ADOLAT 24

Дабдабалар қурбонига айланаётган орзулар

Сўх тумани Фарғона вилоятининг чегара ҳудудида, тоғ ён бағрида жойлашган. Туман аҳолиси асосан қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ортидан даромад топади. Бу ишларни, албатта, аёллар, қизлар бажаришади, десам ҳайрон бўлманг. 

Сўхга борган инсоннинг назари кўча-кўйларда салобат тортиб юрган марду майдон эркакларга камроқ тушиши табиий. Нега десангиз, бу ердаги давлат ишларида ишлайдиган 20-30 фоиз эркакларни айтмаса, асосан ёши улғайиб, куч-қувватдан қолган отахонлару, саломатлигида нуқсони бўлган эркакларгина оиласи бағрида яшайди. Қолган эркаклар аёлларининг орзу-ҳавасини амалга ошириш учун хорижга бориб, қурилиш майдонларида ишлашга мажбур. Қиз чиқариш, ўғил уйлантириш, хуллас, тўй, тўйдан кейинги дабдабалар шу қадар кўпки, эркак­лар тиним билмай ишлаганларида ҳам бу дабдабалар учун маблағ етказиб беришлари қийин. 

– Қизларимиз мактабни битирар-битирмас уйларимизга совчилар кела бошлайди, – дейди “Сариканда” МФЙ раиси Баҳодир Сафоев. – Ҳали она сути оғзидан кетмаган қизларни унаш­тириш маросими эса водийдаги 2 та тўйнинг харажатига тенг. Биргина унаштириш маросими учун ҳар бирининг килоси 80-100 минг сўмдан бўлган хориж шоколадидан 100 килограмм олишингиз шарт. Бу ўша куни 50 та патнисга нон ва бошқа маҳсулотларга қўшиб, тайёрлаб қўйилади ва келган меҳмон аёлларимизга тарқатилади.

Унаштирув бўлиши билан бўлажак қайнона-келин бозорга йўл оладилар. Бўлажак қайнона келин танлаган энг қимматбаҳо кўйлак­ларнинг ҳар бирини, нархи 100-200 доллар бўладими, сотиб олиб беришга мажбур. Бўлмаса тўй тўхтатилади, бу эса сўхлик­лар учун номус саналади. 

Юрагимни тирнаётган яна бир нарса шуки, ҳар икки томон бир-бирини оловга ташлагандек, кимошдиси “савдо”си бошланади. Куёв томон қиз томон учун янги қурилган 6-10 тагача хонани кўрсатади, шўрлик қизнинг отаси шу уйларни мебель-гиламлар, пардалар билан тўлдиришга мажбур. Тўйдан кейин эса тўлдирилган хоналарнинг атиги иккитаси келин-куёв учун ажратилади… 

Бугун тумандаги мебель дўконларига кирсангиз, тоифаларга ажратилган мебелларни кўрасиз. Сизни қайси маҳалладан келганингизга қараб, дўкон эгаси сизга мебелларни тавсия қилади. Аксарият хориж мебелларининг бозори чаққонроқ.

Маҳалла раиси бўлганим учун ҳар бир хонадонга кираман, оилавий шароитларини ўрганаман. Минг афсуски, вақти келса уйи­да қаттиқ нонни сувга ботириб еб ўтирган ота-оналар қизларига қимматбаҳо уй жиҳозлари қилишга мажбур, ҳатто энг сўнгги русумдаги идиш-товоқларгача… Бўлмаса кулгуга қолар эмиш, одамлар олдида юзи шувит бўлар эмиш…

Шўрлик оталар хорижда ишлаб пул топиб келгани етмаганидек, яна банкдан кредит оладилар, кредитни узиш, тўйдан кейинги дабдабалар учун яна ортига қайтишади. Яқинда бир маҳалладошимиз тўй қилдию, тўй харажатлари учун пул топиш масъулияти эзган ота оиласи бағрига қайтмоқчи бўлди, оила катталари эса рухсат беришмади. Охири ҳашамдор тўй учун пул топиш ҳаракатидан чарчаган эркакнинг уйига ўзи эмас, жасади келди.

Халқ депутатлари Сўх туман кенгашига долзарб масала сифатида тўй-маъракаларни енгилроқ ўтказиш таклифи ҳам киритилди. Афсуски, назорат қилинган чоғда ҳам одамлар ўғринча, беркитиқча йўллар билан ҳашамдорликни камайтиришмаяпти. Аёлларимизнинг маънавияти юксалмас экан, эркак­лар умри уларнинг орзу-ҳавасларини рўёбга чиқариш йўлида хазон бўлиб бораверади. Ахир қайси эркак оиласи бағрида, фарзандлари меҳрига тўйиб яшашни истамайди. Тўй қилиб, боши ғалвадан чиқмаётган, муаммолардан қочиб, хорижга кетиб, изсиз йўқолганлар ҳам йўқ эмас. Сўх туманида ота-онасининг орзусини амалга ошираман, деб ном-нишонсиз кетган йигитлар ҳам, афсуски, бор.

– Бир куни Сўхдан қўнғироқ бўлиб қолди, – дейди ҳамкасбим Саидахон Холматова. – “Яхши шифокор топмасак бўлмайди, қизим фарзандли бўлди-ю, аҳволи оғир. Ундан ажралиб қолишимиз ҳеч гап эмас”, деб йиғлади онахон. 

 Вилоят марказидаги яхши шифокорлар билан гаплашиб, янги кўзи ёриган келинчакни олиб келдик. Бутун жамоа келиннинг ҳаётини асраб қолиш билан овора. Келинчак шу қадар ҳолсизлигидан фарзанди ҳақида сўрашга ҳам қурби етмайди. 

Бир инсон ҳаёти қил устида турибди-ю, қуда томон келиннинг ҳолини сўраш ўрнига бешик тўйи билан боғлиқ олди-бердиларни келишиб олмоқчи. Йиғлаб юбордим. Наҳот, ўткинчи мол-дунё аёлларни шу қадар маънан қашшоқ қилиб юборса… Шўрлик оила қизларини оёққа қўйиш ҳақида ўйласинми ё дабдаба ҳақидами? Ўйласам ҳамон бутун вужудим аламдан титрайди. 

Бахт нима? Бахт оиланинг бутунлиги. Бахт эрта тонгда яқинларингнинг иссиқ тафтини ҳис қилиш. Меҳрли нигоҳига назар ташлаш. Бир дастурхон атрофида самимий суҳбат қуриб, таом емоқлик. Асли яқинларнинг азобу уқубати эвазига топилган давлат, қиммат либослар, шоҳона мебеллар, дабдабали уйлар инсонга хотиржамлик беролмас экан, бахт беролмас экан, ундан сизу биз учун нима наф?! 

Энг ачинарлиси, сўхлик қизлар олий таълим даргоҳларида таҳсил олиш имкониятидан маҳрум. Ота-она­лар ўғилларини олий ўқув юртларида ўқитишса ҳам, қизларини ўқитишни асло исташмайди. Агар қиз фарзандларини ҳам ўқитсалар, қизларнинг дунё­қарашлари бир қадар ўзгарармиди? Узоққа бормайлик, Фарғона шаҳридаги тенгдошлари ҳаёти, турмуш тарзларини ўргансалар, бу каби дабдабаларга барҳам берилармиди? Ахир инсоннинг бахти фақат мол-дунё билан эмас-ку.

Ҳали мактабни тугатмай унаштириб қўйишлар, қариндош-уруғчилик никоҳларининг кўплиги ногирон фарзанд­лар туғилиши ортишига сабаб бўлаётганлигини ҳам, қанчалик аччиқ бўлмасин, айтишимиз керак. 

Дабдабали ҳаёт ортида кимлардир чет элларда яқинлари меҳридан бенасиб хор-сарсон. Ёки баридан безиган эркаклар 2-3 нафар норасида гўдаги билан аёлини ёлғиз қолдириб, чет элларда бошқа аёлга уйланиб олишган. Руҳий изтироб, аламлар ва армонлар бизнинг оддийгина, камтарона ширин бахтимиздан шу қадар азизмикан? Келинг, шу ҳақда очиқ гаплашайлик…  

 Гулчеҳра Аҳмедова,

Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

ИЛМ-ФАН ОЛАМИНИНГ БУЮК КАШШОФИ (Биринчи мақола)

admin

Давр ташаббускорликни талаб қилмоқда

admin

ТЕКИН ДЕГАНИ ҚАДРИ ЙЎҚ ДЕГАНИМИ?

admin