ADOLAT 24

Аралаш сайлов тизими: у бизга нима беради?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Рес­публикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Сайлов кодексига ҳамда 7 та қонунига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор янги нормалар киритиш таклиф этилмоқда. 

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини сайлашда мажоритар ва пропорционал сайловларнинг айрим элементларидан иборат аралаш сайлов тизимини жорий этиш кўзда тутилмоқда. 

Назарий жиҳатдан олиб қараганда, мажоритар сайлов тизими номзоднинг нисбий ёки мутлақ кўпчилик овозларни олиши билан тавсифланса, пропорционал сайлов тизими берилган овозларнинг амалдаги мандатлар cонига нисбатан пропорционал равишда тақсимланишини англатади. Аралаш сайлов тизимида эса ҳам пропорционал, ҳам мажоритар сайлов тизимининг ўзаро комбинациясидан фойдаланилади. 

Қонун лойиҳасида Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутатини амалдаги мажоритар сайлов тизими асосида, яъни бир мандатли сайлов округларида, қолган 75 нафарини эса пропорционал сайлов тизими асосида, яъни партиявий рўйхат асосида ягона сайлов округида сайлаш таклиф этилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, аралаш сайлов тизими бугунги кунга қадар дунёнинг ўнлаб мамлакатлари тажрибасида синовдан ўтган бўлиб, ўша давлатларнинг социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланишига хизмат қилмоқда ва амалда ўз самарадорлигини ҳар жиҳатдан намоён этмоқда. 

Албатта, дунёдаги бирор бир мамлакатда идеал сайлов тизими мавжуд эмас. Бинобарин, пропорционал сайлов тизими ҳам ўзининг қатор прогрессив жиҳатлари билан бирга айрим камчиликларга ҳам эгадир. 

Масалан, ушбу тизимни жорий этган айрим хорижий мамлакатлар амалиётида партиявий рўй­хатни шакл­лантиришда кор­рупция ва таниш-билишчиликка йўл қўйиш ҳолатларини учратиш мумкин. 

Бироқ, агар партиявий рўйхатни шакллантириш жараёни қаттиқ назорат остида, ҳаққоний ва холисона амалга ошириладиган бўлса, бу каби салбий ҳолатларнинг олди олинади ва охир-оқибат бундан бутун жамият наф кўради. 

Мамлакатимизда эса аралаш сайлов тизими илк бор жорий этилмоқда. Агар мажоритар сайловда сайловчи конкрет шахсга овоз берса, пропорционал сайловда у ўзи маъқул деб топган сиёсий партияга овоз беради. Бу эса, ўз-ўзидан сиёсий партия­ларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширади. Зеро, пропорционал сайлов тизими сиёсий партиялар ўртасида ўзаро рақобатни кучайтириб, сиёсий ҳаётда фикрлар плюрализмининг ривожланишига туртки беради.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланди ва у умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Баҳс-мунозаралар қизғин давом этмоқда.

Қодир Жўраев, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари

Tegishli xabarlar

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳаси муҳокамада: Ҳар бир таклиф эътиборга олинади

admin

Ҳуқуқий, ижтимоий давлат қуриш йўлидаги муҳим қадам

admin

Қонундаги «тушунарсиз» модда у қандай мақсадда киритилган?

admin