ADOLAT 24

Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи — халқ

Сўнгги йилларда республикамиздаги барча соҳа ва тармоқлар ривожланишининг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш мақсадида янги қонунлар, қарор ва фармонлар қабул қилиниб, амалда эскирган бир қатор норматив ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бу борада, шу кунларда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар ушбу ўзгартишлардаги локомотив янгиликлардан десак, муболаға бўлмайди.

Ҳозирда халқ муҳокамасида бўлган Бош қомусимизнинг янги таҳрирдаги лойиҳаси чинакам халқчил Конституция лойиҳаси бўлди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда “Конс­титуциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлови асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конс­титуцияси бўлади”, дея айтиб ўтди.

Ваҳоланки, мазкур Конституциявий ислоҳотларни амалдаги қонунчиликка мувофиқ парламент ваколати доирасида ҳам амалга ошириш мумкин эди. Аммо давлат раҳбари Конституция­нинг ягона манбаи ва муаллифи – халқ бўлиши лозим эканлигини таъкидлаб, ислоҳот референдум орқали амалга оширилиши юзасидан ўз таклифини билдирди.

Шунингдек, Президент Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда Ўзбекистон Президентининг иккита муҳим ваколатини Олий Мажлисга ўтказишни таклиф этди.

Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ҳамда Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ҳамда озод этиш ваколатини Сенатга ўтказиш шулар жумласидандир. 

Бундан ташқари, шахсан ўзим ҳам Конституциявий комиссия раиси ўринбосари сифатида Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиришлар чинакам инсон қадри учун, мамлакат тараққиёти йўлида амалга оширилаётганини қайд этиб ўтмоқчиман.

Бунга Конституция лойиҳасига ўлим жазосини тақиқловчи норма киритилганини мисол сифатида келтириш мумкин. Чунки тарихдан маълумки, яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқидир.

Шу билан бирга, Конституция лойи­ҳасида шахсий мулк дахлсизлиги ҳамда гумонланувчининг айби 48 соатда тасдиқланмаса уни шу заҳоти қўйиб юбориш кераклигини ўзида акс эттирувчи нормалар киритилгани фик­римизга қўшимча мисол бўла олади.

Айтиш жоизки, инсон қадри улуғ­ланган янги таҳрирдаги Конституция лойиҳ­аси шунчаки даб-дурустдан шакл­лангани йўқ. Унинг халқчил бўлишини таъминлашда кўплаб профессор-олим­лар, фаол фуқаролар, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари, блогерлар, давлат хизматчилари иш­тирок этди.

Ҳозирги кунда муҳокамалар қизғин давом этмоқда. Кўплаб фаоллар лойи­ҳага нисбатан ўзларининг муносабатини билдирмоқда. Бу, албатта, барчамизда қувонч ҳиссини уйғотади. Нега деганда, республикамизда бўлаётган ўзгаришларга фуқароларимиз, кенг жамоатчилик вакиллари бефарқ эмас. Аҳоли вакилларининг дунёқараши ўзгариб, ҳуқуқий маданияти юксалмоқда. Бунга конституциявий ислоҳотлар жараёнида ҳам гувоҳ бўлдик.

Аммо юртимиз ривожи, халқ фаровонлигини, демократик ислоҳотлар ва эркинликларни кўра олмаган бир қатор шахслар конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилган ҳолда Қорақалпоғистонда беқарорликларни юзага келтирмоқчи бўлди.

Ўзларининг сепаратистик ғояларини айрим ёшлар онгига сингдириб, ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан амалдаги конституциявий тузумга қарши намойишлар қилиш орқали неча асрлик дўст-биродар, қардош бўлган икки миллатни бир-биридан айирмоқчи бўлди.

Уларнинг асл мақсад ва муддаосини англаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрига етиб бориб, халқ вакиллари билан учрашди.

Учрашув давомида Президентимиз норозилик кайфиятига сабаб бўлган омилларни бартараф этиш юзасидан қабул қилган тезкор ва оқилона қарор туфайли юз бериши мумкин бўлган кўплаб кўнгилсиз воқеаларнинг олди олинди.

Шу ўринда айтиш жоизки, ўзини “инсон ҳуқуқлари” ҳимоячиси сифатида намоён этиб, неча асрлик қардош, бир Ватаннинг фарзанди бўлган икки миллатни бир-биридан айирмоқчи бўлган экстремистик руҳдаги шахс Қорақалпоғистонни мустақил қилиб, ўзини давлат раҳбар сифатида тайинлашга даъват қилган.

Натижада 2 июль куни Нукус туманидан бир гуруҳ экстремистик руҳдаги шахслар Нукус шаҳри томон ҳаракатланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг қонуний талаб­ларга бўйсунмасдан блокпостда хизмат олиб бораётган миллий гвардия ходимларига ҳужум қилган.

Ҳозирги вақтда қўлга олинган шахс­ларга нисбатан конституциявий тузумга тажовуз қилиш бўйича жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу каби шахслар ва уларга йўл-йўриқ бераётган ташқи кучлар қорақалпоқ қардошимизга дўст эмас. Агар дўст бўлганида барқарор ҳаётни аксига айлантиришга ҳаракат қилармиди?!

Айни вақтда Қорақалпоғистонда ҳаёт барқарор ҳолатга қайтган ва фуқаролар аввалгидек фаровон турмуш кечирмоқда. Конституциявий ислоҳотлар эса бир маромда халқ фикр ва ташаббуслари инобатга олинган ҳолда давом эттирилмоқда.

Ўз навбатида, давлат раҳбарининг сўзларини қайд этган ҳолда шуни айта оламанки, Конституцияга киритиладиган барча тузатишлар мамлакатимизнинг 14 та ҳудудий бирлигидан иборат ягона давлатни, миллат ва элатидан қатъи назар, қудратли Ўзбекистон халқини янада жипслаштиради ҳамда улуғвор мақсадлар сари сафарбар этади.

Tegishli xabarlar

ДАСТУРЛАР ИЖРОСИНИ МАҲАЛЛАЛАРДА АМАЛГА ОШИРИШ ВАЗИФА ҚИЛИБ ҚЎЙИЛДИ

admin

ТОВЛАМАЧИ БЛОГЕР

admin

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги нутқи

admin