Тасаввур қилинг: йўлда кетаётганингизда қаршингиздан бирор ҳайвон, айтайлик, ит чиқиб қолди. Табиийки, бир лаҳзада сергак тортасиз. Чунки инсон фитрати йўлни кесиб ўтаётган ёки кўчадаги ҳар қайси ҳайвондан доимо эҳтиёт бўлиш кераклигига ишора қилади. Бу табиий инстинкт. Ҳа, хўп, деб йўлни давом эттирмоқчисиз. Бироқ мазкур ҳолатда ҳайвоннинг нима қилшини олдиндан тахмин қила олмаслик туфайли ножўя ҳаракатдан сақланиб, иш тутишга мажбур бўласиз. Аммо яқинлашиб келганингизда, у ҳайвон эмас, балки ит қиёфасидаги одам бўлиб чиқса-я? Лекин бу ҳам майли, у буни парвойига келтирмай, сизга ташланса… Бундан ортиқ бемаънилик бўлмаса керак, шундайми? Кўпчилик учун бу ҳол ҳаётдаги оддий вазият эмас, балки бироз ғалати, ҳатто бир муддат саросимага солувчи жараёндир. Квадробика билан шуғулланаётганлар айнан шу усул орқали ўзларини намоён этишга уринишади. Улар кўча-кўйда, жамоат жойларида ҳайвонлар сингари қадам ташлаб, ўзига хос «перформанс» кўрсатиш орқали диққатни жалб қилади. Бу ҳолатда бир савол туғилади: уларнинг асл мақсади нима бўлиши мумкин? Ўзларига қаратилаётган кўзлар, ажабланган ва ҳайратланган нигоҳлардан қандай маънони англаса бўлади? Қуйида шу жиҳатларни кўриб чиқамиз.
Квадробика билан шуғулланаётганлар айнан шу усул орқали ўзларини намоён этишга уринишади. Улар кўча-кўйда, жамоат жойларида ҳайвонлар сингари қадам ташлаб, ўзига хос «перформанс» кўрсатиш орқали диққатни жалб қилади. Бу ҳолатда бир савол туғилади: уларнинг асл мақсади нима бўлиши мумкин? Ўзларига қаратилаётган кўзлар, ажабланган ва ҳайратланган нигоҳлардан қандай маънони англаса бўлади? Қуйида шу жиҳатларни кўриб чиқамиз.
Билармидингиз?
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 10 октябрь куни Тошкентнинг айрим кўчаларида ҳайвон ниқобидаги «квадробер» учратилгани, 11 октябрда эса яна бир «квадробер» йўловчиларга ит қиёфасида ҳужум қилгани ортидан ижтимоий тармоқлардаги ўзбек сегментида квадробикага нисбатан норозилик кучайди. Шу билан бирга, унинг ижтимоий ва ахлоқий таъсири юзасидан кескин баҳслар бошланди. Боиси ўқиш, иш ва оила ришталари билан боғланган одатий кундалик ҳаёт тарзи учун бу кутилмаган, норозилик уйғотувчи ҳолатда қарши олинди. «Ҳа, энди нима бўлибди? Ёшлар бир шўхлик қилса қилибди-да, шунга пашшадан фил ясаш керакми?!» деб ўйлашга шошилмай, бердисини эшитинг.
Квадробика оддий қизиқиш эмас, балки замонавий ёшлар онгини забт этишга ҳаракат қилаётган ўзига хос субмаданият. Хўш, бу нимани англатади? Биласиз, қадим замонларда ҳайвонларга тақлид қилиш инсоннинг табиатга уйғунлашув ва унинг бир қисми бўлиш ҳиссини уйғотган. Аммо бугун бу ҳаракат ўзгача кўринишда пайдо бўлди ва ёшлар орасида ҳайвонларга тақлид қилиш, уларнинг ҳаракатлари билан ўзини ифода этиш орқали ўз “мени”ни излаш йўлига айланди. Бу нимадан далолат беради?
– Менимча, квадробикани жиддий қабул қилиш учун бошқа сабаблар ҳам бор, – дейди журналист Суғдиёна Саид қизи. – Чунки Ғарбда шахсий эркинлик ўз доирасига шундай ҳуқуқларни ҳам қамраб олганки, агар шахс одам танасида ўзини ноқулай ҳис этса, демак, у аслан бошқа мавжудот бўлиб яралиши керак. Ҳатто бу яратиқ қурбақа, арслон, мушук, ит ёки бошқа жонзот бўлиши ҳам мумкин. Квадроберларнинг айнан ҳайвон ниқобини тақиши шунга ишора. Мафкуравий фронт ўчоғига айланган Ер курраси ҳали квадроберизм характеридаги сиёсий ҳийла-найрангларнинг кўпига тилсиз гувоҳ бўлади. Нега айнан ҳайвон қиёфаси гавдалантирилади дейишса, жавоб шундайки, квадроберизмни пропаганда қилиш орқали, аввало, кишилик жамиятини инсоний қиёфадан маҳрум этиш, фақат одам боласигагина хос бўлган ҳис-туйғуларни аста-секин маҳв этиш мақсад қилинган.
Янги ҳодиса эмас!
Маълумотларга кўра, авваллари квадробика кўпчилик учун табиатга бўлган ишқ, ҳайвонларни асраб-авайлашга бўлган интилиш сифатида қабул қилинган бўлса, замонавий квадробика ҳаракати айримлар учун ҳаёт тарзига айланиб қолган. Бугунги кунга келиб эса бу ижтимоий субмаданият жаҳоннинг айрим ҳудудларида ўсиб бормоқда, бунда одамлар турли ҳайвон қиёфаларига киради, уларнинг ҳаракатларига имитация (тақлид) қилади, ҳатто ҳайвон қиёфасида яшашга интилган ҳолда ёки у билан идентификацияланишга ҳам уринади. Квадробиканинг замонавий шакли кўплаб манбаларда «фурри» ва шу каби субмаданиятларга бориб тақалади. Бу ҳаракат 1980-йилларда Америкада пайдо бўлиб, тезда ёшлар орасида қизиқиш уйғотди ва кейинчалик бошқа мамлакатларга ҳам ёйилди.
– Аслида квадробика янги ҳодиса эмас. Дастлаб, 2000 йилларда пайдо бўлган спорт йўналиши. Унинг асосчиси япониялик спринтер Кенинчи Ито ҳисобланади. 2020 йилда одамлар тобора кўпроқ ҳайвонларга тақлид қила бошлади. Тренд ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалди. Ўсмирлар ўзларини турли ҳайвонлар билан идентификациялаш, уларнинг хатти-ҳаракатларидан нусха олиш фаоллашди. Квадробика болалар ва ўсмирларга турлича таъсир қилиши кузатилган. Шунинг учун фарзандларимиз неча ёшда бўлишидан қатъи назар ота-оналар жуда эътиборли бўлиши муҳим. Чунки трендлар ҳар қандай ёшга акс таъсир ўтказиши ҳеч гап эмас, – дейди инстаблогер, жамоатчилик фаоли Ҳумоюн Жўраев.
Қайд этилганидек, унда дастлабки иштирокчилар ўзига ёққан ҳайвон образларини жонлантирган. Улар учун бу оддий кўнгилочар ёки ўзини ифода этишнинг бир йўли бўлиб, ҳайвонлар хусусиятлари, уларнинг ҳаётига яқинлашиш ва шу орқали ўз шахсиятини топиш воситаси эди. Тасаввур қиляпсизми: ёшлар жамиятдан узоқлашиб, сўнгги чора сифатида ҳайвоний кўринишлар ортига беркиняпти. Бир қарашда ёшлар учун янги ҳис-туйғуларни, чегарасиз “эркинлик”ни таклиф этадиган бу фаолият уларнинг феъл-атворини шакллантирувчи омил бўлиб хизмат қилиши мумкин. Аммо квадробиканинг фалсафий ва ахлоқий тамойиллари чуқур таҳлил қилингудек бўлса, натижа унчалик ҳам ижобий эмаслиги ойдинлашади.
Спорт тури деб баҳолай оламизми?
– Квадробика ҳаракатини спорт тури сифатида қараш мумкинми? Агар спорт орқали жисмоний ва руҳий баркамолликка эришиш мақсад қилиб қўйилса, квадробикада ёшлар нафақат жисмоний ҳаракатларга урғу бериб, балки ички эҳтиёжлар ва кутилмаган хулқ-атворларни намоён қилишга интилишади. Бу ҳаракат жисмоний ривожланиш ўрнига, ёшларнинг онги, ҳис-туйғулари ва шахс сифатида шаклланишларини ўзгартириб юборади. Оқибатда, ёшлар дунёқараши ўзгариб, ҳайвоний инстинктларга асосланган қиёфага кириб қолишади, – дейди психолог-консультант Муножат Шерова.
Психолог фикрича, квадробикага эргашувчилар, одатда, инсонийлигини четга суриб, ҳайвоний табиатни устун қўйишга ҳаракат қиладилар. Буни айримлар табиатга яқинлашиш, инсон ва ҳайвонлар ўртасидаги боғлиқликни кучайтиришга уриниш сифатида талқин қилади. Лекин унда ёшлар ҳайвонларга хос ҳаракатлар қилиш, уларнинг агрессив хатти-ҳаракатларини ўзлаштириш ва буни ўзига “спорт” деб билишни одат қилиши биз учун яхши сигнал эмас.
– Бир қарашда бундай фаолият ёшлар учун янги ҳис-туйғулар, экстремал ва адреналинга бой тажрибаларни таклиф қилади, шу билан бирга, жамиятдаги эркинлик руҳини қўллаб-қувватлаётгандай кўринади. Бироқ мутахассис сифатида бу ҳаракатни чуқурроқ таҳлил қилганимизда, квадробика ортида ётган бир қанча салбий жиҳатлар намоён бўлади. Бу ҳаракат ёшлар учун “мен ҳам борман, мен ҳам ўзгача инсонман” деган ҳисни уйғотиш воситаси бўлиб хизмат қилиши ҳам мумкин. Аммо, аслида, уларнинг бу “жимжимадор” уринишлари табиий ҳис-туйғуларни йўқотиш, ўзликни англашни етарли даражада ривожлантирмасликка олиб келади. Квадробика уларнинг онгига салбий таъсир этиб, атрофдаги инсонларга нисбатан беэътиборлик, ҳатто агрессияга мойилликни кучайтиради, – дейди руҳшунос Нозим Аминов.
Ахлоқ ва қадриятларга
таҳдид
Бугунги замон турли салбий ахлоқий кўринишлар билан инсониятни ўзига жалб қилиб, айрим ҳолларда миллий қадриятларимизга, оилавий тарбиямизга ва урф-одатларимизга соя солмоқда. Жумладан, “квадробика” деб аталаётган янги субмаданият ана шундай омиллар қаторидан ўрин олди. Аслида ушбу субмаданият ҳайвонларнинг ҳаракатларини, турмуш тарзи ва хулқ-атворини такрорлашга даъват этувчи, қисман жисмоний ҳаракатлар асосида шаклланган ижтимоий феномен сифатида юзага келди. Бироқ бу феномен замонавий ижтимоий нормалар ва ахлоқий тушунчалар билан кескин тўқнашяпти.
– Квадробикани тақиқлашга шошилмаслик керак, – дейди копирайтер Нигора Абдуллажонова. – Яъни уни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш лозим. Бу ҳаракат нега ёшлар орасида шиддат билан тарқалмоқда? Нима учун одамлар квадробикликка қизиқмоқда? Ижтимоий психология, оммавий маданият ва шахсий мотивацияни инобатга олган ҳолда таҳлил қилиш зарур. Айни пайтда, илмий хулосалар ва тегишли кўрсатмалар берилмаган экан квадробиклик ҳақида умумий баҳо чиқариш ўринсиз. Илмий асослар ва таҳлилсиз бу ҳолатга оддий гаплар ёки тақиқлар билан ёндашиш самарасиз бўлиб қолиши мумкин. Мен шахсан ҳали бирон марта ҳам квадроберлар билан яқиндан суҳбатлашмаганман. Учратган тақдиримда, албатта, уларнинг қарашлари, қизиқишлари ва ҳиссиётларини англашга интилардим.
– Квадробика ҳодисаси миллат ва жамият учун жиддий хавф туғдиради, – дейди педагог Нилуфар Турсунхўжаева. – У инсонни ўзлигидан, инсоний қадрият ва мақсадларга интилишдан узоқлаштиради. Бу ҳаракат шунчаки ҳаёт тарзининг бир кўриниши бўлиши мумкин эмас; у аслида ақлсизлик, ахлоқсизлик ва инсониятнинг асл моҳиятидан чекинишга йўналтирилган очиқчасига ҳайвонлашишдир. Демак, биз педагоглар, ота-оналар ва жамиятнинг бошқа етакчилари сифатида бундай ҳодисаларнинг олдини олишда ўзимиз ҳам фаоллик кўрсатишимиз лозим. Ёш авлодга маънавий қадриятларимизни ўзида акс эттирувчи фойдали машғулотлар таклиф этиб, уларга муносиб йўл кўрсатиш бизнинг бурчимиздир. Инсон онги ва маънавиятига таҳдид солувчи бундай ҳодисаларга жамиятда жой йўқ.
Фикрлар турфа хил, ечим борасида аниқ қадамлар керак!
Маълумотларга кўра, Тошкентдаги вазиятдан сўнг квадробикага қарши курашиш ва салбий таъсир чораларини қўллаш орқали ёшларни ёт ғоялардан асраш мақсадида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги ота-оналарни фарзандларини ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш бўйича ўзларининг маънавий бурчи ва қонуний мажбуриятларини бажаришга чақириб, махсус баёнот билан чиқди.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига биноан, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги, шунингдек, “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-онаси боланинг ўқиши, тарбияланиши, жисмоний, маънавий ва интеллектуал ривожланиши учун масъуллиги қайд этилди.
«Шунингдек, вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-онаси ўз болаларини инсонпарварлик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, маънавий, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаши шарт. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши БҲМнинг 5 баробаригача (1 миллион 875 минг сўмгача) жаримага тортишга сабаб бўлади», дейилади ИИВ баёнотида.
Бироқ бизни ўйлантирган жиҳати – машҳур интернет дўконлари, маркетплейслар, онлайн савдо платформаларида очиқдан очиқ сотилаётган маълум бир ҳайвон қиёфасидаги аксессуарлар савдоси бўлди.
– Мен шифокор ва икки фарзанднинг онасиман, – дейди Нилуфар Яздонова. – Биз азалдан миллий қадриятларга содиқ халқмиз, аммо охирги пайтлар чет эл маданиятига тақлид қилиш кучайиб кетди. Квадробикани спорт тури деб қараш нотўғри. Болаларимизда ҳали тўлиқ фикрлаш шаклланмасдан туриб, қанақадир чет эл маданияти билан онги тўлиб қоляпти. Улар ҳали бу тўғри ёки нотўғри эканини билишмайди. Шунчаки тақлид қилишади. Шунинг учун ўсмир ёшдаги фарзандлари бор ота-оналар фарзандлари билан кўпроқ вақт ўтказиши, қизиқишлари ҳақида доимий сўраб бориши керак, деб ўйлайман. Яна бир томони, ҳаммамиз биладиган “Uzum Market” савдо платформасида ҳам квадроберлар кийими сотилар экан. Буни ҳам тақиқлаш керак, менимча.
Хулоса ўрнида: мазкур ноқулай ва ёқимсиз манзарага баъзи Мағриб давлатларида кўз ўрганган бўлса, ўтган ойда юртимизда кузатилган ҳолатлар кенг жамоатчиликни сергак торттирди. Тўғри, ҳеч ким фарзандини бўйнидан боғлаб, ҳайвонлигини кўз-кўз қилишга орзуманд бўлмайди, лекин ҳали кеч бўлмасидан бу иллатга қарши муросасиз кайфиятда бўлсак, кутилган натижага эриша оламиз. Очиқ айтиш керак, бу иллат ҳам миллат қадриятлари, урф-одатлари, ахлоқий меъёрларидан чалғитувчи навбатдаги ҳийла, назаримизда.
