ADOLAT 24

Ноёб иқтидор эгаси Шоҳруҳ Суюнов: “Уддалаб бўлмасдек туюлган ишларни бажаришни ёқтираман”

Тасвирий санъат муҳим аҳамиятга эга бўлган, башариятга маънавий озуқа берувчи санъат йўналишларидан ҳисобланади. Инсон қалбини гўзаллаштириш, яратувчанликка илҳомлантириш унинг асосий вазифасидир. Энг эътиборлиси, бу соҳада фақатгина иқтидори борларгина меҳнат қилиши мумкин. Рассомчиликнинг ўзига хос машаққатлари, қийинчиликларига чидаш осон эмас. Шу сабабданми, одамлар орасида: “Рассомнинг нон топиши қийин”, деган фикр бор. Бироқ, бугун сафимизда изланиши ва ҳаракати тенгдош­ларига ўрнак бўла оладиган, соҳада фаолият юритиб, улкан зафарларни қўлга киритаётган ёшларимиз ҳам анчагина. Тасаввур қилинг, улардан бири ҳам икки қўли, ҳам икки оёғида расм чиза оладиган профессионал рассом бўлса-чи?! Ҳа, ҳа, янг­лишмадингиз. Бир вақтнинг ўзида ҳам икки қўли, ҳам икки оёғида расм чиза олади!

Рукнимизнинг навбатдаги сонида ана шундай ноёб иқтидор эгаси, нуроталик Шоҳруҳ Суюнов билан унинг ўзига хос иш фаолияти, эришган ютуқлари ва бугунги кунда санъатнинг инсонлар ҳаётида тутган ўрни ҳақида суҳбатлашдик. 

– Шоҳруҳ, келинг, даставвал ўзингиз ҳақингизда газетхонларимизга қисқача маълумот берсангиз. 

– 1998 йилнинг 20 июлида Навоий вилояти, Нурота туманидаги “Янгибино” қишлоғида туғилганман. Ҳозирда кириб келаётган замонавий рассомчилик услубларидан “Street art”, “Grafitti” ҳамда “Popart” йўналишларида ижод қиламан. Бундан ташқари, бўш вақтларимда ноода­тий услубларда портретлар чизиш билан шуғулланаман. Айни дамда замонавий рассомчилик билимларига қизиқувчи ёшлар учун билим бериш мақсадида очилган “Suyunov art studio” ўқув маркази асосчиси ва раҳбариман.

– Албатта, сиздаги ноёб иқтидор кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлмоқда. Бу туғма қобилиятми ёки… 

– Қўл ва оёқларимда бир пайтнинг ўзида расм чизиш учун алоҳида тайёргарлик кўрмаганман ва буни қила олишимни бажариб кўрганимдагина билдим. Бу туғма қобилият эмас. Ўзим ўнг қўлда расм чизаман, лекин кубик-рубикни чап қўлимда зўр йиғардим. Шунда менда бир пайтнинг ўзида ўнг қўлда расм чизиб, чап қўлда кубик-рубик йиғиш ғояси пайдо бўлди. Бунинг уддасидан чиқдим. Кубикни асосан доимий чап қўлимдан туширмай йиғиб юрганим боис, эътибор бермаган ҳолда икки нуқтага, яъни ҳам расмга, ҳам кубикка бор эътиборимни қаратиш, шу орқали қобилиятимни шакл­лантиришга ҳаракат қилдим. Кубик йиғиш билан шуғулланган инсонларда бармоқ моторикаси мия билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ривожланади, бу эса диққатини жамлашда самарали усуллардан бири. Шу нарсани рассомчилик билан бирлаштирдим. Лекин бу жараён­ни оёқ ва қўлда бир пайтда бажариш осон иш эмас. Шунинг учун буни ҳамма ҳам қила олмайди. Бармоқ моторикалари тез ишлаши, бой тасаввур, чизиш маҳорати яхши бўлган одамгина буни қила олади. Аммо энг қийини, буни параллел равишда амалга ошишидир. Қизиқишим устида профессионал шуғулланишга ҳаракат қилганим ва севимли ишим билан уни бирлаштира олганим сабаб бу жараён менда осонроқ кечди, назаримда. 

– Иқтидорингизни намоён этиш ва қўллаб-қувватлашда, машҳур бўлишингизда кимларнинг ҳиссаси бор?

– Ўзимни машҳур дейиш фик­ридан узоқман. Менимча, инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топиши ортида унинг ота-онаси, яқинлари туради. Айтмоқчи бўлганим, барча муваффақиятларим замирида ота-онам дуолари ётибди. Ҳар доим бирор ишни бошлашимдан олдин ота-онам ва бобожон-бувижонимдан дуо оламан. Яқинларим доимо мени тушунгани, қўллаб-қувватлагани учун касбим доирасидаги ҳар қандай ишга иккиланмасдан қўл ураман. Шукрки, деярли ҳамма ишим ўзим кутганимдан ҳам аъло натижалар билан якунланади. Худдики, дарахт экиб, ҳосил юқори бўлишида унумдор тупроқ, етарли оби-ҳаёт, деҳқон меҳри ва эътибори зарур бўлганидек, инсоннинг керакли ва кутилган маррани забт этишида ҳам яқинларнинг кўмаги зарур. Ўзимни бошқалардан кўра қобилиятли инсон, деб ҳисобламайман. Шунчаки менинг дуогўйларим кўп. 

– Бир вақтнинг ўзида 5 хил асарда, 5 хил ҳис-туйғуни акс эттириш қийин эмасми? 

– Ноодатий услубда ижод қилиб, инсонларни ҳайрон қолдиришни ёқтираман. Шу мақсадда икки қўлда бир пайтда 3 та портрет чиздим. Сўнгра битта қўлда 3 та порт­рет, қолаверса, яна ҳам уддалаб бўлмасдек туюлган ишни амалга ошириш учун икки қўл ва икки оёғимда бир пайтнинг ўзида 4 та инсон порт­ретини чиздим. Ижодим жуда кўп­лаб инсонларни ҳайрон қолдира олди ва кейин бир пайт­­да икки қўлда 3 та ва оёқларимда 2 та портретни чизиб, жами 5 та инсон қиёфасини акс эттирдим. Бу нарсаларни уддалаш, албатта, қийин. Лекин мен уддалаб бўлмасдек туюлган ишларни бажаришни ёқтираман. Доимо шу сўзларни такрорлаб юраман: «Кимдир бир ишни қилдими, демак, уни сен ҳам қила оласан. Агар ҳеч ким қилмаган бўлса, демак, сен уни бажаришинг шарт!» 

– Профессионал рассом сифатида “Россия-1” телеканалидаги “Ажойиб одамлар” (“Удивителние люди”) кўрсатувида иштирок этиб, ҳакамлар ҳайъати эъти­рофига сазовор бўлдингиз. Жараёнлар қандай бўлди?

– Қўл ва оёқларимда бир пайтнинг ўзида расм чизишим кўпчиликнинг назарига тушишимга сабабчи бўлди. “Россия-1” телеканали кўрсатувига таклиф қилишди. “Ажойиб одамлар” шоуси иштирокчилари ўзларининг ғайриоддий истеъдодлари билан томошабинларни ҳайратда қолдиради. Кўпинча иштирокчиларнинг саҳнада кўрсатадиган иқтидори инсон имкониятлари ҳақидаги одатий ғояларга мос келмайди. Дастур стереотипларни бузади ва илгари имконсиз бўлиб туюлган нарса истеъдодлар ёрдамида ҳақиқатга айланади. Шунинг учун лойиҳа Россияда жуда машҳур ва севимли, ўзининг кенг аудиториясига эга. Бизда ҳам бу кўрсатувни севиб томоша қиладиганлар анчагина. Кўрсатувга таклиф қилинишим эса болалик даврларимга бевосита алоқадор бўлди, гўё. Ёшлигимда дадажоним билан телевизорда шу кўрсатувни кўриб ўтирганимизда, дадамга: “Бир кун мени шу жойда кўрасиз”, деб ваъда бергандим. Жорий йилнинг 14 февралида “Ажойиб одамлар” телелойиҳасида қатнашиб, ваъдамнинг устидан чиқдим. Ёшлигимдан кўриб, орзу қилган жойимда турганим, хурсандчилик ва ҳаяжоннинг бири-биридан устун келишини сўз билан таърифлаш жуда қийин. Улар менга жуда мураккаб вазифа беришди. Сабаби, мен устахонамда қўл ва оёқларимда расм чизганимда 2 соат вақт кетган ва ундан сўнг бошқа шуғулланмаганман. Аммо улар менга 20 дақиқада шу ишни бажаришимни айтишди. Тўғри, бу ўзимга ҳам уддалаб бўлмасдек туюлди, аммо ортимда оилам ва Ватаним шаъни турганини ҳисобга олган ҳолда ҳаяжонимни босиб, имкон борича тезроқ амалга ошириш ҳақида ўйладим. Буни қарангки, вазифани 15 дақиқада уддаладим. Ўша пайтда ота-онам ва яқинларим дуолари қанчалик менга куч бағиш­лашини яна бир бор ҳис қилдим. 

– Ижод аҳли учун қайсидир маънода илҳомнинг, замонавий тилда айтганда, мотивациянинг қадри юксак ва ўрни ниҳоятда муҳим. Шоҳруҳ Суюнов нимадан илҳом олади? 

– Бир машҳур мотиватор бугуннинг одамида мотивация билан боғлиқ битта катта муаммо бор – у ташқи мотивацияга муштоқ. Ҳар қандай натижа, одамларнинг олқиши, эътирофи учун ҳаракат қилиш ташқи мотивацияга, қўпол қилиб айтганда, қарам бўлишнинг асосий сабаби эканини таъкидлабди. Шунингдек, ташқи мотивация — хавфли, у онг­ли қарор қилишга йўл қўймайди. Бунинг устига, жуда тез сўниши мумкин ва чалама-чакки бўлса-да, натижага эришиб қолишга ундайди, дебди. 

Лекин мен учун ташқи мотивация ҳам, ички мотивация ҳам бирдек муҳим. Асосан ота-онам сўзлари ва атроф муҳитдаги ҳар бир гўзалликдан илҳом олишга ҳаракат қиламан. Илҳом келишини кутиб ўтириш нотўғри, деб биламан. Чунки хоҳламасангиз ҳам бир ижодни бошлаб ҳаракат қилсангиз, қилаётган ишингиз жараёнида севимли ишингизга қандай шўнғиб кетганингизни билмай қоласиз. Илҳом ўз-ўзидан пайдо бўлади, ҳар ҳолда менда шунақа. Шунинг учун илҳомни кутиб ўтирмасдан, мунтазам интизомли ҳаракатда бўлсангиз, илҳом ҳамиша ҳамроҳингиз бўлади. 

– Рассомчилик билан тирикчилик қилиб бўлмайди, дейдиганларга муносабатингиз қандай?

– Мен ўзимнинг шахсий ҳаётим ва шу пайтгача кўплаб рассом устоз­ларни кузатиб шуни англадимки, ҳар бир касбнинг моҳир устаси бўлсангизгина молиявий муаммолар ўз-ўзи­дан йўқолар экан. Яъни, севган ишингиз ортидан, албатта, сиз кутганингиз ва ўйлаганингиздан-да кўп даромад қилишингиз учун ўша ишни уддалай оладиган ягона инсон бўлишингиз зарур. Касбингиз рассомликми ёки бошқа ҳар қандай касб бўлишидан қатъи назар, етарли даромад қилса бўлади. 

Қаҳрамонимиз билан суҳбатлашар эканмиз, бугун юртимизда ёшларнинг истеъдодларини юзага чиқариш, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишига бўлган интилишларига қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик бежиз эмаслигини англадик. Халқимиз довруғини дунёга ёяётган ёшларимиз сафида Шоҳруҳ Суюновдек истеъдодлилар мўллигини кўриб, ғурур, ифтихор туйғусини ҳис қилдик. Ҳақиқатан ҳам, Янги Ўзбекистон ёшлари ўз фикрига эга, ташаббускор ва интилувчан. Биргина қаҳрамонимизнинг севимли ҳунари – рассомчиликдан топаётган обрў-эътибор, эътироф эса ҳаракат қилган, изланган ёшлар эътибордан четда қолмаслигини билдиради. Демак, имкониятлар эшиги барча учун очиқ, фақатгина биз, ёшларда ҳаракат ва хоҳиш бўлса бас… 

Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

ИНСОН ЎЗИНГ…

admin

“Тадбиркор” + радар = жарима, жарима, ЖАРИМА… Ёхуд “ойнадан ўпкалаётганлар” кимлар?

admin

МУСТАҚИЛЛИК — орзуларимиз рўёби

admin