Гарчи орадан эллик йилдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, болалик давримиз воқеалари ҳамон кечагидай эсимда. Ўтмишни бугунги кун билан таққослаш ва хулоса чиқариш учун дастлаб тарихга айланган аччиқ қисматимиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтишга қарор қилдим.
…Ёзги таътилдан сўнг акаларимизнинг кийимларини кийиб, ундан-бундан сўраб олган тўрт-бешта китобни сиёҳ ранги уриб кетган бўз халтамизга солиб, ўзгача ҳиссиёт ва ғурур билан мактабга жўнардик. Мактаб у қадар олисда бўлмаса-да, қуёшли кунларда тупроқ тўпиққача, ёмғирли кунларда лой белгача чиқарди. Алам қиладиган жойи, ўқиш бошланиб, ҳали дарсликларни варақлашга улгурмасимиздан, синф раҳбаримиз қовоғини уйиб, ҳаммага иккитадан этак улашарди: «Ўқиш тугади, эртадан пахта теримига чиқамиз».
Ёш бола бўлишимизга қарамай, бу топшириқни Ватан олдидаги бурч, деб ҳисоблаганимиз учунми, чурқ этмасдан рози бўлардик. Шу кетганча совуқ тушиб, токи қор ёққунга қадар тишимизни тишимизга босиб, далама-дала кезиб, пахта терардик. Кўрак юлардик. Бармоқлар учи ёрилиб, қонаб кетса-да, ғуруримиз йиғлаб, оҳ-воҳ чекишга йўл қўймасди. Ҳафтада бир келадиган кўчма дўкондан, ишлаб топган пулимизга вазелин, изолента сотиб олиб, бармоқларимиз учига ўраб-чирмаб олардик-да, ишга киришардик.
Ниҳоят, қиров тушиб, изғиринли кунлар бошланган паллада теримни бас қилиб, телпак, пальто, фуфайка, чопон, этик кийган ҳолда қадрдон мактабимизга қайтардик. Синфимизга чўян печка ўрнатилган бўлиб, келишимиздан олдин қоровул ўт ёқиб, иситиб қўярди. Лекин пол ёриғидан, деразанинг синган ойнасидан хонамизга совуқ кириб турарди. Шамол туриб қолса, синф тутунга тўларди. Бу ҳолга парво ҳам қилмасдик, қолиб кетган дарсларни етказиб олиш учун ўқитувчимиз қирқ беш дақиқа ичида икки-учта мавзуни тушунтириб, қолганини уйга вазифа қилиб берарди.
Уйга борсак, кўча эшик олдига совуқдан қорайиб кетган бир тўп кўсак тўкиб кетилган бўларди. Уни уйга ташиб, токи пахтасини чувиб олмагунимизга қадар бошимизни кўтармасдик. Ота-онамизга ташлаб қўйишга ғуруримиз йўл бермасди. Кечки пайт ўчоқда тезак, ғўзапоя ёқиб, унинг чўғини сандалга солиб, атрофида ўтириб, хира чироқ ёки шам ёруғида тун ярмигача вазифа тайёрлардик.
Шароит оғир бўлишига қарамай, ғурур билан ҳарбий бурчимизни ўтаб келдик, ғурур билан олий ўқув юртларига кириб ўқидик, ҳар биримиз танлаган соҳамизнинг мутахассиси бўлиб етишдик ва бундан ҳали-ҳамон ғурурланиб яшаб келяпмиз.
Ўша даврда катта ёшдагиларга биздан-да оғир эди. Улар эрта баҳордан то кеч кузгача, тонг қоронғусидан шом қоронғусигача далада бўлишарди. Тирикчилик учма-уч бўлгани учун на уй солишга, на палос олишга қурби етмасди уларнинг. Динга қаттиқ қаршилик қилинарди. Ибодат қилиш у ёқда турсин, Яратган Зотни тилга ололмасди ҳеч ким. Намоз, ҳаж ибодати ва умра зиёрати, рамазон ойи рўзаси, ҳайит байрамлари ушалмас орзудай эди. Одамлар руҳан қўрқув ичида яшарди. Айб топиб, қаматиб юбориш осон эди. Рўзғор учун энг керакли саналган ғўзапояни нуқул ер музлаб, қор ёққан пайтдагина йиғиштириб олардик. Сўроқсиз тўй қилиб бўлмасди. Давлат идорасида ишлаган партия ходими ҳатто ота-онасининг жанозасида қатнаша олмаган дамлар бўлган…
Истиқлол туфайли халқ ўзлигини топди, унут бўлган тарихини, Ватан мустақиллиги учун курашган, лекин жосус, миллатчи тамғаси босилиб, отилган, сургун қилинган кишилар аслида ватанпарвар сиймолар эканини англаб етди. Қатағон қурбонлари оқланди, хотираси абадийлаштирилди. Ва ниҳоят, халқ мустабид тузум пайтида, айниқса, 1937-53 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одамнинг қатағонга учрагани, уларнинг 13 минг нафари отиб ташланганини изтироб билан ёдга ола бошлади. Афсуски, тазйиқлар мустақилликка эришиб, токи ҳақ-ҳуқуқимизни таниб олгунимизга қадар давом этди ва минглаб юртдошларимиз адолатсизлик қурбонига айланди. “Пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан 40 минг киши тергов қилинди, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳол жафокаш халқнинг қаддини букиб қўйди. Лекин ғуруридан айира олмади. Охир-оқибат ҳақ қарор топти. Халқ букилган қаддини тиклади.
Замон қанча қалтис, таъқиб нақадар кучли бўлмасин, қалбида ғурури бор бўлган миллат ҳеч қачон енгилмаслиги аён бўлди.
Юқорида эсга олинган дамлар бугун худди эртак воқеаларига айланиб қолди. Енгил ҳаёт ботқоғига шўнғиб кетганлар аллақачон ўтмишини унутиб бўлди. Эркинлик ортидан тўкинлик, тўкинлик ортидан сочинлик кириб келиши кишиларни енгил-елпи ҳаёт кечиришга ўргатди.
Эндиликда янги ўқув йили ясан-тусан, дабдаба билан бошланадиган бўлиб қолди. Ота-оналар фарзандларини етаклаб, бозорма-бозор кезиб, кийим-бош танлашади. Кийимларнинг бир тўпи байрамона бўлса, иккинчиси мактаббоп бўлади. Илм даргоҳлари ўқув мавсуми олдидан оқланиб, чангу ғуборлардан тозаланиб, синф хоналари ёруғ, иситиш тармоқлари шай, компьютер ва мониторлар тахт қилиб қўйилиб, ўқув йилини байрамона кайфиятда кутиб оладиган бўлдик. Мактаб остонасига илк қадам қўйган жажжи болажонларга дарслик ва ўқув қуроллари билан тўлдирилган Президент сумкалари улашилади. Энг асосийси, на ўқитувчида, на ўқувчида пахта терими деган ташвиш йўқ. Чунки устозлар ҳам, шогирдлар ҳам бундай қуллик асоратидан озод қилинган. Мактабга бориб-келар йўллар равон, ёруғ, яшаш хонадонлари замонавий.
Қўйингки, билим олиш учун барча шароит бор. Лекин, афсуски, энди яратилган шароитга яраша муносиб жавоб йўқ. Сабаби, кўпчиликнинг фикру зикрини маиший ҳаёт ҳирси эгаллаб олган. Уяли телефонга уя қуриб олган минглаб вируслар инсонларни ўзлигидан, ору номусидан, ғуруридан узоқлаштириб қўйган. Асрлар давомида иш бериб келган китоб камбағалга кераксиз матоҳ, бойга безак буюми, ёшларга ҳеч нарса бўлиб қолди. Ёппасига барчанинг қўлини телефон, фикрини ижтимоий тармоқ банд қилиб, ўзига қул қилиб олди. Бу қуллик Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда, етовига юрганни манқуртга айлантира бошлади. Манқурт эса ҳар қандай лаҳзада ўз онасининг кўксига ўқ уза олади.
Бир пайтлари ёт сиёсат воситасида миллат ғурури таҳқирланган бўлса, айни пайтда ижтимоий тармоқ янги йўл топиб, ёшлар онгини заҳарлашга эришмоқда. Афсуски, бу ҳолатга кўпчилик бефарқ.
Абу Ҳомид Ғаззолийнинг фарзанд тарбияси ҳақидаги фикри шундай: “Билгин! Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота ва онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади. Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Албатта, бу савобга унинг ота-онаси, муаллими ва унга тарбия берган ҳар бир киши шерикдир. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади”.
Дарҳақиқат, тарбия кўрмаган фарзанд Ватанга муҳаббат, халқига ҳурмат ҳиссидан йироқда бўлади.
Орамизда ўз фарзандининг келажагини ўйлаётган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Ана ўшалар ҳисобига бугунги кунда ҳам орамизда иқтидорли ёшлар бор. Норинлик дўстим Акмалжон Ҳайдаров ана шундай хислат эгаси бўлган ўғлидан фахрланади. Унинг айтишича, нуфузли олийгоҳнинг инглиз гуруҳида таҳсил олаётган ўғли Ўктамжонга америкалик устози: “Нега сизда катта ёшдаги эркаклар ёзнинг иссиқ кунида футболка, шўртик кийиб юришмайди. Ўзларини қийнаб, узун кийинишади?” деган мазмунда савол берибди. Шунда Ўктамжон ажнабий устозига: “Ҳурматли домла, бизда ёши улуғ одамлар калта-култа кийиб юрса уят бўлади”, дебди. Инглиз домла бу гапнинг мазмунига тушунмагандай елка қисиб қўйибди. Ахир биргина уят сўзи – ҳаё, номус, ор, фаросат каби чуқур маъноларни англатишини у қаердан билсин?! Уят – шарқ аҳли, жумладан, ўзбеклар учун тенгсиз бир қадрият эканини билмаган одамга бунинг маъносини англатиш осон эмас. Бироқ кўр-кўрона ғарбона “маданият”га эргашиб, ўз қадриятларидан узоқлашиб бораётган бугунги ёшлар тарбиясига ким айбдор? Баъзан оммавий тадбирларда ўғил болаларга атласнусха нимча кийдириб, саҳнага олиб чиқилмоқда. Бу кимнинг ихтироси? Ўғил болаларни заифона кийинтиришни қайси “модапараст” кашф этган? Шу ҳолатда улғайган йигитдан миллат фидоийси, Ватан ҳимоячиси етишиб чиқадими?
Тан олиш керак, мустақиллик халқимизга чиндан ҳам эркинлик эшикларини ланг очиб берди. Бу очиқликни ҳар ким ўзи хоҳлаганча яшашга ҳақли деган тушунча билан қабул қилди ва кимдир қурувчиликни, кимдир бузғунчиликни танлади. Муҳитга ҳамоҳанг тарзда одамларнинг феъл-атвори ҳам ўзгариб борди. Бир сўз билан айтганда, порлоқ келажак сари интилаётган бўлсак, қарши кучлар ҳам шу қадар ичимиздан емиришга, энг аввало, ғуруримизни поймол этишга киришди. Бу айни замонда турмуш тарзимизга ўз таъсирини ўтказа бошлади.
… Одамлар кўз ўнгида барваста йигит йўлда кета туриб, бир аёлни туртиб юборди. Аёл ўтириб қолди. Йигит парво қилмай йўлида давом этди. Аёл унинг ортидан: “Ҳей йигит, нарсанг тушиб қолди”, дея чақирди. Йигит келиб излай бошлаганди. Аёл унга: “Сен эркаклик ғурурингни йўқотдинг, энди уни асло тополмайсан!”, деди. Йигитни совуқ тер босди, йўл қўйган хатосидан пушаймон экани юз-кўзида зоҳир бўлди.
Ғурур миллат учун улуғ неъмат. Бу неъмат, албатта, оилада шаклланади. Лекин ота ва она қалбида бундай неъматнинг илдизи қуриган бўлса, бола уни қаердан топсин?!
Кўҳна тарихимизга назар ташласак, боболаримиз ғурур бобида юксак поғонада турганлигига гувоҳ бўламиз. Соҳибқирон Амир Темурдай зот набираларини жанговар машқларда тоблаб, илмга даъват қилгани ва миллат қадриятларини мурғак қалбларга сингдиргани боис, шаҳзодалар қалбида миллий ғурур ҳисси шаклланган.
Айни замонда боболару оталар бу масалада бефарқ. Ортида қолаётган ворисининг жисмоний тарбияси, билими ва хулқи билан қизиқмайдиган одам ўз юртининг мағлуб бўлишига ҳисса қўшаётган кўрнамак қаторидадир. Менимча, бу масалада бош қотиришнинг вақти келди. Улуғ аллома Алихонтўра Соғуний: «Онги очилмаган, билимсиз бир миллат ўз душманлари олдида кушхонага ҳайдалаётган бир тўп ҳайвондан ҳеч қандай айирмаси йўқдир. Инсоннинг ўзига энг яқин ҳалокатли душмани онгсизлик, илмсизликдур. Шунга кўра, Аллоҳ таоло Қуръоннинг биринчи сурасини ўқиш, билдириш, ёзиш калимаси билан бошламиш эди. Пайғамбаримиз эркак-аёл, ўғил-қиз демай бутун умматларини илм ўқишга буюрдилар. Зеро, илм ҳам бир қуролдирки, у ўз ўрнида қилич ва милтиқдан кўра кучлироқдир», деганди.
Бироқ ижтимоий тармоқлар ва телеэкранларда намойиш этилаётган «шоу»ларда баъзи «ака»ларнинг бачкана қилиқлари ва кийинишлари, ўзларини тутишлари ёшларда йигитлик ғурурини сўндиришга хизмат қилмоқда. Бундай хавфли иллатлар миллат келажагига хавф солиши турган гап.
Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст қарийб қирқ йиллар аввал ёзган «Лолазор» романида: «Яна ўн беш-йигирма йилдан кейин жамиятнинг бор оғирлиги бугунги мактаб ўқувчиларининг елкасига тушади, токи биз уларнинг миясини юксак илмлар билан тўйинтирмас эканмиз, келажакда нуқул чаласавод одамларга кунимиз қолади. Бу ҳол – мантиққа ҳам, сиёсатга ҳам зид», деган маънили фикрларни илгари сурган экан.
Афсуски, айни пайтда ёзувчи башорат қилган палланинг иккинчи босқичига етиб келдик. Айнан лоқайдлигимиз туфайли ўрта авлод китоб ўқишдан бегона бўлиб ўсди. Бу ҳолат худбинлик иллатининг авж олишига сабаб бўлди. Худбин ўзидан бошқани, ҳатто ота-онасини ҳам ҳурмат қилмайдиган феълни юқтириб олди. Ваҳоланки, ота-она ўғил фарзанд кўрса, уйимнинг чироғини ёқадиган, Ватаним чегарасини қўриқлайдиган йигит биттага кўпайди, деб қувонарди. Дарҳақиқат, орият посбони, номус ҳимоячиси бўлишдек масъулият ўғил фарзанднинг зиммасида бўлган. Лекин ҳозир ҳам шундайми? Бу масалада бутун бошли жамият жавобгар ҳисобланади. Шунингдек, бундай масъулият барча ташкилот-муассасалар, ижтимоий тармоқлар, телеканаллар зиммасига ҳам юклатилган.
Йигитларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жанговар машқларда пишитиш ҳар биримизнинг бурчимиз бўлиб қолиши керак. Токи, жажжи болакайлар келажакда инжиқ, танноз, олифта бўлиб эмас, сипоҳлардай шаҳдам, салобатли, ориятли, босиқ, бир сўзли ва зукко йигит бўлиб улғайсинлар. Зеро, юксак маданият, маънавият ва қадрият эгаси бўлган ўзбек халқига бачканалик ярашмайди.
