ADOLAT 24

Ўзбекистон – Туркманистон: ДАВЛАТЛАРАРО МУЛОҚОТНИ МУСТАҲКАМЛАШ, ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИКНИ КЕНГАЙТИРИШ —  БОШ ВАЗИФА

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов 14 июль куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Самимий учрашувдан сўнг биродар мамлакат делегацияси “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, у ерда Туркманистон Президенти Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. 

Сердар Бердимуҳамедов мажмуа меъморий ечимлари ҳамда композиция­сининг мазмун-моҳияти ва хусусиятлари билан батафсил танишди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонга ташриф буюраётган олий мартабали меҳмонларнинг ушбу муҳташам маж­муа билан танишуви анъанага айланган.

Ўзбекистон чуқур умумий тарихий илдизлар ва ягона дин, тил, маданият, миллий анъана ва урф-одатлар ўхшашлигига асосланган муносабат ила боғланган Туркманистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратмоқда.

Асрлар мобайнида тинч, ўзаро келишиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб яшаб келаётган икки қардош халқ ўртасидаги муносабат кейинги йиллари янада мустаҳкамланди. Бугун ишонч билан айтиш мумкинки, давлатларимиз ўртасидаги кўп қиррали шериклик теран, кўп асрлик қалин дўстлик, ўзаро ҳурмат ва яхши қўшничилик тамойили асосида муваффақиятли ривожланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовни кутиб олди.

Олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов махсус шоҳсупага кўтарилдилар. Икки давлат мадҳиялари янг­ради. 

Фахрий қоровул бўлинмаси бошлиғи рапорт бергач, давлат раҳбарлари қоровул сафи олдидан ўтиб, ўзбек ҳарбий хизматчиларини қутладилар ва Ўзбекистон Республикаси давлат байроғига эҳтиром кўрсатдилар. 

Сўнг Президентлар расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирди. 

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов тор доирада учрашув ўтказди.

Давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қутлар экан, ушбу учрашув Ўзбекистон – Туркманистон стратегик шериклик муносабатлари тарихида янги саҳифа очишига ишонч билдирди.

– Улар замирида азалдан мустаҳкам дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлаш ришталари ётади, – деди Ўзбекистон Президенти.

Ўзбекистон етакчиси Туркманистон Президентини жорий йил март ойида ўтган Президент сайловидаги ғалабаси билан яна бир бор табриклади.

– Донишманд туркман халқи мамлакатдаги кенг кўламли ислоҳотлар давом эттирилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, сизга ўз келажагини ишониб топширди. Сизнинг билим ва тажрибангиз, куч-ғайратингиз ва етакчилик қобилиятингиз кўзланган барча режаларни рўёбга чиқаришга хизмат қилишига шубҳа йўқ, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистон билан Турк­манистон ўртасидаги муносабатларда юксак даражага эришишга ва Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга қўшган беқиёс ҳиссасини қайд этди.

Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларида ижобий суръатга эришилганини мамнуният билан таъкидлади.

– Шуни қайд этмоқчиманки, биз учун Туркманистон – минтақадаги ишончли ва муҳим ҳамкор. Бизнинг кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги интилишимиз қатъий, энг яқин қўшнимиз билан стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама мус­таҳкамлаш ниятидамиз, – деди Президентимиз.

Туркманистон Президенти меҳмондўстлик ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раисининг саломини етказди.

– Сиз Гурбангули Мяликгулиевич билан биргаликда икки томонлама муносабатларнинг пойдеворини қурдингиз ва мустаҳкамладингиз, ҳамкорликнинг пухта сиёсий ва ҳуқуқий асосини яратдингиз. Бу галги давлат ташрифимиз стратегик шерикликка янги суръат бағиш­лашга қаратилган ва мен қўйилган мақсадларга эришишимизга ишонаман, – деди Сердар Бердимуҳамедов.

Учрашув чоғида давлат раҳбарлари Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлигининг истиқболларини муҳокама қилдилар, алоҳида эътиборни савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро савдони кўпайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт-транзит имкониятларидан фойдаланишга қаратдилар.

Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйишда улкан салоҳият мавжудлигини қайд этдилар.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Марказий Осиёда қарор топган ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муҳитини мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланди.

Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистон Президентини ўзига қулай вақтда Туркманистонга жавоб ташрифи билан келишга таклиф этди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.

– Туркманистон Президентининг давлат ташрифини халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари бузилмас, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга интилиш бардавом эканлигининг ёрқин тасдиғи сифатида қабул қиламиз, – деди мамлакатимиз етакчиси.

Туркманистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг шубҳасиз устувор йўналиши экани қайд этилди.

– Ишончим комил, бугунги музокаралар кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади, биродар мамлакатларимизнинг стратегик шериклигини янада мустаҳкамлайди ва сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқади, – деди Ўзбекистон Президенти.

Мамлакатларимиз савдодаги ижобий суръатни сақлаб қолиш ва унинг ҳажмини яқин йилларда икки баробар ошириш учун барча имкониятларга эга экани мамнуният билан қайд этилди.

Бунга Ўзбекистон – Туркманистон чегараолди савдо ҳудуди ва пойтахтларимизда савдо уйларини очиш бўйича қабул қилинган қарорлар хизмат қилади.

Томонлар кимё тармоғидаги алоқалар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини юксак баҳоладилар. Автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик ва фармацевтика, озиқ-овқат саноати ва қиш­лоқ хўжалигида кооперацияни кенгайтириш режалаштирилган.

Шу мақсадда ўрта муддатли Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастури қабул қилинади. Бундан ташқари, энг истиқболли лойи­ҳаларни илгари суриш учун қўшма лойиҳа офиси ташкил этилади.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Ўтган йилда юк ташишлар ҳажми 17 фоизга ортиб, бу тенденция жорий йилда ҳам сақланиб қолмоқда. Томонлар минтақа мамлакатларининг ноёб транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун қулай шароитлар яратиш, шу жумладан, юкларни ташиш учун ўзаро имтиёз ва чегирмалар беришдан манфаатдор эканлик­ларини билдирдилар.

Давлат раҳбарлари сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликка тўхталар эканлар, Сув хўжалиги масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссия муваффақиятли ишлаётганини таъкидладилар. Президентимиз бугун минтақа сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга хизмат қиладиган тарихий аҳамиятга эга Амударё бўйи­­ча битим имзоланишини мамнуният билан қайд этди.

Шунингдек, Ўзбекистон энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан, Турк­манистондан электр энергияси, газ ва нефть маҳсулотларини харид қилишдан манфаатдор.

Туркманистон томони товар айирбош­лашни диверсификация қилиш ва ошириш, саноат кооперациясини ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирди.

– Мамлакатларимиз улкан салоҳиятга эга муайян тармоқлар орасида биз агросаноат мажмуи, энергетика, кимё ва нефть-кимё, машинасозлик, тўқимачилик ва фармацевтикани қайд этмоқчимиз. Бизнес доиралари ўртасидаги шерикликни кенгайтириш учун жиддий имкониятлар бор. Кейинги йилларда чегарадош ҳудудлар ўртасидаги алоқалар фаоллашди. Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттириш ва кенгайтириш ниятидамиз, – деди Туркманистон Президенти.

Музокаралар якунида давлат раҳбарлари икки мамлакат ҳукуматларига эришилган келишувларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш ва уларнинг амалга оширилиши юзасидан ҳар ой ахборот бериб боришни топширдилар.

Олий даражадаги музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов Қўшма баёнот имзоладилар. Унда эришилган асосий келишувлар мус­таҳкамлаб қўйилган ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича узоқ муддатли вазифалар белгиланган.

Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари томонидан битимлар имзоланди. Жами 19 та ҳужжатга имзо чекилди, шулар жумласидан:

– Транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида битим;

– Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Амударё сув ресурсларини бош­қариш, муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисида битим;

– Ташаббусли илмий-тадқиқот лойи­ҳаларининг қўшма танловини ўтказиш тўғрисида битим;

– 2022-2025 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастури;

– 2022-2024 йилларга мўлжалланган илмий-техник ҳамкорлик тўғрисида дастур;

– 2023-2024 йилларга мўлжалланган ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури;

– Ўзбекистон – Туркманистон чегараолди савдо зонаси – Савдо марказини ташкил этиш ва фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги Ҳукуматлараро битим қоидаларининг амалий ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси.

Шунингдек, кимё тармоғи, божхона, темир йўллар, музейлар, адлия, ёш­ларга доир сиёсат, телерадиоэшиттириш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик юзасидан қатор ҳужжатлар имзоланди.

Ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон ва Турк­манистон ўртасидаги ҳамкорликнинг қатор истиқболли йўналишларида амалий шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов бўлиб ўтган музокаралар тўғрисидаги фикрлари билан бўлишдилар.

Ўзбекистон етакчиси Туркманистон Президентининг ташрифи халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлашга асосланган биродарлик ришталари тарихида янги саҳифа очишга қаратилганини таъкид­лади.

– Бугун биз Сердар Гурбангулиевич билан мазмунли, очиқ ва батафсил музокаралар ўтказдик, улар, шубҳасиз, ҳамкорлигимизни янги, янада юқори даражага олиб чиқади, – деди Президентимиз. – Биз икки томонлама кун тартибидаги барча долзарб масалаларни батафсил муҳокама қилдик. Ҳамкорликнинг бугунги ҳолати юзасидан фикр алмашдик, бу борада катта ютуққа эришилганини қайд этдик. Сиё­сий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика ва гуманитар йўналишларда биргаликдаги ишимизнинг устувор жиҳатларини белгилаб олдик.

Қатор истиқболли йўналишлар бўйи­­ча, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, товар айирбошлашни кўпайтириш, чегараолди савдо зонасини ташкил этиш, қўшма лойиҳа офисини очиш юзасидан қабул қилинган қарорлар музокараларнинг муҳим натижаси бўлди.

Автомобилсозлик, кимё, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалигида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.

Шу мақсадда ўрта муддатли Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастури қабул қилинди.

Ҳудудлар ўртасида тизимли мулоқотни ривожлантириш ҳам Ўзбекис­тон – Туркманистон шериклигига янги суръат бағишлайди. Куни кеча Бухорода муваффақиятли ўтказилган биринчи Ҳудудлар форуми ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини яққол кўрсатди. Унинг якунида умумий қиймати 450 миллион доллардан зиёд бўлган аниқ шартнома ва келишувлар имзоланди.

Парламентлар – Олий Мажлис ва Миллий Кенгаш ўртасидаги ҳамкорлик самарали кечаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Ҳар доимгидек, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари музокаралар диққат марказида бўлди. Илмий ва академик алмашинувларни ривожлантириш, инновациялар соҳасидаги дастурларни қўллаб-қувватлаш юзасидан келишувга эришилди.

Бундан буён ҳам Ўзбекистон ва Турк­манистон маданияти ва кино кунларини ўтказиб бориш, туризм соҳасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суришга қарор қилинди.

Музокараларда минтақамизда хавфсизлик ва барқарорликни мус­таҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларининг муҳим аҳамияти қайд этилди.

– Марказий Осиёда минтақавий жараёнлар ва кўп томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши минтақадаги барча мамлакатларнинг тараққиёти ва равнақига хизмат қилишига қатъий ишонаман, – деди Ўзбекистон Президенти.

Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Давлат раҳбарлари ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши мақсадида бундан буён ҳам биргаликда ҳаракат қилишга тайёрлигини билдирдилар.

БМТ, МДҲ, ИҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа тузилмалар дои­расида фаол мулоқотлар ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти Туркманис­тон томонига Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мус­таҳкамлаш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда кўрсатган фаол кўмаги учун миннатдорлик билдирди.

Давлатимиз раҳбари туркманистонлик ҳамкасбини Самарқандда ўтказиладиган ШҲТнинг навбатдаги саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этишга таклиф этди.

– Кўп қиррали Туркманистон – Ўзбекистон муносабатлари бугун жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон бизнинг муҳим сиёсий ҳамкоримиздир. Бугун савдо-иқтисодий шериклик масалалари батафсил муҳокама қилинди, уни кенгайтириш ва диверсификация қилишга иккала томон ҳам тайёр экани тасдиқланди, – деди Сердар Бердимуҳамедов.

Якунда давлат раҳбарлари кенг кўламли стратегик шерикликни ривож­лантириш ва кенгайтириш, уни сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойи­тиш, биродар мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ва равнақи йўлида аниқ ва самарали натижаларга эришишга қатъий интилишларини таъкидладилар.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов мамлакатимизга давлат ташрифининг биринчи куни якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида Кўксарой қароргоҳининг Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт экди.

Ушбу эзгу анъана яқин йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шерик­ликни кенгайтириш учун пойдевор бўладиган олий даражадаги музокараларнинг сермаҳсул натижаларини мус­таҳкамлайди.

Туркманистон раҳбари томонидан экилган дарахт халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари бузилмас эканининг рамзларидан бири бўлиб хизмат қилади.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.

ЎзА

Tegishli xabarlar

Илм — тараққиётнинг бош мезони

admin

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР: Адолатли фуқаролик жамияти сари

admin

«Халқ банки»нинг Андижон филиали ходимлари 4,6 миллиард сўмни ўзлаштириб юборди

admin