ADOLAT 24

ЙИЛНИНГ ҚАДАМИ ҚУТЛУҒ БЎЛСИН

Янги йил байрами шукуҳи кезиб юрган фарахбахш кунларда мамнуният билан айта оламизки, ўтган 2021 йил мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида унутилмас воқеаларга бой бўлди. 

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида оммавий ахборот воситалари бугунги реал воқеликларни очиқ-ойдин ёритиш билан чекланиб қолмасдан, бизни истиқболда нималар кутаётганини яққол тасаввур қилишимизга ҳам кўмаклашмоқда ва эртанги кунга ишончимизни янада мус­таҳкамлашга хизмат қилмоқда десак, муболаға бўлмайди.

Тан олишимиз керак, кейинги беш йилда журналистикамизда рўй берган ўзгариш, янгиланиш ва ривожланишларни илгари тасаввур этиш қийин эди. Соҳа ва унинг вакилларига кенг эркинликлар берилиши журналистларга кўтаринкилик бағишлаши баробарида уларда замон билан ҳамнафас бўлиш, бир қадам олдинда юриш ҳисси ва масъулиятини оширди. 

Биргина 2021 йилнинг ўзида Президент фармонига биноан 100 нафарга яқини ҳамкасбларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари, 503 нафар журналист “Ўзбекис­тон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирлангани ҳам оммавий ахборот воситалари ходимларига қаратилаётган алоҳида эътиборнинг ёрқин далилидир.

Барчамиз буни давлатимиз раҳбари томонидан оммавий ахборот воситалари ходимларига билдирилган юксак ишонч деб қабул қиламиз. Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини холис ва тезкор ёритиб бориш, халқимизга етказиш ҳар биримиздан зиммамиздаги масъулиятли вазифани чуқур ҳис қилишни талаб этади. 

Албатта, бугунги кунда айрим босма даврий нашрларнинг адади кескин камайиб бораётгани, мураккаб молиявий ҳолатга тушиб қолаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Ана шундай шароитда мамлакатимиздаги нуфузли нашрлардан бири — “Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси ўтган йили ҳар ҳафта 20 мингдан зиёд нусхада чоп этилди. Шу ўринда, газета номига яраша жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга, адолатни қарор топтиришга, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятни оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётганини, таълим, тиббиёт, маънавият, маърифат соҳаларини ёритишда жонбоз­лик кўрсатаётгани, саҳифаларида мунтазам танқидий-таҳлилий мақолалар бериб бораётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

2021 йил ҳар қанча ютуқларга бой бўлса-да, биз янги — 2022 йилда янада кўпроқ муваффақиятларга эришишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бу аксиома — исбот талаб қилмайдиган оддий ҳақиқатдир. 

 Шу нуқтаи назардан барча соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари учун ҳам янги йилнинг қадами қутлуғ бўлишини, матбуот том маънода жамият кўзгусига айланишини тилаймиз.

Олимжон ЎСАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ    МИРЗИЁЕВНИНГ “БИР МАКОН, БИР ЙЎЛ” УЧИНЧИ ХАЛҚАРО ФОРУМИДАГИ НУТҚИ

admin

Тергов ва жазони ўташ жараёнида етказилган зарар Ким томонидан қопланади?

admin

Фирибгар “Қувурчи” жазоланди

admin