ADOLAT 24

Миллатини оламга танитган шоир

Буюк инсонлар туғилишда муайян миллатга мансуб бўлсалар-да, фавқулодда фаолиятлари билан бутун инсониятга дахлдор бўлишади. Туркман халқининг беназир шоири ва беқиёс мутафаккири Махтумқули Фироғий ҳам жаҳон адабиёти юксаклигига кўтарилиб, башарият шоирига айланди. Зеро, теран тафаккур маҳсули бўлган бадиий баркамол асарларининг дунё илму адаб аҳли томонидан катта қизиқиш билан ўқиб-ўрганилаётгани унинг ер юзида яшаётган барча халқларга бирдай севимли жаҳоний миқёсдаги муаззам сўз санъаткори эканлигини кўрсатади.

Махтумқули барча туркий халқлар қатори, Ўзбекистонда ҳам энг машҳур, энг севимли, энг оммабоп шоирлардан бири ҳисобланади. Шоир шеърлари, қўлёзмалари асрлар давомида халқимиз орасида кенг тарқалган. Айниқса, маънавий-ахлоқий мавзудаги теран панд-насиҳатга йўғрилган маънодор шеърлари кириб бормаган ўзбек хонадони йўқ. Ўзбек олимлари томонидан Махтумқули ҳаёти ва ижодининг муттасил ўрганилиб келинаётгани, янгидан-янги мақола ва тадқиқотлар яратилаётгани, шоир таржимонлари сафи тобора кенгайиб бораётгани ва асарларининг ранг-баранг нашрлари пайдо бўлаётгани бунинг ёрқин далилидир. Буюк сўз санъаткори таваллудининг 290 йиллиги муносабати билан Хивада ўтказилган тантаналарда иштирок этган таниқли туркман олими, профессор Аннагурбан Аширов Махтумқули номи ва асарларининг Ўзбекистонда нақадар машҳурлиги, халқимизнинг унга бўлган қизғин муҳаббати ва беқиёс эҳтиромини кўриб: “Махтумқули нафақат туркманларнинг, балки ўзбекларнинг ҳам – икки халқнинг шоири экан”, деб лутф этгани бежиз эмас. Чиндан ҳам, у аллақачон ўзбек халқининг ўз шоирига айланиб кетган.

Бу йил таваллудининг 300 йиллиги жаҳон миқёсида кенг тантана қилинаётган атоқли туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули 1724 йили Атрек дарёси бўйидаги Ҳожиговшан қиш­лоғида дунёга келган. Бу ҳақда шоирнинг ўзи:

Билмаганлар сўрса, айтинг бу ғарибнинг исмини:

Асли гўркез, юрти Атрек, оти Махтумқулидир.

Атрек жанубидаги вилоятда туғилган бобоси (воқеан, унинг исми ҳам Махтумқули бўлган — шоирга бобосининг отини беришган) тирикчилик важидан туркманларнинг гўркез қабиласига иш излаб келади ва уруғ бошлиқларидан бирининг қўлида ёлланиб ишлайди. Маълум муддат ўтиб, хўжайин уни ўз жиянига уйлантириб қўяди ва у алоҳида хўжаликнинг бошлиғига айланади. Деҳқончилик қилиш билан бирга, отга тўқим тикиш, қамчи тўқиш, юган ва айил ясаш орқали даромадини муттасил ошира бориб, Махтумқули Ёначи (тўқимдўз) номи билан довруқ таратади. Бўш қолган вақтларида у қўшиқлар тўқиган ва улардан бири − “Гўркез” номли шеъри бизгача етиб келган.

Отаси Давлатмамат ҳам Озодий тахаллуси билан ижод қилган машҳур шоир эди. Унинг қаламига мансуб кўп­лаб шеър ва қўшиқлар ҳамда қарийб 6 минг мисрадан иборат “Вазъи Озод” (“Озод пандномаси”) номли достон сақланиб қолган. Бу асарлар Озодийнинг форсий (воқеан, у яхшигина шоҳномахон бўлган) ва туркий адабиётдан, хусусан, Алишер Навоий ижодидан етарли даражада хабардорлигини кўрсатади. (“Вазъи Озод” таниқли махтумқулишунос олим Баҳодир Карим томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилган). 

Давлатмаматнинг оиласи катта бўлиб, унда “бир неча ўғил-қизлар вояга етган бўлса-да, шоир шеърларида ўғиллардан Абдулла ва Маматсафо, қизлардан эса ёлғиз Зубайдаларнинг исмларига дуч келамиз” (А.Аширов). Халқ ичида тарқалган ривоятларга кўра, унинг яна Хонменгли деган опаси ва Жонэсан деган укаси ҳам бўлган. Бу иккови ва келини (Жонэсаннинг аёли) Байрам бир кунда вафот этганида шоир бу йўқотиш аламига бағишлаб “Вайрона келди” деган шеърини ёзади.

Махтумқулининг илк устози отаси Давлатмамат ҳисобланади – у дастлабки маълумотни айнан унинг қўлида олади. Оилада хат-саводини чиқарган бўлажак шоир тахминан олти ёшидан қишлоқ мактабида – Ниёзсолиҳ мулла қўлида ўқий бошлайди. Ўткир зеҳни ва тиришқоқлиги билан ўқувчилар орасида ажралиб турган Махтумқули Халачдаги Идрис бобо мадрасасида таҳсилини давом эттиради. Кейин Бухорога бориб, Кўкалдош мадрасасида ўқийди. Бу ерда у толиби илмларга маъруза ўқиш учун даъват этилган суриялик туркман Нури Козим ибн Баҳром билан танишади. Улар ўртасидаги яқинлик тез орада мус­таҳкам дўстликка айланади. Бу ердаги муҳит икки дўстни қониқтирмай, бирин-кетин мадрасани тарк этишади ва дунё бўйлаб саёҳатга чиқишади. Аввал Афғонистонга йўл олиб, кейин Ҳиндистонга ўтишади. У ерда бир йилу уч ой яшаб, сўнг Кобул орқали Андижон, Марғилон, Самарқанддан то Туркистонгача боришади. Махтумқулининг юрт қад­ри, Ватан соғинчи, ғурбат ва мусофирчилик билан боғлиқ кўплаб шеърлари ана шу узоқ йиллик сафарлари билан боғлиқлиги шубҳасиз.

Кўп юртларни кўриб кўзи очилган, ақли тўлишган Махтумқули чала қолган таҳсилини ниҳоясига етказиш учун Хивадаги Шерғозихон мадрасасига жойлашади. Бу ерда ҳам у ўзининг ўткир зеҳни ва дарсларни ўзлаштиришдаги фавқулодда қобилияти билан барчадан ажралиб турар эди. Ўз даврининг асосий илмларини ўрганиб, Абулқосим Фирдавсий, Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Низомий Ганжавий, Саъдий Шерозий, Жалолиддин Румий, Ҳофиз Шерозий, Имодиддин Насимий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Фузулий, Машраб каби Шарқнинг буюк сўз санъаткорлари ижодини ўқиб-ўзлаштиради. Унга, хусусан, Яссавий, Навоий, Фузулий ва Машраб каби шоирлар кучли таъсир кўрсатган. Бу таъсирнинг ёрқин изларини биз унинг бу улуғ салафлари йўлида ёзган қатор шеърларида кўрамиз.

Туркман халқи тарихининг энг нотинч ва оғир даврида яшаб ўтган Махтумқули оилавий ҳаётда ҳам ҳаловат топмади. Туркман хони Човдурхон бош­чилигида Афғонистон шоҳи Аҳмадшоҳ Дурроний (1747–1772) ҳузурига музокара олиб бориш учун вакил қилиб жўнатилган акалари Абдулла ва Маматсафо бедарак кетади. Бу айрилиқ алами шоирнинг “Човдурхон”, “Човдурхон учун”, “Абдулла”, “Булар келмади”, “Қурар бўлди” каби ўнлаб шеърларида ўзининг ёрқин ифодасини топган.

“Гўзал Шерғози” шеъридан маълум бўлишича, у Хивада таҳсил олаётган даврида бирин-кетин отаси ва онасидан жудо бўлган:

Бағрингда илм олиб, комил бўлибман,

Ғарибман – отамдан етим қолибман,

Каъбамдан – онамдан жудо бўлибман,

Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал Шерғози!

Кўпчилик тадқиқотчиларнинг фикрича, унинг ўзига Фироғий тахаллусини танлашига ана шу кўпдан-кўп жудоликлар сабаб бўлган. Бизнингча, дунёни фоний, ёлғончи деб атаган шоир учун бу оламдаги йўқотишлар эмас, балки Ҳақдан жудолик чинакам фироқ эди. Бинобарин, бу тахаллуснинг тасаввуфий маъноси ҳам бўлиб, у аслида икки оламнинг соҳиби бўлган илоҳий маҳбуба висолидан жудоликни тамсил этади. Унинг тасаввуфий мазмундаги “Ичмайин жомим” шеърида илоҳий ишқ майидан маст бўлиб, ҳушини йўқотгани, Ҳақ вас­лига кўнгли ташнаю кўзи интизорлиги, бинобарин, токи боқий дийдордан жудо экан, “Фироғий деб атанг бундан сўнг номим”, − деб фиғон чекиши бежиз эмас.

Катта хонадоннинг бутун оғирлиги Махтумқули елкасига тушади. У мударрислик қилиш, ота-бобосидан мерос ёначилик (тўқимдўзлик) касбини давом эттириш билан бирга, темирчилик ва заргарлик ҳунарларини ҳам эгаллайди.

Махтумқули Менглихон деган қизни қизғин муҳаббат билан севган ва улар бирга бўлишга ўзаро аҳду паймон қилишган, лекин кутилмаган бир ҳодиса уларни бир-биридан ажратган. Натижада Менглихон ўзига номуносиб бир кишига турмушга чиқиб кетган бўлса, Махтумқули унинг доғу ҳасратида куйиб қолган. Армонга айланган ишқини ёниқ сатрларга муҳрлаб, севгилисига боқий назмий ҳайкал қўйган.

Махтумқулининг Менглихонга бўлган ҳассос муҳаббати Шарқ сўз санъати, жаҳон адабиётидаги ноёб ҳодисалардан ҳисобланади. Бу ёниқ муҳаббат Махтумқулининг, таъбир жоиз бўлса, бутун ижодини ёлқинлантириб туради. Шоирнинг деярли барча шеърлари қат-қатидан хоҳ бевосита, хоҳ билвосита бўлсин, армонга айланган муҳаббат садоси эшитилиб туради. 

Махтумқули ҳаётини ҳам, ижодини ҳам тасаввуфдан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Шоирнинг деярли барча шеърларида диний-тасаввуфий руҳ барқ уриб туради. Кўплаб шеърлари эса соф сўфиёна мазмунда. Ҳаётда эса у қатор тариқат пирлари тарбиясини олган, уларнинг суҳбатида бўлган. 

Шеърларидан маълум бўлишича, унинг илк пири тасаввуф аҳлини дўст тутган отаси Давлатмамат эди. Қиблагоҳидан сафарга ижозат сўраб ёзган ўзаро савол-жавоб тарзидаги шеърида “Жиловдори бўлсам Язирхон пирнинг” деса, “Эмасми?” шеърида “Пиримиз Бектурди эшон эмасми?” дейди. Унинг Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Занги ота, Паҳлавон Маҳмуд, Амир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд каби бир қатор ўтиб кетган шайхлар билан ҳам маънавий иртиботи бўлган. 

Махтумқули Кубравия тариқати шайхлари билан ҳам, Хожагон-Нақшбандия силсиласи пирлари билан ҳам яқин алоқада эди. Чунончи, Сарахсда Нақшбандия намояндаси Ниёзқули халифага мурид тушишни орзу қилган бўлса, Отаниёз охунга ҳам шогирдлик талабида бўлган. Таниқли туркман олими А.Аширов эса Бухородаги Кўкалдош мадрасасида таҳсил олганлиги, Баҳоуддин Нақшбандга бағишлаб қатор шеърлар ёзганлигидан келиб чиқиб ва албатта, ижодининг умумий руҳига асос­ланиб, унинг Нақшбандия тариқатига эътиқод қўйганлигини таъкидлайди. Воқеан, Махтумқулининг ўзи ҳам Баҳоуддин Нақшбандга алоҳида ихлос қўйган бўлиб, ҳатто ўзининг шоирлик илҳомини ҳам буюк авлиё билан боғлайди:

Бир кеча ётардим, шоҳ Нақшбандий

Лутфи эҳсон айлаб бир нон келтирди.

Маълумки, “Туркистон мулкининг шайх ул-машойихи” (Навоий) Аҳмад Яссавий ислом маърифати ва тасаввуф ҳақиқатини ҳикмат тили билан баён қилиб, туркий халқлар маънавий тафаккури тараққиётида буюк роль ўйнаган эди. Таъбир жоиз бўлса, Махтумқули худди шу вазифани туркман халқи орасида ҳадди аълосида адо этди. У ўзининг ислом таълимоти ва шариат талаб­лари назмий талқин қилинган шеърлари билан ўз халқини Ҳақ йўлига даъват этган бўлса, тасаввуф асослари тушунтирилган ижод намуналари билан тариқатга муҳаббат уйғотди. Унинг нафақат диний-тасаввуфий мавзудаги шеърлари, балки бирор асари исломий руҳ ва сўфиёна мазмундан холи эмас, дейиш мумкин.

Бизгача Махтумқулининг 700 дан зиёд шеърлари ва “Қуруқ калла”, “Оқ ит”, “Маҳшарнома“, “Ваъз”, “Кўккина каптар“,“Қора ер”, “Забуржон”, “Марв – шоҳи жаҳон”, “Жуҳут ўғлон” каби ўнга яқин кичик ҳажмдаги достонлари етиб келган. 

Туркман халқининг тарихи, бугуни ва эртаси, урф-одатлари, анъаналари, даврининг муҳим сиёсий-ижтимоий ҳодисалари, шоирнинг дарду ҳасратлари бу шеърларнинг асосий мавзуи ҳисобланади. Бу шеърларда шоир ўз халқини севган, унинг дарду ҳасратлари билан ёнган, истиқболи учун қайғурган фидойи ватанпарвар сифатида намоён бўлади. Ватан ва халқ мавзуси – Махтумқули шеъриятининг ўқ илдизини ташкил этади. Қатор шеърларида тарқоқ туркман уруғларини бирлашишга, улар ўртасидаги ўзаро низоларни бартараф этишга даъват қилади.

Махтумқули асарлари – ХVIII аср туркман ҳаётининг яхлит кўзгусидир. Шоир яшаган давр билан боғлиқ бирор нарса-ҳодиса йўқки, бу кўзгуда акс этмаган бўлса. У фақат туркманнинг эмас, балки барча туркий халқларнинг муштарак шоирига айланди десак, хато қилмаган бўламиз.

Эргаш ОЧИЛОВ,

филология фанлари номзоди, 

Туркманистоннинг халқаро 

“Махтумқули Фироғий” медали совриндори

Tegishli xabarlar

Адолат қудрати

admin

Бор меҳримиз сенга, болажон!

admin

Муаллимларга

admin