ADOLAT 24

Ғам истагининг бетакрор поэтик ифодаси (Бир ғазал шарҳи)

Мумтоз шеърият мутахассислари фикрича, ғазаллар мазмунни акс эттириш услуби, қўлланиладиган тимсоллар, мавзунинг ишланиш даражаси ва туйғу ифодасининг узлуксизлигига кўра 1) мустақил байт­лардан тузилган ғазал; 2) якпора ғазал; 3) воқеабанд ғазал; 4) мусалсал ғазал каби тўрт турли бўлар экан. Мумтоз ғазалда ҳар байт мазмун жиҳатидан мустақил бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида асардай тақдим қилинади ва қабул этилади. Байтлардаги бундай тугалланганлик баъзан шеърнинг умумий яхлит бўлишига путур етказиб, муайян фикр ёхуд тасвир ғазалнинг бошидан охиригача узлуксиз давом этишига халақит берган. Шу сабабли, ғазалчиликда байтларни бир-бирига боғлаб бориш, фикр ёхуд образни даражама-даража ривож­лантириш тамойилига эҳтиёж сезилган. Бунга ғазалчилик илмида тад­риж дейилган. Мумтоз адабиёт тарихининг илк босқичида бу йўлдаги ғазаллар жуда кам эди.

Ҳазрат Алишер Навоий юқорида саналган ҳар тўрт турда ҳам юксак бадиий савияли ғазаллар яратган. Ғазалнинг ке­йинги уч кўриниши тасвирнинг экспрессивлик, ҳиссийлик ва тушунарлилик даражасининг ошиши, байтлараро узлуксизликнинг таъминланиши, демакки, бадиий жиҳатдан мукаммал бўлишига хизмат қилади. Навоийгача бўлган шоирлар ижодида мустақил байтлардан тузилган ғазаллар кўпроқ учраган бўлса, буюк шоир туркий ғазалчиликнинг кейинги уч тури ривожига улкан ҳисса қўшди.

Келинг, буни Ҳазрат Навоийнинг биргина ғазали мисолида кўриб чиқайлик:

Кўнгул ичра ғам камлиги асру ғамдур,   

Алам йўқлуғи дағи қаттиқ аламдур.

Ема дарду андуҳдин ғамки, истаб

Топилмас бу давр бўлса бу муғтанамдур.

Хуш ул дардким, юзланур лаҳза-лаҳза,

Хуш ул ғамки, хотир аро дам-бадамдур.

Жаҳон ичра ҳамдард кам бўлса тонг йўқ

Ки, бедард кўп, лек дард аҳли камдур.

Манга ишқ дарди эмас муҳлику бас

Замон дарди, аҳли замон дарди ҳамдур.

Харобот аро, эй хуш, ул ринди сармаст

Ки, оллинда олам вужуди адамдур.

Мақом этса туфроқ уза — тахти Жамшид,

Сафолики ул май ичар жоми Жамдур.

Қадаҳ важҳи гар шайхдин ҳосил эрмас,

Не ғам дайр пири чу соҳибкарамдур.

Навоий ичар бода ул шўх тутқач,

Неча гарчи тақво била муттаҳамдур.

“Кўнгул ичра ғам камлиги асру ғамдур, Алам йўқлуғи дағи қаттиқ аламдур” матлаъси билан бошланадиган мазкур ғазал “Наводир уш-шабоб” девонидан жой олиб, мутафаккирнинг одам моҳияти ҳақидаги ўйлари силсиласининг кутилмаган йўсиндаги ифодасидан иборатдир. Шоир илк мисрада зиммасида муайян маънавий юки бор ҳар қандай одам ўша юкни керакли манзилга элтиш ғамини чекиши табиийлигини, бундай юк ташвиши, яъни ғами кам бўлган одам, аслида ғам чекишга лойиқ кимса эканини тасвирлайди. Иккинчи сатрда ноҳақлигу адолатсизлик билан тўлиб-тошган чигал ва сирли дунёда алам йўқлигининг ўзи аламли ҳол эканини акс эттирган. Одамки ғаму аламсиз бўлса, демак, унда недир қусур бор. Яъни у ўз ҳолатини билмайди, ўз тутумларига баҳо беролмайди. Кейинги байтда шоир ўқирманга дарду андуҳ истаб ғам чекмаслик кераклиги, негаки, бу даврда бу “неъмат”ларнинг таги мўллигини айтиб, гўё уни тинчлантиргандай бўлади.

Дардни англаган, дардкашликка интилган шоир ғазалнинг навбатдаги сатрларида дарду ғам кўплигидан малолланмаслик кераклигини, уларнинг кишига лаҳза-лаҳза, дам-бадам юзланиши яхши эканлигини таъкидлайди. Кейинги қаторларда шоирнинг поэтик назари дарду ғамдан дардкашга кўчиб ўтади. Яъни жаҳон ичра ҳамдард камлигининг ажабланадиган жойи йўқ, негаки, оламда дард аҳлига қараганда бедард кишилар кўп. Бинобарин, бедардлар дардлиларни англамайдилар. Шу сабаб дардкашнинг кам бўлиши табиийдир. Шоир тасвирда “ғам”, “алам”, “дард”, “кам”, “кўп” тушунчаларини шу қадар маҳорат билан жилолантирадики, уларнинг қўлланилиши поэтик мусиқийликни юзага келтиришдан ташқари муайян руҳий кайфият ҳам ҳосил қилади.

Шоир бешинчи байтнинг илк мисрасида ишқ дарди уни ўлдиролмаслигини таъкидлар экан, бунга асос сифатида унинг фақат ўз шахсиятига тегишли эмаслигини кўрсатади. Шоир бир замонда яшаб туриб, ундан ташқарида бўлиш мумкин эмаслигини: “Замон дарди, аҳли замон дарди ҳамдур”, тарзида теран акс эттиради. Яъни замоннинг дарди ўша замонда яшаётган кишиларнинг ҳам дарди экани, ғазалнинг лирик қаҳрамони, яъни шоир айнан замоннинг дарди билан оғриганини қайд этади.

Ғамлар исканжасидаги бу оламда аҳли дил ҳисобланмиш риндгина сармасту дардга бепарво, чунки унинг олдида олам йўқ вужуд кабидир. Гўё ўзлигини англаган, ўзидан ўтган, илоҳий моҳият бўлмиш Яратган жамолига интилган киши замону макондан ташқарида. Шу боис у маст бўлиб қоришиб ётган тупроқ шоҳ Жамшиднинг тахти, у май ичаётган сопол идиш эса ўша афсонавий шоҳнинг ғоят тотли ва майи ҳеч туганмас жоми сингари баҳосиздир.

Саккизинчи байтда шоир юксак туйғуларни ифода этишдан ерга тушгандай, маиший муаммолар тасвирини бераётгандай бўлади. Унда ринд каби ичмоқ учун май ҳақини шайхдан ундириб бўлмаслиги айтилади-да, дарҳол майхона бошлиғи (дайр пири)нинг соҳибкарам экани сабаб бу борада ғам чекиш керак эмаслиги таъкидланади. Умидга имкон қолдирилади.

Ғазалнинг мақтаъси бўлмиш: “Навоий ичар бода ул шўх тутқач, Неча гарчи тақво била муттаҳамдур” байтида ўта тақводор киши сифатида саналган шоир ул шўх узатгач, май ичишдан қайтмаслигини қайд этади. Яъни моҳиятга етишмоқ учун ташқи жиҳат эмас, балки асл ички моҳият муҳимлиги шу йўсин тасвир этилади. Бу ўринда “муттаҳам” сўзи бугун биз англаган “айбдор”, “гуноҳкор” маъносида эмас, балки “бекор айбланган”, “туҳматга учраган” маъноларида қўллангани кўзда тутилиши лозим. Ғазал мақтаъсида шоир ўзини гўё тақводорлик билан айбланган, туҳматга учраган кимса сифатида кўрсатгандай бўлади. Бу ҳол битикнинг дунёвийлик даражасини чандон оширади.

Хуллас, ушбу ғазал буюк мутафаккирнинг ғоят мураккаб ва чигал ҳаёт тўғрисидаги фалсафий ўйларининг ўта кўркам ва таъсирли йўсиндаги поэтик ифодаси бўлган.

Қозоқбой ЙЎЛДОШ,

педагогика фанлари доктори, профессор

Tegishli xabarlar

ОЛИЙ, ЎРТА МАХСУС ВА ПРОФЕССИОНАЛ ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИДА ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ ТАЪЛИМ ОЛИШЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ДОИР ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

Амир Темур тарихини ёритиш: эски ва янги қарашлар (Иккинчи мақола)

admin

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

admin