “яшил” энергетика иқтисодиётимиз драйверларидан бирига айланмоқда.
Биз янги йилга ном бериш масаласида эл-юртимизнинг фикр-мулоҳазалари, хоҳиш-истакларини атрофлича ўргандик. Билдирилган тавсиялардан келиб чиққан ҳолда, бошлаган ишларимизни янги, янада юксак босқичга кўтариш мақсадида мен 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили деб эълон қилишни таклиф этаман.
Биз табиат ҳақида сўз юритганда, кўпинча “она табиат” деган иборани ишлатамиз. Ўйлайманки, бу шунчаки чиройли, шоирона сўз эмас, балки унинг замирида чуқур ҳаётий ҳақиқат бор.
Биз мўътабар она зотини қандай юксак ҳурмат-эҳтиром қилсак, ўзимизни қуршаб турган табиатга ҳам шундай муносабатда бўлишимиз зарур.
Зеро, табиатни асраш – инсонни асраш демакдир.
Албатта, янги сайланган Бош вазиримиз раҳбарлигидаги ҳукумат йил номида белгиланган энг муҳим вазифалар бўйича давлат дастурини ишлаб чиқади. Ушбу дастурда “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалалар устувор аҳамият касб этиши зарур.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Бугун сиз, азизлар билан, халқимиз билан юртимиз тараққиётидаги бутунлай янги даврга қадам қўймоқдамиз.
Ҳеч шубҳасиз, бу даврнинг қандай бўлиши биргаликда ўз олдимизга қўйган улкан мақсад ва вазифаларни самарали амалга оширишимизга боғлиқ.
Ишончим комил, бу – Янги Ўзбекистонимиз жадал ривожланадиган, янада юксак тараққиёт чўққиларини забт этадиган давр бўлади.
Бу давр парламент ва Ҳукумат фаолиятида янгича ишлаш, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш бўйича ибратли анъаналар шаклланадиган ва тарихга муҳрланадиган давр бўлади.
Келажак авлодлар албатта фахр билан тилга оладиган ана шундай буюк тарих ва келажакни яратиш бизнинг ўз қўлимизда.
Кейинги уч кун мобайнида сиз, азизлар билан, кенг жамоатчилигимиз билан мамлакатимизнинг бугунги ва эртанги тараққиёти ҳақида атрофлича фикр алмашдик. 2024 йилда – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да бажарган ишларимизга якун ясадик.
Парламентимизда – “Халқ уйи”да депутатлар билан муҳокама қилинган барча ташаббус ва режаларни, уларда илгари сурилган ғоя, мақсад ва вазифаларни, моҳият эътиборига кўра, Олий Мажлис ва халқимизга навбатдаги Мурожаатнома десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.
Сиз, ҳурматли депутатлар ва Ҳукуматимиз аъзолари, каттаю кичик барча раҳбарлар мана шу Мурожаатномада белгилаб берилган улкан вазифаларни амалга оширишда фидойилик ва намуна кўрсатиб меҳнат қиласизлар, деб ишонаман.
Мана шундай шарафли мақсад йўлида барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, улкан ютуқ ва омадлар тилайман.
