ADOLAT 24

ЛАМИН ЯМАЛ ВА ҚОНУНЛАРГА МУНОСАБАТ ҲАҚИДА

Европа чемпионатининг бу галги ўйинлари эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. “Evro-2024″нинг испаниялик энг ёш иштирокчиси ҳақидаги хабарлар ҳаммани қизиқтириб қолди. Дунё футбол ишқибозларининг диққат марказида турган Ламин Ямал 13 июль куни ўн етти ёшга тўлди.

Етти ёшидан дунёга машҳур клублардан бири бўлмиш “Барселона”да тарбиялана бош­лаган Ламин Ямалнинг отаси марокашлик, онаси Эквадориал Гвинеялик. Оила ҳаётда ўз ўрнини топиб олгунга қадар ҳали у ер, ҳали бу ерга кўчиб юрган. Болакай тўрт ёшида отаси ва акаси футбол ўйнаганда дарвозабон вазифасини ўтаган. Юзига тўп зарбасини қабул қилиб олган жажжи Ламиннинг тақдири футбол билан боғлиқ эканини ўша пайтда ҳеч ким ақлига сиғдира олмас эди. Лекин бу зарба болакайнинг қалбида қўрқув эмас, футболга меҳр уйғотган экан. 

Сен обрўнинг ортидан югурма, обрў сенинг ортингдан югурсин экан. Ёш Ламин футболга ошно бўлиб, шон-шуҳрат ортидан қувмади, аксинча, шон-шуҳрат унинг ортидан қувиб юрди. 2023 йил, 29 апрелда “Реал Бетис”га қарши ўтказилган ўйинда илк бор ўриндош сифатида майдонга тушган Ямал 15 ёшида “Барселона” тарихидаги энг ёш ўйинчи сифатида тарихда қолди. 16 ёшида “Вильяррел”га қарши ўтказилган ўйинда голли узатма соҳиби сифатида номи қайд этилди. Ва Европа чемпионатида Франция дарвозасини ишғол этгани ҳаммасидан ўтиб тушди. Шов-шув авжига чиқди. 

Ва ниҳоят 14 июль куни Тошкент вақти билан тунги соат 00.00 да Испаниянинг Анг­лия терма жамоасига қарши ўтказилган финал баҳсида Ламин Ямал асосий таркибда майдонга тушиб, ўйин охирига қадар майдонда тўп сурди. Натижа қандай тугашини ва қаҳрамонимнинг иштироки қай даражада бўлишини кузатдим. Айни пайт­да Ламин билан боғлиқ қизиқ воқеаларни ёзгим келди. Ламин Ямал ҳақидаги хабарларда ёзилишича, 2007 йилнинг декабрида «Барселона» футболчилари Diario Sport ва ЮНИСЕФ томонидан ташкил қилинган босма тақвимлар учун хайрия фотосессиясида иштирок этишади. Ёш қаҳрамонлар, албатта, одатдагидай Каталония­нинг қашшоқ ҳудудларидан изланади. Ямал оиласи ҳам шундай ҳудудда кун кечирарди. Бахтга қарши қашшоқ оилалар шунчалик кўп эдики, танлов учун лотерея ўйини ташкил этилмаса бўлмасди.

Бу ўйинда Ламин оиласи ғолиб чиқади ва бир ёшга тўлмаган чақалоқ Месси билан (чўмилтириш маросимида) суратга тушиш имконига эга бўлади. Эҳтимол, Ламин ана ўша лаҳзада Мессидан футболни “юқтирган” бўлиши мумкин. 

…Англия-Испания ўйинининг биринчи қисми голсиз якун топди. Шарҳловчилар икки лидер жамоанинг имкониятлари ҳақида турли-туман фикрларни айта туриб, футболчилар билан танаффусга чиқиб кетишди. Мен бўлсам, ҳамон Испания термасида тўп сураётган қаҳрамоним ҳақида ўйлардим. Чемпионат ўртасида Ламин 16 ёшда эди. Германия қонуни бўйича 18 ёшга тўлмаганлар учун тунги соат 23 00дан кейин ишлаш таъқиқланади. Бунга амал қилмаган ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс катта миқдорда жаримага тортилади. Аслида гап жаримада эмас, қонунни ҳурмат қилишда. Шунинг учун Ямал белгиланган вақтда ўйиндан озод этилган эди. 

…Кутилганидай, иккинчи қисмнинг дастлабки дақиқаларида Англия дарвозасига биринчи гол киритилди ва бунда қаҳрамонимиз Ламин Ямал катта вазифа – ассистентликни қойилмақом тарзда ижро этди. Бу ҳол шарҳловчилар томонидан энг ёш футболчининг тўртинчи рекорди, дея қайд этилди. 

Инглизлар иккинчи қисмнинг охирларига келганда, яъни 75-дақиқада испанлар дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни тенглаштиришнинг уддасидан чиқишди: 1:1. Ўйин охирига яқинлашган бир пайтда Ямал Англия дарвозасини мўлжалга олиб, тўпни йўллади, бироқ дарвозабон унинг зарбасини қайтаришга имкон топди. Бундай ҳол бироздан сўнг яна бир бор қайтарилди. Ва ниҳоят, 86-дақиқада испанлар инглизлар дарвозасини иккинчи бор ишғол этди ва ҳисоб 2:1га ўзгарди.

Ўйин тугашига сониялар қолганда испанлар дарвозаси олдида хавфли вазият юзага кела бошлади. Лекин ҳисобда ўзгариш бўлмади. Тўқсон дақиқа ортда қолган бир пайтда ҳакам ўйиндаги тўхталишлар ўрнини қоплаш учун 4 дақиқа қўшиб берди. Ўзгариш бўлмади. Натижа Испаниянинг фойдасига ҳал бўлди. Ҳакам оламшумул ўйин якун топганлиги ҳақида ишора қилиб, ҳуштагини чалди. Испания тўртинчи бор чемпионлик поғонасига кўтарилди. Инглиз тўпурари кейин йиғлади. Шу ернинг ўзида Европа кубогига чемпион Испания номи битилди.

Шундай қилиб, “Evro~2024″нинг финал босқичининг тантанали маросимида Испания термасининг ярим ҳимоячиси Родри энг яхши ўйинчи, қанот ҳимоячиси Ламин Ямал энг яхши футболчи сифатида тақдирландилар. Ва бундан ташқари, Ямал Испания таркибида “Evro-2024″нинг энг ёш чемпиони бўлди. Жамоа сардори Алваро Марата чемпионлик кубогини баланд кўтариб, стадион узра қувонч­ли лаҳзаларни улашди. Ўн етти ёшли Ламин Ямал жамоадошлари сафида олтин медаллар жаранги остида баланд-баландларга сакради. 

Испания термасининг ҳимоячиси, унча-мунча муаммони бир оғиз гапи билан ҳал қила оладиган ва эришган шуҳрати туфайли Испания қиролига ҳам илтимоси ўтадиган қуд­ратга эга бўлган болакай – Ламин Ямал чемпионат ўйинлари авжига чиққан бир пайтда мактаб ўқувчиси эди. Шунинг учун у натижали узатмалар ва голлардан ташқари, ўйинлар ва машғулотлар орасидаги вақтдан унумли фойдаланиб, ёлланма ўқитувчилардан сабоқ олди ва уйга берилган вазифаларни сид­қидилдан бажариб, имтиҳонга жиддий тайёрланди. Эртага имтиҳон деган куни Германиядан Испанияга самолётда парвоз қилиб, устозлари синовидан ўтиб қайтди. Устозлари: “Сен Испаниянинг ифтихорисан, баракалла!” деб юқори баҳо қўйиб беришмади. Эл қатори унинг ҳам билимини синовдан ўтказишди. Ламин имтиҳон топшириб келиб, натижаси қандай тугагани ҳақида телефон орқали билди. У биздаги ўрта таълим даражасига тенг бўлган ESO квалификация­сини олганди. Бу хабарни онасига етказиб, кўнг­ли таскин топгач, яна машғулотларга шўнғиб кетди. 

Ҳа, эндигина ўн етти ёшга тўлган Ламин Ямал ҳаётига доир қизиқарли ва ибратли воқеа­лар ҳақида ҳозирча билганларимиз шу. Лекин шу баҳонада “Evro~2024″дан ташқаридаги ўзимизнинг ҳаётда юз берган воқеалар ҳақида ҳам сўзлаб бериш имкони туғилди. Бу воқеалар ҳам газетхонга қизиқ бўлиши мумкин. 

Одатдагидай ишга кета туриб, эллик ёшлар чамасидаги ҳайдовчининг қалтис хатти-ҳаракатидан безовталаниб бораётгандим. Бирдан ҳайдовчи тилга кириб: 

 – Сезаяпсизми нима бўлаётганини? – деди менга. 

– Сезаяпман, – дедим жаҳлимни тиёлмасдан. – Пул кетидан қуваяпсиз. 

– Ҳозирги замонда шундай қилмасангиз, ортда қолиб кетасиз-да, – деди у уялмасдан. 

– Машинангизда нечта одам борлигини ва уларнинг ҳаётига масъул эканингизни ҳис этяпсизми?

– Одамларнинг тақдири менинг қўлимда эмас, – деди у билағонлик қилиб. 

– Ундай бўлса, қонун-қоидага амал қилиб юринг, – дедим. 

– Қонун-қоидага амал қили-и-и-б юрсам, тирикчилик нима бўлади? – деди у тап тортмай.

 Ноқис, ношуд одам билан баҳслашишдан фойда йўқ. Унинг сўнгги фикри ҳаётда кўрган-билганларидан чиқарган хулосаси эди. Чиндан ҳам жамиятда содир бўлаётган салбий ҳодисалар қонун ва қоидаларга беписанд қарашнинг оқибати бўлиб қолмоқда. Хўш, одамларда қонунни ҳурмат қилиш ҳиссини уйғотиш учун нима қилиш керак? Албатта, барчани бирдай қонунга амал қиладиган, жавобгарликни ҳис этадиган қилиб тарбиялаш, тарбиялаб бўлмайдиганларни жаримага тортиш керак. Бундан бошқа чора йўқ. 

Чемпионат авж паллага кирган бир пайт­да Чехияда оиласи билан ишлаб, яшаб келган ака-ука қариндошимизни кўриш учун қўшни қишлоққа бордик. Ҳовлига кираверишда ноодатий қутичага кўзим тушди. Нималигини сўрашни эп кўрмадим. Суҳбат давомида уй соҳиби “чехиялик” набиралари билан бўлган воқеани сўзлаб бериш давомида қутича тарихи ҳақида ҳам гапириб берди.

– Набирамга дўкондан банан олиб бергандим. Еб бўлиб, пўчоғини қўлидан қўймай ниманидир излай бошлади. Вазиятни тушуниб, синаш учун “Ерга ташла!” дедим. Беш яшар набирам: “Йўқ, ерга ташлаб бўлмайди. Полиция кўриб қолса, дадамни жаримага тортади”, деди. Чехия боғчаларида болаларни шу тарзда тарбиялашар экан. Набирам учун чиқинди соладиган қутича ясашга мажбур бўлдим. Ундан қўшни болалар ҳам ибрат ола бош­лашди. 

– Чехиялик боғча опаларга минг раҳмат! – дедим ҳайратим ошиб.

Бизнинг боғча опалар болаларга нимани ўргатади, билмайман. На одобни, на тартибни билади улар. Теварак-атрофга қараб бўлмайди. Болалар боғча ёки мактабдан чиқсалар бўлди, қўлларидаги кераксиз нарсани дуч келган жойга ирғитиб кетишади. Дўконлар, бозорлар атрофи ва йўллар четида қоғозлар, музқаймоқ қутиси каби чиқиндилар сочилиб ётади. Болаларда на табиатга, на атроф-муҳитга ҳурмат ҳисси уйғотилмайди. 

Аслида катталарда ҳам аҳвол шу. Оқсоқол одамнинг автобусда қилган бир қилиғи ҳеч хаёлимдан кетмайди. У бекатда тушиб қолиш учун орқа ўриндиқдан олдинга томон юра бош­лади. Шу пайт чўнтагиданми, қўлиданми шип этиб, қоғозчага ўралган нарса оёқ остига тушди. Уни кўриб қолган болакай ўша нарсани полдан олиб, “нарсангиз тушиб қолди”, деган маънода оқсоқолни ортидан чақирди. Автобус эшиги очилиб, тушиб қолишга уринаётган оқсоқол бир сония чақирган болага тикилиб турди-да, “сенга у”, дея иршайиб тушиб қолди. Бола қўлидаги қоғоз ўрамида тупурилган нос бор эканини пайқаб қолиб, ўша бетамиз одамдан қаттиқ ранжиди. 

Шуми бизнинг ўзбекона тарбиямиз? Шуми бизнинг тартиб-интизомимиз, ёшларга ибратимиз? Қонунларни менсимаслик охир-оқибат мана шундай жирканч иллатларнинг авж олишига сабаб бўлаверади.

Муҳиддин ОМАД, 

“Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

Ўзбекистон – Туркманистон: ДАВЛАТЛАРАРО МУЛОҚОТНИ МУСТАҲКАМЛАШ, ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИКНИ КЕНГАЙТИРИШ —  БОШ ВАЗИФА

admin

Давр ташаббускорликни талаб қилмоқда

admin

“ЁШҒАЙРАТ”НИНГ ғайратли депутати

admin