ADOLAT 24

Билдирилган ишончга муносиб бўлиш йўлида

Замон шиддат билан ривожланиб бораётган, ҳар соҳада тараққий этиш, ҳар соҳада ўсиш кузатилаётган бир вақтда депутатлар фаол ва замон билан ҳамнафас бўлиши кераклиги ўз-ўзидан аён. Хўш, депутатларимиз замон билан бирга дадил қадам ташлай олаяптими? Уларнинг фаолиятидан халқ рози бўлаяптими? Бир сўз билан айтганда, халқнинг ишончи оқланаяптими?

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашига “Адолат” СДПдан сайланган депутат Тозагул Холиқованинг фаолияти мисолида юқоридаги саволларга жавоб изладик.

Депутат сайлов округи ҳудудидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан мунтазам равишда хабар олиб туради. Ҳудуддаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган оилаларни қўллаб-қувватлайди. Ўтган 2022 йил давомида депутат ташаббуси билан мурожаатлар асосида 20 дан ортиқ фуқарога тиббий ҳамда моддий кўмак кўрсатилди.

Куни кеча эса депутат Иштихон туманидаги “Янгикент” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, буйрак етишмовчилигидан азият чекаётган фуқаро О.Назаровнинг ҳолидан хабар олди. Т.Холиқова тиббиёт соҳаси вакили бўлгани учун ҳам фуқаронинг тиббий текширувдан ўтишида, зарур дори воситалари билан таъминланишида амалий кўмак берди.

Депутат энг аввало сайлов округи ҳудудидаги маҳаллалар кесимида ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар рўйхатини шакл­лантиришга эътибор қаратди. Унга кўра, “Моҳлар” ва “Боғбон” маҳалла фукаролар йиғини ҳудудидаги ички йўллар таъмирга муҳтожлиги, “Зарбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги симёғочлар эскириб фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги, аҳолининг бандлигини таъминлаш долзарб масалалар эканлиги аниқланди ва мазкур муаммоларни ҳал этишга киришилди.

– Албатта, халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларнинг дарду қувончига шерик бўлишда гап кўп, – дейди депутат Т.Холиқова. – Чунки одамлар билан яқиндан мулоқотда бўлмасдан туриб, фақат қоғозларда қайд этилган маълумотлар билан жойларда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларга, мавжуд муаммоларга, кенг жамоатчилик ўй-фикрларига, энг муҳими, аҳоли кайфиятига баҳо бериб бўлмайди. Жойлардаги муаммоларни ўша ҳудуддан сайланган депутатлар бошқаларга қараганда яхшироқ билади. Афсуски, депутат ўз ваколати доирасида мутасаддиларга киритган сўровлари ҳар доим ҳам ўз ечимини топавермайди, сўровларга шунчаки номигагина жавоб қайтараётган мутасаддилар ҳам йўқ эмас.

Тозагул Холиқова халқ депутатлари Иштихон туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари ошхоналари, мактаб­лар атрофида ўқувчилар саломатлиги учун зарарли бўлган фаст-фуд, ярим тайёр озиқ-овқатлар, энергетик ичимликлар, тамаки маҳсулотлари савдосининг олдини олиш, ҳудудга тезликнинг чекланганлик белгилари ўрнатилганлигини назорат қилиш масалалари юзасидан ўрганишлар ўтказди. Ўрганиш натижалари юзасидан умумлаштирилган маълумотлар маҳаллий Кенгашдаги доимий комиссиялар ва сессия кун тартибига киритилди.

Партиянинг ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида амалга ошираётган фаолиятига ҳамоҳанг равишда депутат Тозагул Холиқова томонидан тумандаги 3 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлашга эришилди.

Таъкидлаш жоиз, депутатимиз жойларда мавжуд масалаларни ўрганишда янада фаол ишлашга, зиммасидаги масъулиятни, давр олдига қўяётган янгидан-янги вазифаларни уддалашга, билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қилмоқда. Бундай фаолият ижобий самаралар келтириши шубҳасиз.

Акбар Эркаев,

Самарқанд вилоят кенгаши ижрочи котиби

Tegishli xabarlar

Муштўмзурлар

admin

АДОЛАТНИ УЛУҒЛАБ КЕЛМОҚДА

admin

ҲУДУДЛАРДАН ХАБАРЛАР (Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари кенгашлари)

admin