Таниқли тилшунос олим Иброҳим Йўлдошев навбатдаги китобини “Ҳимматнинг қиймати” деб номлабди. “Фан зиёси” нашриёти томонидан чоп қилинган ушбу китобнинг номи ҳар қандай китобхонни ўйлантирса ажаб эмас. Негаки, ҳиммат билан қиймат сўзлари, гарчи оҳангдошлик жиҳатидан ўзаро яқин бўлса-да, маъно жиҳатидан бир-бирига зид келади. Чунки ҳиммат инсон қалбидаги энг олижаноб мақсадларнинг, саховат, мурувват, эзгулик, марҳаматнинг амалий ифодаси ҳисобланади. Қиймат эса ўлчов, баҳо маъноларини билдиради. Одатда, ҳимматнинг ўлчови, катта-кичиги, яхши-ёмони бўлмайди. Бу бир қарашда шундай! Аслида эса унинг ҳам ўзига хос ўлчови бор. Ҳиммат инсонийлик, олижаноблик, меҳр-муҳаббат, бағрикенглик каби улуғвор инсоний хислатлар тарозусида тортилади.
Шунинг учун ҳам муаллиф китобнинг кириш қисмида “Рисолага ном бериш борасида кўп ўйладим, ёру дўстларим билан маслаҳат қилдим, турли номлар тавсия қилишди. Барибир, шу номни қолдиришга қарор қилдим. Сабаби — ушбу рисолани ўқиганингизда буни тўлиқ англаб етсангиз керак, деб ўйлайман. Китобга бундай ном қўйишимнинг асосий сабаби Навоий бобомиздан олган илҳомларим бўлди. Мен олдинлари ҳам ул ҳазратимнинг кўп асарларини ўқиганман. Бу сафар эса яна синчковлик билан ўқишга ҳаракат қилдим. Ҳар сафар қайта-қайта ўқиганим сари асарларининг янги-янги қирралари очилаверди. Буюк бобомизнинг саховат, ҳиммат, карам, мурувват, марҳамат, қаноат, сабр, нафс каби инсоний хислатларга, айниқса, катта эътибор қаратганликларини теран англай бошладим. Агар изоҳли луғатларимизга қарасак, юқорида санаб ўтилган сўзларнинг маъно кўлами бир-бирига яқин. Уларнинг барчаси яхшилик қилиш, раҳм-шафқат, қўли очиқлик, ўзгалар манфаати йўлида ёрдамини аямаслик, меҳрибонлик, хайрли иш, эзгулик каби маънолари билан бир-бирларини тўлдирадилар. Шу сабабли ҳам бу китоб учун умумий ном сифатида ҳиммат сўзини танладим”.
Ҳақиқатан ҳам, ҳиммат инсоннинг қадр-қимматини, қалбини, ақл-идроки, бутун борлиғини намоён қилувчи улуғвор хислатлардан бири ҳисобланади. Шу сабабли ҳиммат тушунчаси асрлар оша қадрланиб келган. Халқимизнинг буюк мероси, инсониятнинг илк китобот санъати дурдонаси “Авесто”дан тортиб, адабиётимизнинг бугунги намуналарида ҳам ҳиммат улуғланган. Олийҳимматлилик халқимиз учун юксак қадрият даражасига кўтарилган. “Ҳимматнинг қиймати”да муаллиф айнан Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига кўпроқ эътиборни қаратади. Бу бежиз эмас. Зеро, саховат, ҳиммат бобида улуғ мутафаккир бобомиз бошқалардан кўра улуғворроқ сўзларни айтган. У “Маҳбуб ул-қулуб”да бундай деб ёзади: “Саховат инсоният боғининг серҳосил дарахти, балки у дарахтнинг фойдали мевасидир. Саховат одамийлик мулкининг мавж уриб турган денгизи, балки у сермавж денгизнинг бебаҳо гавҳаридир. Саховатсиз одам — баҳорнинг ёмғирсиз булутига ва ҳиди йўқ мушки анбарга ўхшайди… Саховат фақат ҳиммат аҳлида бўлади ва бу улуғ сифат покиза кишиларга хосдир. Одам бир бадан бўлса, ҳиммат унинг жонидир. Ҳимматлилардан олам аҳли учун юз минг шараф ва шукуҳ етишади. Ҳиммат эгаси қашшоқ бўлса ҳам тубанлик қилмайди. Ҳимматли кишиларнинг даражаси юксакдир, аммо сахийликнинг даражаси бир неча баробар юксакдир”.
Улуғ шоирнинг бу сўзларидан инсон том маънода карам ва саховат эгаси бўлмоғи керак, чин саховат ҳеч қачон ҳеч кимдан ҳеч нарса кутмаслик, таъма қилмасликдадир, деган маъно қилиб чиқади. Бошқачароқ айтганда, инсоннинг улуғлиги унинг ҳимматида билинади, ҳиммат эса миннатга айланмаслиги керак.
Алишер Навоий ҳар бир асарида инсонни улуғлар экан, уни ҳимматли, саховатпеша бўлишга ундайди:
Тухм ерга кириб, чечак бўлди,
Қурт жондин кечиб, ипак бўлди.
Лола тухмича ғайратинг йўқму?!
Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?!
Иброҳим Йўлдошев китобида Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Ҳайратул аброр” “Вақфия”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” асарларини таҳлил қилади. Улардаги саховат, карам, сахийлик, ҳиммат борасидаги мақолатларидан, ҳикоятларидан, бобларидан парчаларни китобхонлар эътиборига ҳавола этади.
Мутафаккир шоир нафақат асарларида инсонларни ана шу улуғ хислатлар эгаси бўлишга чақиради, балки ҳаётда унинг ўзи саховатпешалик, олийҳимматлилик, сахийлик бобида ибрат кўрсатган. Маълумки, улуғ шоир умри давомида Хуросон мулкида 1001 та иншоот тиклашни ва улардан бу ердаги халқлар фойдаланишини ният қилган. Шу мақсадда каналлар қаздирган, роботлар қурдирган, карвонсаройлар барпо эттирган. Фақат Ҳиротнинг ўзида бир неча мадрасалар, масжидлар, хонакоҳлар, шифохоналар тиклатган. Жами қурдирган иншоотлари сони салкам 500 тага етган. Бу иншоотлардан ҳамманинг тенг асосда фойдаланиши учун имкониятлар яратган. Қурдирган мадрасалари учун ўз ҳисобидаги ерларни вақф қилиб берган. Вақф пуллари мадрасалардаги мударрислар билан бирга талабаларга ҳам берилган. Шифохоналардаги табиблар учун маблағлар ҳам шоир хазинасидан тўланган. Ушбу маблағларни тўлаш тартиблари, ҳуқуқий асослари унинг “Вақфия” асарида яққол акс эттирилган. Саховатпешалик, ҳиммат борасида Алишер Навоий ўз даврининг пешқадамларидан бири бўлган. Булар хусусида ўша даврнинг етук муаррихларидан бири Хондамир ўз асарида муфассал маълумот берган. “Ҳимматнинг қиймати” муаллифи китобида Алишер Навоий шахсияти, шеърияти ҳақида сўз юритар экан, ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратган.
Шунингдек, китобда Абу Райҳон Беруний, Абдураҳмон Жомий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Хондамир каби улуғ шахсларнинг мурувват, карам, олижаноблик, олийҳимматлилик борасидаги фикрлари тадқиқ қилинади, уларнинг инсонийлик хислатлари улуғланади. Асарда айни пайтда академик Азизхон Қаюмов, Зарифа Саидносирова, Кибриё Қаҳҳорова, Мунирхон домулла, боғбон Аҳмаджон ака кабиларнинг саховат, карам, ҳиммат борасида амалга оширган ишлари эҳтиром билан эсланади.
Бугун давраларда саховатпешалик, олийҳимматлилик, меҳр-мурувват каби хусусиятлар ҳақида сўз борса, улар ўзининг аввалги оҳорини йўқотмоқда, деган фикрлар, мулоҳазалар қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Шундаймикан? Йўқ!
Саховат, олийҳимматлилик – аждодлардан мерос анъана. Бу қадрият, анъана бугун ҳам ҳаётимизда давом этмоқда. Эътибор беринг, юртимизда “Сардоба” сув омбори тошқини юз бериб, қанча одамлар уйсиз, жойсиз, бошпанасиз, маблағсиз қолди. Ана шу жараёнда нафақат давлатимиз, балки халқимиз ҳам сирдарёликларга ҳиммат қўлини чўзишди. Ёхуд 2020 йилнинг эрта баҳорида бошланган тождор вирус пандемияси бутун дунё аҳли каби халқимизни ҳам оғир синовдан ўтказди. Ана шу синовлар даврида давлатимиз билан бирга қанча олийҳиммат, саховатпеша инсонлар халқимизга яқиндан ёрдам беришди. Мамлакатимизда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати юзага келди. Булар ҳимматнинг гўзал намуналари эмасми?!
Демак, халқимиз бор экан, унинг ўзига хос қадрияти — саховатпешалик, олийҳимматлилик ва меҳр-мурувват ҳам яшайверади. Унинг қиймати эса янада юксалаверади. Янги китоб бизни, китобхонларни ҳаётда ана шундай олийҳимматлилик сабоқларидан хулоса чиқаришга ундайди.
Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист