ADOLAT 24

“ЁШҒАЙРАТ”НИНГ ғайратли депутати

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекис­тон халқига Мурожаатномасида белгиланган вазифалар, қолаверса, 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном берилиши маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасига катта масъулият юклади.

Халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгаши депутати Ўрол Шерхонов янги йилдаги фаолиятини ўзи сайланган ва истиқомат қиладиган “Ёшғайрат” маҳалласи аҳли билан мулоқотдан бошлади. 

– Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида “Аҳолимиз биздан мактаб, боғча ва шифохоналарни кўпайтириш, таълим ва тиббиёт сифатини оширишни, маҳаллада йўл, сув, электр, транспорт муаммоларини ҳал қилишни, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорликка янги имкониятлар яратишни, адолатни таъминлаш, оворагарчилик, бюрократия ва коррупцияни йўқ қилишни кутмоқда” дея алоҳида таъкидлади. Бинобарин, айни масалалар биз, депутатларнинг доимий эътиборимизда бўлиши шарт, – дейди Ўрол Шерхонов биз билан суҳбатда.

Сир эмаски, қиш фаслининг сўнгги кунлари қора совуқлари билан ҳамюртларимизни синовдан ўтказмоқда. Бундай вазиятда аҳолининг электр энергияси, табиий газ ва бошқа ресурсларга бўлган эҳтиёжи ортади. Шунинг учун Ў.Шерхонов Шўрчи тумани электр таьминоти корхонасида бўлиб, у ерда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Мазкур жараёнда депутатимиз корхонанинг нав­батчилик қисми энг иш қизғин, қайноқ нуқтаси эканлигига гувоҳ бўлди. Навбатчилик қисми ходими туну кун туманнинг турли ҳудудларидан бўлаётган мурожаатларни қабул қилиб, масъул мутахассисларга етказади. Пировардида кўтарилган масалалар жойига чиққан ҳолда тез фурсатда ҳал этилади. Айниқса, электр тармоқларида юз берган фавқулодда ҳолатлар зудлик билан, сифатли бартараф қилинади. Энг муҳими, ходимлар томонидан энергия ре­сурс­ларидан тежаб-тергаб, самарали фойдаланиш, турли ёнғинларнинг олдини олиш борасида истеъмолчиларга тушунтиришлар бериб борилади.

Учрашув якунида Ўрол Шерхонов корхона жамоасига ташаккур билдириб, энг жонкуяр ва фидоий ходимларга бадиий китоблар совға қилди.

Депутат ҳудуддаги 94-оилавий полик­ли­ника ходимлари билан ҳам мулоқот қилди. Зеро, малакали тиббий хизмат инсонга эътиборнинг энг ёрқин ифодасидир.

– Эътироф этиш керак, об-ҳаво ҳар қанча совуқ бўлмасин, “Тез тиббий ёрдам” ходимлари беморнинг хонадонига зудлик билан етиб бориб, дастлабки ёрдамни кўрсатишяпти. Стационар даволанишга муҳтож бўлган кишилар эса тегишли шифохоналарга етказилмоқда. Мазкур поликлиника жамоаси туманимиздаги 5 та маҳаллага хизмат кўрсатади. Ўзим кузатиб турдим, соат 06:50дан 08:05гача 17 та чақирув бўлди. Албатта, бундай фидоий ходимларга тасанно айтамиз, – дея сўзини давом эттиради қаҳрамонимиз.

Ўрол Шерхонов саломатлик посбонларига ҳам ўзининг эсдалик совғаларини топширди.

– Яна қандай режаларингиз бор? – сўраймиз депутатдан.

Айни саволимизга жавобан Ў.Шер­хонов прокуратура, суд, ИИБ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, яъни амалдаги ва янги қабул қилинаётган қонунлар ҳамда суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини фуқароларга етказиш, тушунтириш, шу орқали ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқ­бузарликларнинг, айниқса, коррупциявий жиноятларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот тадбирларини ўтказишни мўлжаллаётганини билдирди. Негаки, у халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгашидаги суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссия раиси вазифасини ҳам бажаради. Бинобарин, депутатлар олдида Президентимиз Мурожаатномасида белгилаб берилган инсон ҳуқуқ ва эркинлик­ларини ишонч­­ли ҳимоя қилиш борасида ҳам бир қатор вазифалар турибди. Инсон қадрини улуғлаш эса қонун устуворлиги ва адолат мезонига ҳар жиҳатдан боғлиқ.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кун депутати ўзининг фидойилиги, ташаббускорлиги, юртимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотларга “лаббай” дея жавоб бериши билан бошқаларга намуна бўлиши, қолаверса, ҳар бир кунидан мазмунли из қолдириши керак. Шундагина у кўпчиликни ўзига эргаштира олади. Эл-юрт ва сайловчилар олдида юзи ёруғ бўлади.

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист 

Tegishli xabarlar

Темир йўл йўловчиларига яна бир қулайлик

admin

Уста нимадан норози?

admin

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувидаги нутқи

admin