ADOLAT 24

Адвокатнинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади

Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривож­лантириш ҳамда демократик ҳуқуқий давлат қуриш билан боғлиқ ўзгаришларни қамраб олган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида бевосита халқнинг тўғридан-тўғри овоз бериши йўли билан қабул қилинди.

Конституциямизнинг биринчи моддасига назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги мустаҳкамлаб қўйилганлигининг гувоҳи бўламиз. Демак, Конституциямизда ҳуқуқий давлат принципини рўёбга чиқаришга қаратилган конституциявий кафолатлар ҳам белгилаб қўйилди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланди, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ янги қоидалар мустаҳкамланди.

Айниқса, одил судловнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланган, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашнинг самарали институтларидан бири бўлган адвокатуранинг роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган адвокатурага оид алоҳида боб ҳам киритилди.

Ушбу бобдаги моддаларда жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатиши, адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланиши тўғрисидаги янги норма мустаҳкамланди. Бу билан адвокатура институтининг мақоми Конс­титуция даражасида мустаҳкамланиб, барчага малакали юридик ёрдам кафолатлаб қўйилди. Чунки малакали юридик ёрдам тегишли малака ва лицензияга эга адвокатлар томонидангина амалга оширилиши мумкин.

Мазкур норма билан адвокатлар касбий мустақиллигининг асосий кафолати ҳисобланган адвокатура фаолиятининг асосий принциплари, яъни адвокатурага оид барча масалалар бевосита адвокатлар томонидан ҳал этилишини назарда тутувчи ўзини ўзи бошқариш принципи белгилаб қўйилди.

Эндиликда, адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан монеликсиз ва холи учрашиш, маслаҳат бериш учун шарт-шароитлар таъминланади. Адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади ва қонун билан муҳофаза қилинади.

Мазкур нормалар адвокатнинг шахсий дахлсизлигини кафолатлаш ҳамда адвокат фаолиятига нисбатан ноқонуний аралашишни тақиқлаш орқали унинг касбий фаолияти эркинлигини таъминлашга хизмат қилади.

Умуман олганда, давлатимизда фуқароларнинг малакали юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг яққол исботини Конституциямизнинг 29-моддасидаги жиноят процессида адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлашга қаратилган ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақидаги норманинг мус­таҳкамланганлигида кўриш мумкин.

Бу эса шахснинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлайди. Шунингдек, мазкур модда билан қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши мумкинлиги ҳам белгиланди. Бу билан адвокат хизматидан фойдаланиш истагида бўлган шахсда моддий имконияти бўлмаса, давлат ҳисобидан ҳимояланиш ҳуқуқи таъминланиши кафолатлаб қўйилди.

Конституциямизга киритилган ушбу нормалар адвокатуранинг жамиятдаги ўрни ва роли ҳамда нуфузини оширишга, одил судловни таъминлашда тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлиги принципини мус­таҳкамлашга, суд ва тергов жараёнларида адвокатлар ваколатларини тўлақонли амалга ошириш самараси ўлароқ фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Tegishli xabarlar

Халқ манфаатлари асосий мақсад

admin

Сохта БЛОГЕР товламачилик қилаётганда ушланди  

admin

Тоҳир САИДОВ: “Актёр томошабиндан олдинда юриши лозим”

admin