ADOLAT 24

Муаллифлик ҳуқуқи:  ёхуд тескари “қадриятлар” ҳукми

Сўнгги пайтларда муаллифлик ҳуқуқига оид низолар анча кўпайди. Масалан, илгари исталган қўшиқни, истаган одам, хоҳлаган жойда ижро этиб кетаверар эди. Энди қўшиқ ижрочисидан оғзаки розилик олиб айтилган қўшиқлар устида ҳам судлашувлар бўляпти. Бунда Юлдуз Усмонова, Авазбек Олимов, Санжай, Достон Эргашев каби таниқли хонандаларнинг жавобгар сифатида намоён бўлиши бир томондан муаммога жамоатчилик эътиборини қаратмоқда, бошқа томондан эса кўп ўринларда жамоатчиликнинг муаллифлик ҳуқуқига нисбатан тоқатсизлигини, яъни нотўғри муносабатини намоён қилиб қўймоқда. Мақолада интеллектуал мулк­ка нотўғри муносабат бизни қандай қашшоқлаштириши ҳақида сўз боради.

Интеллектуал мулкни ўғирлаш – бу фақат шеър ё қўшиқни ўзиники қилиб олиш дегани эмас. Сал ўзгартириб кўчирилган илмий иш, мақоладан тортиб, номи бир ҳарф­га фарқ қилувчи сохта брендларгача, нашр қилиниши билан телеграм каналларда тарқаб кетаётган китоблардан тортиб, катта лойиҳалар учун ясалаётган (кўчирилаётган) логотипларгача – барчаси интеллектуал мулк ўғирлигининг кўринишларидир.

Бу бизда кеча ёки бугун пайдо бўлган иллат эмас. Бу бизда ҳар доим бўлган ва илдизи анча чуқур муаммо.

Негадир интеллектуал ўғирликни енгил санаймиз, бефарқ-лоқайдмиз, кези келганда уни ҳатто оқлаймиз ҳам. Бирон шоирнинг шеърини сўроқсиз ўзгартириб, асл мантиғи ва фалсафасини бузиб куйлаган хонанда – қаҳрамонга («яхши куйлади, шеърни ва шоирни машҳур қилиб берди»), ҳақини даъво қилган муаллиф эса – аксилқаҳрамонга айланади («ношукр экан, ўзини биров танимаса, пул учун судлашяпти-ёв»). Биз бу борада терс бир муҳитда яшаётгандекмиз.

АҚШда талаба курсдоши кўчирмакашлик қилганини ўқитувчига айтиб берса, номаъқул ишни фош этди, дея олқиш олади. Бизда эса кўчирмакашлик оддий ҳол, қўлга тушиб қолса, нари борса огоҳлантирилар, лекин жиддий жазоланмайди. Бордию кимдир буни ошкор қилгудек бўлса, сотқин аталади.

Шўро қатағонидан мерос тарихий анъана бирон бир маълумотни ошкор этишни қораламоққа ундайди. Муаллифнинг ўз ҳақини талаб қилиши билан хабаркашлик иллати еру осмонча фарқланишини эса тушунгимиз келмайди. Аҳвол шу даражадаки, интеллектуал мулкини ҳимоя қилиш учун даъво бошлаган муаллифлар «Одамлар билмасин, мени сазойи қилишади» деб қонуний хатти-ҳаракатини ҳам яширишга уринади. Биз тескари «қадрият»лар ҳукми остида яшаяпмиз!

Бунинг асосий сабаби – ақлий меҳнатнинг қадрини билмаслик. Албатта, халқнинг иқтисодий ҳолати ҳам аҳамиятга эга. Дейлик, асл пойабзал фалон минг сўм, унинг нусхаси эса ўн баравар арзон бўлса, халқ камхаржини олади. Бировнинг ҳақи, муаллифлик ҳуқуқи деб ҳар қанча бонг урманг, чўнтак кўтармас экан, барча уриниш­лар фойдасиз. Бу ҳол ёпиқ доирани ёдга солади: аҳоли қўли юпқалиги важидан муаллиф ҳақига риоя қилмайди, бошқа томондан, жамият муаллиф ҳақига риоя қилмагунича камбағалликдан қутулолмайди. Боз устига, мамлакатда муаллифлик ҳуқуқига риоя этилмаётгани, ишлаб чиқарувчи ҳам, истеъмолчи ҳам бунга бефарқлигини кўрган инвестор асло сармоя киритмайди.

Шу тахлит хорижнинг арзон, сифатсиз молларини истифода этиб, умр ўтказамиз. Ўзимизнинг олтинбошлар четга ҳижрат қилиб, у ерда моддий неъмат яратади. Биз эса уларнинг молини ўн, юз баравар қиммат нархда сотиб оламиз. Шу тарзда «учинчи дунё» қармоғидан қутулолмай юраверамиз.

Ҳар гал хориж сафарига чиққанимда аэропортларда ҳамюртларимнинг зил-замбил жомадон судраб юрганига гувоҳ бўламан. Ватандошларимиз четдан китоб, антиквариат ёки бирон маданий атиқа келтирса қани – асосан кийим-кечак, егулик ташийди. XXI асрдая! Нега? Бизда брендлар камлиги сабаб ким хорижга чиқса, кўзи очдек дўконларга чопади, жомадонини ажнабий маҳсулот билан тўлдиради. Фикр, ғоя ўғирланаётган мамлакатдан бренд эгалари ҳам оёғини тортади-да!

Бу ҳол нафақат саноат ва бизнес, балки илм, ноширлик, санъатга ҳам хос. Ношир яхши муаллиф топиб, унга қалам ҳақи бериб асар ёздиради, хориждан нашр ҳуқуқини сотиб олади. Қанча харажат ва ҳаракат қилиб китобни нашр этади, бозорга чиқаради, маҳсулотини овоза қилиш учун ҳам маблағ аямайди. Бироқ китоб энди тилга тушганида қароқчилар уни арзон-гаровга пуллаб, чўнтак қаппайтиради. Сўнгги йиллари бу борада Телеграм каналлар учар бўлиб кетди. «Маърифат тарқатяпмиз» деган даъво билан китобларнинг электрон нусхаси каналларга жойланади. Асл мақсад – минг-минг обуначи йиғиш ва рекламадан пул ишлаш! Шўрлик ношир чапак чалиб қолаверади.

Ўғирликларнинг ортидан қувиб, ҳуқуқбузарларни жазолаш керак – қонун талаби шу. Лекин интеллектуал мулк ўғирлигига қарши фақат жазо ва тақиқ билан курашиш кутилган самарани бермайди. Телеграм гуруҳи маъмурини топиб жавобгарликка тортганингиз билан, эртага у аноним тарзда бошқа бир канал очиб, қинғир ишини давом эттираверади. Уларни фақат кўпчилик бўлиб тўхтатиш мумкин, маънан етук жамият буни қила олади. Ўғирланган маҳсулотларни бойкот қилади, ўша каналларга обуна бўлмай, плагиатни оммавий тарзда қоралайди (cancelling culture). Бироқ буни қила оламизми?

Ҳозирча бизда ўз ҳақини талаб қилган муаллиф cancel бўлиб кетиши (оммавий қораланиши) кузатилмоқда. Ижтимоий тармоқларда муаллифлик ҳуқуқи борасида кўп баҳслашаман. Гоҳо ўқимишли инсонлар ҳам интеллектуал ўғирликни ёқлашидан ҳайрон бўламан. Тўрт қатор оҳорли матн ёзиш машаққатини бошдан кечирган одам ақлий меҳнат маҳсулининг ўғирланиши нақадар аламли эканини теран ҳис этади.

Муаммо сабаблари талайгина.

Биринчидан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситасида маълумотларни унинг муаллифи, ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ўзлаштириш осон ҳамда арзон ишга айланиб қолди.

Иккинчидан, давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида интеллектуал мулк бўйича етарлича ҳамкорлик йўлга қўйилмаган.

Учинчидан, интеллектуал мулк ҳимоясига доир даъво аризаларни кўриб чиқаётган судьяларимиз бу соҳада етарлича билим ва кўникмага эга эмас.

Тўртинчидан, аҳоли бу бўйича етарли билим, кўникма ва ҳуқуқий маданиятга эга эмас.

Айримларда муаллифлик ҳуқуқи объектларига (шеърий ҳамда насрий асарлар, қўшиқлар, фильмлар ва б.) моддий мулк каби муносабатда бўлмай, унинг қийматига паст назар билан қараш шаклланиб қолган. Муаллифлик объектларининг ҳам худди моддий мулклар, масалан, машина ёки қимматбаҳо тақинчоқ каби эгаси ва баҳоси мавжуд.

Одатда муаллифлик ҳуқуқига оид иш ҳақида гап кетганда, омма орасида кенг тарқалган «интернет саҳифаларидан олдим, у ерда жойлаштирилган маълумотлар «жамоат мулки» – деган нотўғри тушунча мавжуд.

«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонуннинг 35-моддасига асосан, муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва унинг вафотидан кейин 70 йил давомида амал қилади. Ушбу муддат ўтгач, асар жамоат мулкига айланади.

Шу сабабли интернет саҳифаларига жойлаштирилган муаллифлик ҳуқуқи объектларининг ҳаммаси ҳам жамоат (халқ) мулки эмас ва улардан фойдаланилганда эгасидан рухсат сўралиши шарт.

Ахлоқ пойдор бўлмаган жамиятда қонун устуворлиги ҳам, тараққиёт ҳам йўқ. Биз эса тобора ахлоқдан йироқлашиб боряпмиз: бировнинг ҳақидан қўрқмаймиз, ўғирликка енгил қараймиз, фақат ўзимизни тунасаларгина адолат талаб қиламиз.

Интеллектуал мулк Европада ялпи ички маҳсулотнинг – 45, Хитойда – 12, Россияда эса 7 фоизини ташкил этади. АҚШ, Германия, Япония сингари мутараққий давлатларда ЯИМ ўсишининг 80 – 95 фоизи техника ва технологиялар ҳиссасига тўғри келади. Демак, қаерда ақлий меҳнат қадрланса, ўша ерда инсон шаъни баланд, қорни тўқ, адолат устувор бўлади. Илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, бу соҳадаги ютуқларни юқори қийматли маҳсулотга айлантириш учун ҳам интеллектуал мулкнинг ишончли муҳофазаси таъминланиши лозим.

Бировнинг тилла соатини ўмариш билан ўзганинг асарини ўзиники қилиш ўртасида моҳиятан фарқ йўқ. Ана шу нуқтаи назарни бутун жамиятга сингдириш, плагиаторликнинг улкан зиёнини тушунтириш, мухтасар айтганда, ижтимоий онгни ўстириш керак. Гарчи «популистик» бўлмасада, «очко» келтирмасада, жазони қаттиқроқ ва муқаррар қилиш, интеллектуал мулк ҳимоячилари ҳамжамиятларини рағбатлантириш вақти келди. Унутмайликки, бу иллат косамизни оқартирмайди, унинг касрига кучлилар қаршисида заиф ва тобе бўлиб қолаверамиз.

Шаҳноза Соатова, 

жамоатчилик фаоли

Tegishli xabarlar

ЙИЛНИНГ ҚАДАМИ ҚУТЛУҒ БЎЛСИН

admin

Фаол ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди

admin

So‘z Qurultoy ishtirokchilariga

admin