ADOLAT 24

«ЯНГИ ЎЗБEКИСТОН – ЯНГИ СУД» тамойили инсон қадрини улуғлаш ва қонун устуворлигига хизмат қилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2023 йил 16 январда имзоланган «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга қаратилгани билан эътирофга моликдир.

Унга биноан, «Янги Ўзбекистон – янги суд» тамойили доирасида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жадаллаштирилади, соҳага илғор халқаро стандартлар жорий этилади. Натижада аҳолининг одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайтирилади. Бинобарин, фармон билан «2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси» тасдиқланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур Стратегияда одил судловни таъминлашга қаратилган бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Жумладан, «Инсон қадри учун» ғояси асосида чинакам адолатли суд тизими шакллантирилиб, унинг фаолияти халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтирилади. Адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамланади. Энг муҳими, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш лозим. Шунингдек, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятлар яратилади. Судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчилик такомиллаштирилади. Судлар фаолияти тўлиқ рақамлаштирилади, сунъий интеллект технологиялари жорий этилади. Идоралараро электрон маълумот алмашинуви яхшиланади, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятлари кенгайтирилади.

Бундан ташқари, судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатлари кучайтирилиб, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмлар ишлаб чиқилади. Суд қарорларининг қатъий ижроси таъминланади, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулияти оширилади. Судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш зарур.

Сир эмаски, судьяга ҳар қандай таъсир ёки босим ўтказиш одил судлов йўлидаги энг катта ғовдир. Шу боис юқоридаги фармонда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши давлат томонидан таъминланиши қайд этилди. Яъни судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш, суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмларни жорий этиш, одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибини жорий этиш кўзда тутилган. Шунингдек, судьяга нисбатан турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилади. Қолаверса, одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси шакллантирилади.

Албатта, айни фармон ижросини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 январдаги «Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳам қабул қилинди. Мазкур фармон асосида эса илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколати тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказилади. Шу билан бирга, айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартиби белгиланади. Фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институти кенг жорий этилади.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Энди биз судьялар жойларда учрашув, давра суҳбати ва бошқа турдаги тарғибот тадбирларини ташкил этган ҳолда Президентимизнинг ҳар иккала фармони мазмун-моҳиятини юртдошларимизга халқчил тильда тушунтириб беришимиз керак. Пировардида мазкур ҳужжатларни қабул қилишдан кўзланган мақсадга тўлақонли эришилади.

Жамила АКРАМОВА,
Фарғона туманлараро
иқтисодий судининг судьяси

Tegishli xabarlar

Сифатли тиббий хизмат кўрсатилади

admin

Европа демократияси НИМА? 

admin

Таклифларимиз муҳим ҳужжатда акс этди

admin