ADOLAT 24

Олий Суднинг отилган раиси

Саъдулла Қосимов 1923 йилда суд бошқарув тизимида ислоҳотлар ўтказиш даврида кекса тажрибали қозилар билан бирга тергов-тафтиш ишларини олиб боради. У ислом ҳуқуқи ва замонавий ҳуқуқ тизимини чуқур таҳлил асосида ўрганади. Бу эса унинг кейинги фаолиятида катта мактаб бўлди. 

Саъдулла Қосимов 1923 йилдан Тошкент вилоят суди аъзоси, 1924 йил декабрдан вилоят суд раиси ўринбосари ва 1925 йил мартдан Тошкент вилоят суди раиси бўлди. У 25 ёшида 1925 йил декабрдан ЎзССР МИК Президиумининг қарори асосида ЎзССР Олий суди раиси бўлиб иш бошлайди. 

Саъдулла Қосимов ўта ғайратли инсон, ҳуқуқшунос сифатида ҳақиқий истеъдод соҳиби эди. 1925-1929 йиллар ЎзССР Олий суди раиси сифатида ҳали Самарқандда, ҳали Андижонда, ҳали Қашқадарёда, ҳали Бухорода бўлар, ҳар бир ишни диққат билан ўрганиб, ҳалол, адолатли ва холис ечимга келар эди. У виждон қонунини пролетар қонунлардан юз бор устун қўярди. Бу эса пролетар диктатураси қонунларига зид эди. 

1929 йил бошларида Саъдулла Қосимовни миллатчилик ва порахўрликда айблаб, “шикоят тушган” деган баҳона билан Марказ унинг меҳнат фаолияти устидан текшириш белгилайди. Шу мақсадда Москвадан Растопчин, Корнилов (ОГПУ)лар ҳамда маҳаллий вакил Аҳмадбек Мавлонбековдан иборат комиссия тузилади. Комиссия 1929 йил 3 март куни С.Қосимовни ўз вазифасидан расман озод қилиб, қамоққа олади. Уч ой давом этган текшириш ва терговларда бирорта айблов ўз исботини топмайди. Натижада Саъдулла Қосимов озодликка чиқиб, ҳатто ўз ишига тикланишга эришади. Комиссия Мос­квага бориши билан танқид­га учрайди. Улар учун ҳақиқат эмас, ҳар қандай ҳолатда ўзининг сиёсатига қарши чиққан С.Қосимов маҳв этилиши керак эди…

С.Қосимов ўша кунларни кейинроқ терговда қуйидагича эслайди: 

“Озодликка чиққанимдан хурсанд бўлиб, Тошкентга бордим. Мени кўргани дўстим, Германия­да олий маълумот олиб қайт­ган агроном Абдуваҳҳоб Муродий келди. Биз устозимиз Усмонхўжа Тўхтахўжаев билан учрашишни хоҳладик ва Усмонхўжа домла билан эртасига соат 10.00 Революция скверида учрашишга келишдик. Муродий мен билан уйимда қолди. Эртаси келишилган жойга бориб, у кишини кута бошладик. У киши келмади. Ғани Мусахонов келиб “у кишини қамашмоқчи экан, туман партия қўмитасидан одам келиб, унинг ишдан олинганини айтиб кетибди. Шунга келса, сизларга ҳам ёмонлиги тегиши мумкинлиги учун келмаслигини айтиб юборди”, деди. 

Биз ташвишландик. Муродий ана энди қама-қама бошланади, деб алам устида ўзининг тажриба станциясига йўл олди. Мен эски шаҳарга, устозимнинг уйига йўл олдим. У киши эса меникига йўлга чиққан экан. Биз трамвайда, йўлда учрашдик. Нимагадир аҳволимизни кўриб, кўзимга ёш келди. У киши ҳам ўзини босолмай йиғлаб юборди. Атроф­даги одамларнинг эътиборини тортмаслик учун Тарновбошидаги масжидга кирдик. Муродийнинг айтгани бўлди. Икки кун ўтиб Усмонхўжа Тўхтахўжаев қамоққа олинди. Кейин ҳаммани қайтадан қамашга киришдилар. Мени ҳам олиб келишди”. 

Шу тариқа қийноқ ва таҳқирли терговлар яна бошланади.

1930 йил 10 март куни С.Қосимовнинг айблов баённомаси СССР Олий суди прокуратурасининг муҳим ишлар бўйича терговчиси томонидан тузилди. Самарқандда очилган суд иши 1930 йил 25 мартдан 21 июнгача бўлиб ўтади. Уч ой давом этган бу суд инсоният тарихидаги энг манфур саҳна суди бўлди. Давлат қораловчиси Р.Катаняннинг ҳиссиётга тўла нутқларида ҳуқуқшуносликка оид лотинча терминлар қанчалик кўп бўлса, ҳақиқатдан, адолатдан, энг оддий инсонийликдан заррача нишон йўқ эди. 

Суд залида С.Қосимовни атайлаб таҳқирловчи сўзлар билан кесатишлар бўлди. У ҳақидаги мақолаларда С.Қосимовни шўролар мамлакатини ағдариб ташловчи кучга эга ҳақиқий халқ душмани, деб айюҳаннос солдилар. Саъдулла Қосимов асло ўзини йўқотмади. Тиз чўкмади. Минг марта талаб қилишса ҳам бир марта ҳеч кимдан кечирим сўрамади. Каруцкий суд залида “Мана, ўзини худди миллий қаҳрамон бургут қилиб тутаяпти, ҳеч нарса демайди”, деди. Шунда С.Қосимов тилга кириб, “уйимни тинтув қилишганида ҳамма қоғозларимни олиб кетишган эди. Қолганларини ҳам кўзимнинг олдида ёқиб ташлашдилар. Бугун менинг номимга айтилаётган бўҳтон ва ёлғонларни ҳужжатларимсиз қандай қилиб исботлайман. Тўғри, судда менга қанча бўҳтон айтишса ҳам индамадим. Хўш, нимани гапираман? Кимгадир мен ҳам туҳмат қилайинми? Виж­донсиз яшагандан мен учун пок виж­дон билан ўлим афзал”, дейди. 

Албатта, судда гарчи очиқлигига қарамай, керакли одамлар киритилмаса-да, С.Қосимов ўзини жуда яхши ҳимоя қилади. Ҳар замонда ёзма саволлар билан суднинг қанчалик тубан аҳволини фош қилиб турар эди. Қуйидаги С.Қосимов ва Р.Катаняннинг савол-жавоби совет судининг асл башарасини айнан ифодалайди. “Агар мен аксилинқилобчи бўлсам, буни менга исбот қилиб беринглар!” деса, қораловчи: “Сиз ўз хатти-ҳаракатларингизнинг оқибатлари қандай бўлишини олдиндан кўргансиз, сиз ўз фаолиятингиз билан совет ҳокимиятининг обрўйига путур етказаётганингизни олдиндан билгансиз. Шунинг ўзи бизга кифоя!”.

1930 йил 25 мартдан бошланган матбуотдаги шовқин 3 йилгача тиним билмади. Совет матбуотида “Қосимовчилар суди” жараёнининг тайёрланиши ва амалга оширилиши ҳақида пойга ташкил этилди. “Қизил Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Шарқ ҳақиқати”, “Янги Фарғона” газеталарида кенг миқёсда тинимсиз мақола ва хабарлар босилди. Биргина “Қизил Ўзбекистон” газетасида (1930 й., апрель-сентябрь) суд жараёни ҳақида 75 та мақола босилди. Албатта, бу мақолаларнинг номи қанчалик хилма хил бўлмасин, ичида зарра ҳақиқат йўқ, фақат халқнинг кўзини бўяш ва қўрқувда ушлаш учун ёзилган эди.

Судга раислик қилган СССР Олий суди судьяси Василев Южин Саъдулла Қосимовни қоралар экан, асосий айблари сифатида Андижонда бир эл оқсоқоли бўлган бойнинг ишини кўрганида халқ унинг ўлимини кутаётган бир вақтда бойга 6 йил қамоқ жазоси бергани, Убайдулла Хўжаевнинг яқин дўс­ти эканлиги, бир неча судда унга оқловчилик вазифасини топширганлиги, хатто суратни кўрсатиб, мана, унинг ёнида суюкли шогирд сифатида турибди каби заҳарханда гап­лар ҳамда қайнотасининг савдогарлиги, Эшонхўжа Хоний қози бўлганида унга катта ҳурмат кўрсатгани кабилардан нарига ўта олмади.

1931 йил 21 июнь куни СССР Олий суди номидан Саъдулла Рашидович Қосимов, Бадриддин Шарипов, Нас­риддин Олимов, Вячеслав Петрович Спиридоновлар олий жазога ҳукм қилинди. “Қизил Ўзбекистон” саҳифаларида катта ҳарфлар билан эълон қилинган С.Қосимов иши ҳақидаги сўнгги ҳукм барчани ларзага солди. Самарқандда мактаб болалари кўчаларга жамланишиб “Қосимовни отиш ҳукми тўхтатилсин” деб йиғлаб қичқиришар эди. Бу воқеадан сўнг миллий зиёлилар ҳам даҳшатга тушдилар. Улар энди “ГПУ хоҳлаган айбини ўйлаб топиб, хоҳлаган инсонни йўқ қилиб ташлайди. Яхшиси таълимни қўйиб, энг қора ишларга кирамиз. Шу йўл билангина жонимизни сақлаб қолишимиз мумкин экан”, деган хулосага келадилар. 

Албатта, Ўзбекистоннинг ҳукумат раҳбарлари, жумладан, Акмал Икромов ҳам болаликдан дўсти бўлган С.Қосимовни ташлаб қўя олмас эди. Бироқ осмон баланд, ер қаттиқ. У қосимовчилик билан боғлиқ нутқида бу ҳолни “ГПУ мустамлакачилиги” деб таърифлайди. А.Ик­ромов С.Қосимов иши билан боғлиқ жараёнга яқинлаштирилмади. Ҳатто судга ҳам ҳеч ким йўлатилмади. Улар бу ишни ўз билганларича тўқиб бичдилар.

Аслида “қосимовчилик иши” Сталиннинг А.Икромовга совғаси эди. Фикримизни асослаш учун Д.Ризаевнинг гувоҳлигидан келтириш мумкин: “Москвада, V қурултой асносида Ўзбекистоннинг доимий вакили Муҳиддин Турсунхўжаевни кўрган эдим. Унга “Халқ “Қосимов иши” учун А.Икромовдан норози, турли хил гаплар кўпайиб кет­япти, “Қосимов иши” энди нима бўлади”, дедим. Муҳиддин: “Тамом, у отилади. Мос­квада Саъдулланинг қариндоши Абдулҳай Тожиев ҳам бутунлай тамом бўлган, мурдадай бир аҳволда. А.Икромов ҳам кетиши мумкин. Ишларни Москванинг ўзи кузатиб, ташкиллаштириб турган бўлиши мумкин”, деди…” 

Хуллас, замонлар ўтди, қанча сувлар оқиб кетди. 

Ниҳоят адолат қарор топди: 2024 йил 6 май куни Олий суд томонидан реабилитация қилиниб, оқланган 198 қатағон қурбони рўйхатида Саъдулла Қосимов ҳам бор. 

Ўтказилган суд мажлисида С.Қосимовнинг набираси Ф.Саъдуллаев томонидан юқоридаги ҳукм устидан берилган кассация шикояти ҳам кўриб чиқилди. Натижада С.Қосимов ва бошқаларга нисбатан чиқарилган айблов ҳукми бекор қилиниб, уларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ҳамда жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли айбсиз деб топилди ва оқланди. 

Баҳром ИРЗAЕВ,

Қатағон қурбонлари хотираси 

давлат музейи бош илмий ходими

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕК ВА ТУРКМАН ХАЛҚЛАРИ ДЎСТЛИГИ ФЕСТИВАЛИ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

admin

“ЧИМИЛДИҚ”НИ дунё саҳнасига олиб чиққан тадбиркор

admin

Илм- маърифатга бешик бўлган юрт (Иккинчи мақола)

admin