ADOLAT 24

Ғараз туфайли СУИҚАСД

Қўқон шаҳрида яшовчи Ҳусанбой Ҳайдаров (исм-шарифи ўзгартирилган) салкам ўн йилдан буён Данғара туманида жойлашган автомобиль эҳтиёт қисмлари бозорида савдо қилиб, тадбиркорлик фаолиятини юритиб келаётганди. У бозорда ҳамшаҳри Шерали Умаров билан танишиб қолади.

Ҳусанбой тадбиркорлик борасида Одил Розиқов билан қадрдон эди. Чунки у Одилни ҳам, унинг отасини ҳам жуда ҳурмат қиларди. Аммо Шералининг О.Розиқовни назарда тутиб айтган бир гапи Ҳ.Ҳайдаровнинг жаҳлини чиқарди.

– Бу бола ўғри, – дейди Ш.Умаров одатдаги суҳбатлардан бирида.

Бироқ бозордаги таниш-билиш­лари айни гапнинг туҳмат эканлигини айтишади. Шу боис ўша кундан бошлаб Шералига нисбатан Ҳ.Ҳайдаровнинг кўнглида ғараз пайдо бўлади. Аниқроғи, уни уриб, “ақлини киритиб қўйиш”га қарор қилади “қаҳрамон”имиз.

Гап шундаки, Ҳусанбой охирги вақтларда “Кристалл” номли кучли таъсир қилувчи дори истеъмол қилаётганди. У ана шу дорининг таъсирида ғараз ниятини амалга ошириш учун Ш.Умаровнинг дўконига боради. Лекин дўкон соҳибининг ўғли ҳам ёнида эканлигини кўриб, қайтиб кетади. Орадан 2 кун ўтгач Ҳ.Ҳайдаров тушликка яқин пичоқ билан қуролланиб, яна ўша манзилга йўл олади.

– Машинамга стартёр керак эди, – дея баҳона қилади у Шерали билан салом-алик қилгач.

– Ҳозир пешинга кетяпман. Юрақол мен билан, намоздан қайт­ганимиздан кейин олиб бераман, – дея шошиб турганини билдиради мезбон.

Шундан сўнг улар пешин намозини адо этиш учун туманнинг “Навбаҳор” маҳалласида жойлашган “Саид Аҳмад” жомеъ масжидига боришади. Масжидга киргач, Ш.Умаров таҳорат олишга ўтиради. Шу маҳал Ҳусанбой ёнидаги пичоқни чиқариб, унинг боши ва бел қисмига санча бошлайди. Буни кўриб, ўша ерда таҳорат қилаётган бошқа номозхонлар саросимага тушиб қолишади. Таҳоратхонада ғала-ғовур кўтарилади. Негаки, ибодат қилинадиган, инсонлар эзгуликка чақириладиган даргоҳда бундай мудҳиш воқеанинг юз бериши кимнинг хаёлига келибди дейсиз?

Фуқаро Дониёр Шодмонов дарҳол ўзини қўлга олиб, бор кучи билан Ҳ.Ҳайдаровни итариб юборади. Буни кутмаган жиноятчи қабиҳ режасини охирига етказолмай, масжиддан қочиб чиқиб кетади.

Шундан кейин унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Фурқат туман суди Ҳусанбой Ҳайдаровни Жиноят кодексининг 25-, 97-моддаси 2-қисми “л” банди билан айбдор деб топиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди. 

Хуршид ҚОСИМОВ,

жиноят ишлари бўйича Фурқат 

туман суди раиси

Tegishli xabarlar

Ўзбошимчаликми, ёки яна “салла билан калланинг” ўрни алмашдими?

admin

Маърифат — дунёни англаш йўли

admin

“АЛИ”НИНГ ДЎППИСИ КИЙДИРИЛГАН “ВАЛИ” етти йилдан сўнг оқланди

admin