ADOLAT 24

Ўзбекистон ташаббусининг халқаро эътирофи

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро жараёнлардаги иштироки сезиларли даражада юксалди. Мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли ўзгариш ва ислоҳотлар ташқи сиёсатимизда ҳам ўз аксини топмоқда. Ўзбекистон олдинги даврларга нисбатан анча фаол ва прагматик ташқи сиёсат олиб бормоқда. Бу сиёсат ўзининг прогрессив характери ва тинчликпарварлиги билан халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда.

Куни кеча БМТ Бош Ассамблеяси томонидан мамлакатимиз раҳбари ташаббуси асосида Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюциянинг қабул қилинганлиги, шубҳасиз, Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги навбатдаги муҳим воқеалардан биридир. Ушбу ҳолат Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради.

Мазкур резолюция 2021 йилда Тошкентда бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция доирасида Президентимиз илгари сурган таклифлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, 40 та давлат унга ҳаммуаллифлик қилдилар. Резолюциянинг БМТ аъзолари томонидан якдиллик билан қабул қилинганлиги икки минтақани ўзаро боғлаш масаласида аъзо давлатлар ўртасида ўзига хос консенсус мавжудлигидан далолат беради. 

Қабул қилинган резолюцияда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақаларининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга қаратилган халқаро ҳамжамиятнинг умумий саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилган.

Ҳужжатда Вена декларацияси ва унинг 2014-2024 йилларга мўлжалланган денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар учун ҳаракат дастурини амалга ошириш бўйи­­ча ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан, иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқалар ҳамда уларнинг транспорт, транзит ва сармоявий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун транспорт ва транзит йўлакларининг муҳим аҳамияти алоҳида таъкидланган.

Резолюцияда Афғонистоннинг Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни ўрнатишдаги роли ҳам алоҳида эътироф этилган бўлиб, улкан ҳудудда мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун ушбу мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши ва минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграциялашуви муҳимлиги қайд этилган.

Резолюцияда ҳар икки минтақа учун бир қатор долзарб ташаббуслар ўз аксини топган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларнинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиздир. Хусусан, транспорт ва ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини кенгайтириш, денгиз портларига арзон ва хавфсиз йўл очувчи янги халқаро транспорт йўлакларини барпо этиш орқали Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш тавсия этилган бўлиб, бу эса икки минтақа халқларининг асрий орзу-умид­лари ва интилишларига ҳамоҳангдир.

Резолюцияда, шунингдек, ҳар икки минтақанинг моддий ва номоддий маданий меросини ўрганиш ва асраб-авай­­лаш, туризмни ривожлантириш, халқ дипломатиясининг муҳим омиллари бўлган фан-техника соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланган. 

Бундан ташқари, резолюцияда Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатлари 2030 йилга мўлжалланган барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш, шунингдек, «яшил» энергетика соҳасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлиги қайд этилган.

Шубҳасиз, БМТ Бош Ассамблеясининг мазкур резолюцияси халқаро ҳуқуқий асос сифатида икки минтақа алоқаларида янги босқични бошлаб беради. Резолюция ҳар икки минтақа мамлакатларининг ўзаро манфаатли савдо алоқалари, илмий ва маданий алмашинувларни ривожлантириш бўйича минг йиллик анъаналарни қайта тиклашга хизмат қилади. Зеро, ўтмишда Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасида минтақалараро борди-келди алоқалари инсоният тарихидаги энг буюк цивилизацияларни барпо этишга имкон берган эди.

Tegishli xabarlar

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришди

admin

Барча соҳаларда самарадорлик таъминланади

admin

ҚОНУН ТАЛАБЛАРИГА РИОЯ ҚИЛАЙЛИК!

admin